Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари бутун башариятга юксак ўрнак ва олий намунадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни янада зиёда қилиш мақсадида, “Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом таълим муассасасида “Икки олам сарварисиз ё расулуллоҳ (с.а.в.)” шиори остидаги Росули Акрам соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни таълим муассасаси мудири М.Насриев сийрат борасидаги баъзи маълумотлар ва келажакда талабаларнинг илмий салоҳиятларини ошириш ҳақидаги таклифлари билан очиб бердилар.

Тадбирда таълим муассасасининг 3-курс талабалари 4 та шарт бўйича, сийрат ва ислом тарихига оид билимларини мусобақа тарзида йиғилганларга намойиш қилишди. Шартлар қуйидагилардан иборат бўлди:
- Савол-жавоб.
- Саловот.
- Тезкор савол жавоб.
- Саҳна кўриниши.
Саволларнинг мураккаблигига қарамай талабалар деярли барча саволларга тўғри жавоб бердилар. Кейинги шарт саловот айтиш шартида гуруҳлар томонидан бир биридан гўзал саловотлар ижро этилди.
Шартлар орасидаги танаффусдан унумли фойдаланган ташкилотчилар, томошабинлар ўртасида ҳам сийрат билан боғлиқ бир-биридан қизиқ ва манфаатли савол жавобларни ташкил қилишиб, тўғри жавоб берганларга эсдалик совғалар тақдим этишди.


Мусобақани бевосита кузатган одам унинг қанчалик юқори савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Мусобақадан кўзланган мақсад нафақат талабаларнинг билимларини ошириш, балки бу ерда айтилаётган ҳар бир маълумотни ҳаётларига татбиқ қилиш, олинган маълумотларни бошқаларга ҳам етказиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатни ҳис қилиш ва У зотга мос уммат бўлиш каби юксак мақсадлар кўзланган эди ва бу мақсадларга эришилди.


Сийрат мусобақаларининг энг кулминацион нуқтаси ҳисобланган 4-шарт, яъни гуруҳ вакиллари ислом тарихига оид ўзлари мустақил таёрлаган саҳна кўринишларини ижро этиб беришди. Ҳар йилги талабалар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари ижтимоий тармоқларда юз минг марталаб кўрилади. Талабалар ўз саҳна кўринишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг ҳаётларидан бир парча ёки Расулуллоҳдан кейинги мусулмонларнинг У зотга бўлган муҳаббатларини акс эттиришга ҳаракат қилдилар ва буни юқори даражада намойиш қилдилар.

Тадбир сўнгида барча иштирокчи талабалар ташкилотчилар томонидан қимматли совғалар билан тақдирландилар ва таълим муассасаси мударриси Т.Каримов ўқитувчиларнинг дин йўлидаги хизматларига ривож ва талабаларнинг илмлари янада зиёда бўлишини сўраб дуои хайрлар билан тадбирни якунлаб бердилар.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






