SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Бир ҳадис шарҳи (18-ҳадис)
24.02.2024 / Bo‘limda Hadis, Maqolalar

Бир ҳадис шарҳи (18-ҳадис)

Ушбу ҳадисни Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-Арбаъунан Нававийя” китобида ўн саккизинчи рақам билан келтирган.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ : « اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا ، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ » رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ : حَدِيْثٌ حَسَنٌ وَفِي بَعْضِ النُّسَخِ : حَسَنٌ صَحِيْحٌ.

Абу Зар Жундуб ибн Жунода ва Абу Абдурроҳман Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил ва гуноҳнинг ортидан уни ўчирадиган яхшиликни эргаштир ва инсонларга гўзал хулқ билан муомала қил”, дедилар. Термизий ривоят қилган ва у киши: “Бу ҳасан ҳадис”, деб айтган. Баъзи нусхаларда: “Бу ҳасан саҳиҳ”, дейилган.

Ҳадис ровийлари ҳақида: Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу исломда тўртинчи бўлиб иймон келтирган. Бу ҳақида шу саҳобанинг ўзидан ривоят қилинган. У киши исломга кириб, сўнгра ўз қавмига қайтиб борган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Мадинага ҳижрат қилган[1].

Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зар розияллоҳу анҳу ҳақида кўп яхши гапларни айтганлар. Шулардан бири қуйидаги ривоятдир:

Абу Ҳарб Дайлийдан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан эшитдим. У киши шундай деди: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Зардан кўра тили ростгўйроқ бўлган бирор кишига осмон соя солмаган ва ер уни кўтармаган”, дедилар.Имом Аҳмад ривоят қилган[2].

Бу саҳоба жуда зоҳид, дунёни тарк қилган зот бўлган. У киши 281 та ҳадис ривоят қилган ва 32- ҳижрий йили Робаза деган жойда вафот этган. Жанозасини Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўқиган[3].

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ансорий бўлиб, ўн саккиз ёшида исломга кирган. У киши Ақаба байъатида иштирок этган. Бадр ва ундан бошқа барча ғазотларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан иштирок этган. У саҳоба 157 та ҳадис ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир”, деганлар.[4]

Бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида Қуръонни тўлиқ ёдлаган саҳобалардан бўлган. Ҳадиси шарифда у киши ҳақида шундай дейилган:

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар; Ибн Масъуддан, Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Убайдан ва Муоз ибн Жабалдан”. Бухорий ривоят қилган.[5]

Бу саҳоба Урдун деган жойда Амвос вабосига чалиниб ўттиз уч ёшида вафот этган.[6]

Ҳадис шарҳи:  

У зот: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил”, деб айтдилар. Бу жойдаги буйруқ сийғаси вожибликни ифодалайди. Бундан Аллоҳ таолодан хавф қилиб, унинг буйруқларига амал қилиш ва ман қилган ишларидан қайтиш ирода қилинади. “Тақво” сўзи луғатда “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларида бўлиб, “нафсга азият берадиган нарсадан нафсни сақлаш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, “ман қилинган ишлардан нафсни сақлаш”, маъносидадир. Тақво қилишнинг ҳам мартабалари бор. Яъни, ҳар бир инсоннинг даражаси ва тоқатига кўра, тақво қилиш ҳам ўша даражада бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” , (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Тақвонинг энг комил даражаси Аллоҳ таолонинг “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) ояти тафсирида “Аллоҳ таолога итоат қилинмоғи ва осийлик қилинмаслиги, Аллоҳ таоло зикр қилинмоғи ва эсдан чиқарилмаслиги”, деб айтилган.[7]

Имом Суютий роҳимаҳуллоҳнинг “Ад-Дуррул мансур” китобида Қуръони Каримдаги Оли Имрон сураси, 102- оятининг тафсири борасида қуйидагилар келтирилган:

Ибн Жарир Робийъ ибн Анас роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: У киши шундай дейди: ““Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) ояти нозил бўлгач, сўнгра ундан кейин “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят) ояти нозил бўлди ва бу оят Оли Имрондаги ушбу оятни насх қилди”.

Абд ибн Ҳумайд Икрима роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: У киши ““Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) оятини шундай тафсир қилган: “Аллоҳ таолога итоат қилинмоғи ва осийлик қилинмаслиги, Аллоҳ таоло зикр қилинмоғи ва эсдан чиқарилмаслиги”.

Икрима роҳимаҳуллоҳ айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Мана шу (яъни, “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” ояти) мусулмонларга оғир бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло шундан кейин “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят) оятини нозил қилди.[8]

Ҳадиснинг давомида у зот: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил”, деб айтдилар. Ҳадисдаги “Қаерда бўлсанг ҳам”, деган жумла замон ва маконни ҳам қамраб олади. Яъни, одамлар сени кўришса ёки кўришмаса ҳам, Аллоҳ таоло сени кўриб турганига эътиқод қилган ҳолда Аллоҳга тақво қил деган маънони ифодалайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Кармда шундай дейди: “Эй, одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир”. (Нисо сураси, 1-оят).

