Ислом динида ибодатлар ичида энг афзали бу намоздир. Бу динга эьтиқод қилган ҳар бир мусулмон намозни тўла-тўкис адо этиши шарт. Ҳозирги кунда диёримизда муқаддас Ислом динимизга катта эьтибор берилиб, ушбу ибодатни мукаммал адо этиш учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Намозни жамоат билан ўқиш учун эски масжидлар таъмирланиб, янги масжидлар барпо этиляпти. Масжидларнинг зийнати ундаги жамоатнинг кўп бўлиши билан бўлади. Жамоат намози ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Хусусан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзалдир»(муттафақун алайҳи). Мазкур ҳадисда жамоат намозининг фазилати ҳақида айтиб ўтилди. Набий алайҳиссалом ҳар доим саҳобаларни жамоат намозига тарғиб қилганлар. Шунга кўра, жамоат намозида қанчадан-қанча хайрият ва савоблар борлиги билинади. Мана шу хайриятларга эришиш учун барча мўмин-мусулмонлар бир-бирларини жамоат намозига чақириб, масжидда биргаликда фарз намозларини тўла-тўкис адо этишлари лозим. Шу билан бирга, намоз сўнгида жамоат билан дуода шерик бўлиб, Аллоҳдан энг яхши ниятларни амалга ошишини сўраб дуо қилишлари нур устига аъло нурдир. Бошқа бир ҳадиси шарифда жамоат намози ҳақида батафсил баён этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози бозорда ва уйда ўқиган намозидан йигирма бир неча баробар зиёдадир. У шундай бўладики, бир киши таҳорат қилиб, уни чиройли адо этса, сўнг масжидга келса, ана шу келиши фақат намоз учунгина бўлса ҳамда намозгина уни жойидан тургизса, то масжидга боргунича ҳар бир босган қадами учун бир даража берилиб, ҳатоси ўчирилади. Қачон масжидга кириб, у ерда намоз сабабли қолса, намоз ўқиганидек савобга эришади. Сизлардан бирингиз намоз ўқиган ерида ўтириб қолиб, ўша ердаги бирор инсонга озор бермаса ҳамда таҳоратли бўлса, фаришталар унинг ҳаққига:» Аллоҳим унга раҳм қил. Аллоҳим унинг гуноҳларини кечир. Аллоҳим бу банданинг тавбасини қабул эт»-деб дуо қилишади», деб айтдилар (Муттафақун алайҳи). Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар жуда ҳам кўп. Буларни бирма-бир айтадиган бўлсак, гапимиз чўзилиб кетади. Шу сабабли, фақатгина жамоат намозининг даражаси олий экани ҳамда кўплаб фазилатлари борлигини билишимизнинг ўзи кифоя қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг жамоатда барака бор деган мазмундаги гаплари мўмин-мусулмонларнинг ҳаёти давомида ўз исботини топган. Оҳирги пайтларда юртимиз масжидлари ихлосли намозхонлар билан тўлиб тошмоқда. Бу эса ҳар биримизни ҳурсанд қилишига шак-шубҳа йўқ. Мана шундай кенгчилик ва шод-у ҳуррамлик пайтида Аллоҳ таолодан тинчлигимизни мустаҳкам қилиши ҳамда ҳалқимизни бундан ҳам фаровон қилишини дуо қилиб сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни жамоат намозини тўлиқ адо этишимизга ёрдам берсин! Омин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти 3-курс талабаси Акромов Фозилхон