Бизга маълумки хар бир буюк шахснинг ортида уларнинг устозлари туради. Устозлар тарбияси натижасида киши кўзлаган маррасига етишади. Салафи солихлар хам устозлар билан учрашиб, улардан илм ўрганишни ўзларига одат хисоблашган.
Хусусан Ханафий мазхаби асосчиси Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит (р.а) хам бир неча забардаст олимлардан илм ўрганиб шу даражага етганлар. Абу Ханифа (р.а) фикх фанини Куфа фақихи Хаммод ибн Абу Сулаймон(рахимахуллох)дан ўрганганлар1. У зотнинг катта устозларидан улуғ тобеинлардан хисобланмиш Ато ибн Абу Рабох хам бўлганлар. Ушбу фикримизни Ато ибн Абу Рабохнинг баъзи шогирдлари айтган қуйидаги жумлалар хам тасдиқлайди. “Устозимиз Ато ибн Абу Рабох хузурларига борганимизда талабаларнинг кўплигидан бир-бирларимиз орқасида ўтиришга тўғри келарди. Борди-ю, Абу Ханифа келса, у зот унга жой очиб, ўзига яқин ўринга ўтқазар эди”.2
Абу Ханифанинг фиқхдаги устози Хаммод ибн Абу Сулаймон ўз навбатида замонасининг фақихи хисобланган Иброхим Нахаийдан илм ўрганган. У шогирдлар орасида фақихроғи, қиёсни пухта билиши ва мунозара ва раъйни яхши тушуниши билан бошқалардан ажралиб турган. Буни Иброхим Нахаийнинг ўзи хам эътироф этган. Нахаийдан : “Сиздан кейин кимдан фатво сўрайлик?” деб сўрашганида: “Хаммоддан”, деб жавоб берган экан. Хаммод (рахимахуллох) устозлари назарига тушиб улардан бор илмларини ўргандилар ва устозлари вафотларидан кейин уларнинг ўрниларини эгалладилар. Хаммоддан (рахимахуллох) кишилар кўп манфаат олишган. Имом Абу Ханифа (рохматуллохи аълайхи) шу киши хузурида буюк фақих бўлиб етишдилар. Устозлари вафотларига қадар 18 йил у кишидан ажрамадилар. Устозлари вафотларидан кейин у кишининг ўрнини эгаллаб салафи солихларга муносиб меросхўр сифатида устозларининг ишларини давом эттирдилар.
Аллох таоло барча салафи солихлар қатори Абу Ханифа (рахимахуллох) ва у кишининг устозларидан рози бўлсин. Юртимиздан шундай забардаст олимларни яратган кўплаб чиқарсин.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти 1-курс талабаси
Хайдаров Иброхим тайёрлади.
____________
1 Х. Аминов. С. Примов. Ханафий фиқхи тарихи, манбалари ва истилохлари. Т. Мовароуннахр. 2017. 24-бет.
2 Ўша китоб . 25-бет.