Шунингдек, Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга: “Махфий ва ошкор ишингда ҳам Аллоҳга тақво қилишингни сенга васият қиламан”, деганлар.[9]

Аллоҳга тақво қилиш барча умматнинг зиммасига буюрилган ишдир. Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай дейди:

“Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: “Аллоҳга тақво қилинглар”, деб васият қилдик….”. (Нисо сураси, 131-оят)

Демак, Аллоҳга тақво қилиш диннинг асосларидан бўлиб, ҳар бир мусулмон амал қилиши лозим бўлган ишдир.

Ҳадисдаги “гуноҳнинг ортидан уни ўчирадиган яхшиликни эргаштир” жумласидаги “яхшилик” сўзи умумийликни ифода этиб, бу жумла “агар сен гуноҳ ишга дучор бўлиб қолсанг, унинг ортидан шу гуноҳнинг асарини ўчирадиган бирор яхшилик қилгин, деган маънони ифодалайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади”. (Ҳуд сураси, 114-оят).

Муфассир ва муҳаддис уламолар “ушбу оятдаги “ҳасанотлар” каттаю кичик барча яхшиликларни ўз ичига олади. Худди шунингдек, ёмонликлар деганда ҳам барча гуноҳи кабира ва сағиралар тушунилади”, деганлар. Уламолар бошқа оят ва ҳадислардан хулоса қилиб, “яхшиликлар фақатгина кичик гуноҳларни кетказади. Гуноҳи кабираларни эса, тавба ва истиғфор кетказади”, деб иттифоқ қилишган.[10]

Ҳадиснинг давомида у зот: “Инсонларга гўзал хулқ билан муомала қил”, дедилар. Яъни, инсонларга очиқ чеҳра билан, уларга яхшилик улашиб, ёмонлик қилмасдан муомала қилгин, деган маънони ифодалайди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонлар сенга қандай муносабатда бўлишини хоҳласанг, уларга ҳам шундай муносабатда бўл, деганидир. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, хулқ атвор ҳар бир инсонга Аллоҳ томонидан берилган бўлиб, инсоннинг хилқатида қўшиб яратилган бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ораларингда ризқларингни тақсимлаганидек, хулқларингни ҳам тақсимлаган….”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.[11]

Лекин, шу билан бирга инсониятда яхши хулқлар билан хулқланиш имкониятини берадиган қобилият ҳам бор. Зеро, шариатимиз кўрсатмаси ҳам шундайдир, яъни инсоният яхши ишларни қилишга интилиши ва яхши хулқлар билан хулқланишига буюрилган. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида қуйидагича дуолар қилганлар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилганлар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, хилқатимни чиройли қилдинг, хулқимни ҳам чиройли қилгин”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.[12]

Имом Муслимда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эй Аллоҳ, мени гўзал ахлоқлар учун ҳидоят қилгин, гўзал ахлоқлар учун фақатгина Сен ҳидоят қиласан. Ёмон ахлоқларни мендан буриб қўйгин, ёмон ахлоқларни мендан фақатгина Сен буриб қўясан”.[13]

Комил сифатлар билан сифатланган ва хулқланган зот  бўлмиш Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалалам шундай дуолар қиляптилар. Демак, биз ҳам узотга эргашган ҳолда Аллоҳ таолога дуо қилишимиз ва яхши хулқлар билан хулқланишга ҳаракат қилиб боришимиз лозим бўлади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир инсон тақвони ўзида лозим тутиши керак. Зеро, бу Аллоҳнинг буйруғи бўлиб, Қуръони Каримда жуда ҳам кўп зикр қилинган. Шунингдек, инсон доимо яхши ишларни қилиши ва гўзал хулқлар билан хулқланиб, инсонлар билан чиройли муомалада бўлишга интилиши лозим бўлади.

Ушбу мақолани “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон Мулла Алий Қорийнинг “Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн” китоби ва бошқа манбаалар асосида тайёрлади.


[1] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 405- бет.

[2]  Муснади Аҳмад, 7078-ҳадис.

[3] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 405- бет.

[4] Сунани Термизий, 3791-ҳадис.

[5]  Саҳиҳул Бухорий, 3806-ҳадис.

[6] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 406- бет.

[7] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 408- бет.

[8] Жалолиддин Суютий “Ад-Дуррул мансур”, 283-бет.

[9] Муснади Аҳмад, 21573-ҳадис.

[10] Риёзус солиҳин шарҳи. Ҳикматуллоҳ Абиев, Абдушукуржон Мурадов, Ойбек Ҳошимов. 161-бет.

[11]  Муснади Аҳмад, 3672-ҳадис.

[12] Муснади Аҳмад, 25221-ҳадис.

[13] Саҳиҳу Муслим, 771-ҳадис.

What you can read next

Ахборот хуружларига қарши маънавий – маърифий курашни ташкил этиш
Ахборот хуружларига қарши маънавий – маърифий курашни ташкил этиш
Саҳобаларни таниш
Абу Ханифанинг (р.а) устозлари
Zulmatdan nurgacha (10-qism) Arqam xonadonidagi maktab

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP