Имом Ҳафс роҳматуллоҳи алайҳ 90-ҳижрий санада Куфада таваллуд топганлар.
Тўлиқ исмлари Ҳафс ибн Сулаймон ибн Абу Довуд ал-Асадий ал-Куфий ал-Баззоз бўлиб, халқ орасида Ҳуфайс номи билан машҳур эдилар.
Қироат имомларидан Имом Осим роҳматуллоҳи алайнинг шогирди ва унинг ўгай ўғли бўлганлар. У киши қироатни устозидан ҳам арз, ҳам талқин (яъни ҳам эшитиб, ҳам ўқиб бериб) йўли билан олиб, бу илмни пухта эгаллаган, ўта зеҳнли киши эдилар.
Имом Ҳафс ниҳоятда тақводор, илмга интилувчан киши бўлганлар. У зот ўз даврининг илм аҳли томонидан мақтовга сазовор бўлган ва Қуръон қироатини ривоят қилишда энг ишончли ровийлардан бири ҳисобланган. Жумладан, Имоми Шотибий у кишини шундай деб мақтайди: “Ҳақиқатда, Ҳафс қироатининг пухталиги билан ажралиб турарди.”

Ҳафс қироати эл орасида шу қадар машҳур бўлдики, ҳатто қироат имомлари ҳам у зотнинг қироатини ҳеч иккиланмай қабул қилдилар. Чунки у киши Имом Осим роҳматуллоҳи алайҳнинг уйида тарбия топиб, мудом у зот билан бирга бўлди ва Имом Осим роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ичида энг билимдонига айланди. Яҳё ибн Муъин айтади: «Осимдан ривоят қилинган ривоятларнинг ичида энг саҳиҳи, бу Абу Умар Ҳафс ибн Сулаймон қилган ривоятдир».
Устозларининг вафотидан кейин Имом Ҳафс узоқ вақтгача одамларга қироатдан дарс бердилар. У кишидан қироатни жуда кўплаб одамлар ривоят қилишди. Ҳусайн ибн Муҳаммад Марвазий, Амр ибн Сабоҳ, Убайд ибн Сабоҳ, Фазл ибн Анборий, Абу Шуайб ал-Қаввос каби кишилар шулар жумласидандир.
Имоми Ҳафс Қуръонни Имом Осимдан, Имом Осим эса, Абу Абдурраҳмон Суламий орқали Алий розияллоҳу анҳудан, Алий карромаллоҳу важҳаҳу эса бевосита Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олиб ривоят қилганлар.
Ҳафс роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бир куни устозимга: “Менинг қироатим Абу Бакр Шуъбанинг қироатидан фарк қилаяпти-ку, деганимда, у киши: “Мен сенга Абу Абдурраҳмон Ас-Суламийнинг Алийдан олган қироатини, Шуъбага эса Зирр ибн Ҳубайшнинг Абдуллоҳ бин Масъуддан олган қироатини ўргатдим»-дедилар.
Шундай қилиб, Имом Осим қироатининг машҳур ровийларидан бўлмиш Имом Ҳафс устози орқали Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга боғланган. Иккинчи ровий Имом Шуъба эса, ривоятда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга уланган.
Имом Ҳафс ибн Сулаймон ҳижрий 180-йил (тахминан милодий 796-йил)да вафот этганлар.
Имом Ҳафснинг Қуръон қироати борасидаги ривояти мусулмон дунёсида энг кўп қўлланилаётган қироат бўлиб, ҳозирги вақтда нашр этилаётган Қуръон нусхаларининг аксарияти айнан у кишининг ривояти асосида чоп этилмоқда
Бу ривоятнинг машҳурлиги Имом Ҳафснинг илмий макон ичидаги ўрни ва қироатнинг осон ҳамда аниқлиги билан боғлиқ.
Имом Ҳафснинг Имом Осимдан олган қироат ривояти бугунги кунда мусулмон дунёсининг катта қисми, айниқса, Жанубий ва Марказий Осиё (Туркистон), Европа ва бошқа ҳудудларда кенг қўлланилади. Имом Ҳафснинг Қуръон ривояти юртимиз Ўзбекистонда ҳам ўзининг чуқур тарихий илдизларига эга.
Абдулбосит қори Абдуллаев, «Кўкалдош» ЎМИБЮ мударриси






