Имом ад-Доримийнинг илмий-маънавий меросини “ал-Муснад”, “ат-Тафсир”, “ал-Жомиъ”, “ас-Сулосиёт фил ҳадис”, “Китоб ас-Сунна фил ҳадис” ва “Китоб савм ал-мустохозотий вал мутахаййирот” каби асарлари ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари, фикримизча, “ал-Мусанд” бўлиб, бу асар “Сунан ад-Доримий” номи билан машҳур Асарнинг икки жилддан иборат нашри 1996 йилда Ливаннинг пойтахти Байрутдаги “Дор ал-кутуб ал-илмия” матбаъсида чоп этилган. Ушбу икки жилдли асар муқаддимадан (қайсики у 57 кичик “боб” ларни қамрайди), 23 “китоб” дан иборат бўлиб. Ўз навбатида ҳар бир “китоб” ҳам кўп сонли “боб”лардан ташкил топган. Эътиборли томони шундаки, Имом ад-Доримий ўз асари “Сунан”да келтирган ҳадислардан деярли у яшаган даврда фаолият кўрсатган буюк муҳаддислар ал-Бухорий, Муслим ибн ал-ҳажжож, Абу Довуд ас-Сижистоний, ат-Термизий, ан-Насафий, ибн Можа ва бошқа кўплаб таниқли ҳадисшунослар ўз асарларида келтирганлар. Масалан Имом ад-Доримий ўз асарида келтирган “ҳовлисида хурмо дарахти бор хонадон аҳли ҳеч қачон оч қолмайди” ёки “Энг яхши нонхуруш (приправа)– сиркадир” каби ҳадисларни юқорида зикр қилган кўпчилик муҳаддислар Имом ад-Доримийдан ривоят қиладилар. Маълумки Имом ад-Доримий ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратларидан ўн уч ёш катта бўлган бўлса-да, улар бир-яъни тўққизинчи асрда ҳадислар билан астойдил шуғулланганлар. Шу боис бу иккала буюк муҳаддис бир-бирларини шахсан билганлар. ҳатто, айтиш мумкинки, яқин илмий муносабатда ҳам бўлганлар Бу фикримизга далил тариқасида тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “Сийар аълом ан-нубало” номли асарида келтирилган қуйидаги маълумотни кўрсатиш мумкин. “Исҳоқ ибн Аҳмад ибн ҳалаф шундай деган: “Бир кун устоз Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт устозга бир мактуб келтирдиларки, унда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримийнинг вафоти (у Имом ал-Бухорийдан атиги бир йил олдинроқ-869 йилда вафот этган) ҳақида хабар қилинган экан. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошини кўтариб, кўзлари лиммо-лим ёшга тўлган ҳолда хасрату гамгинлик билан “Инно лиллоҳи ва инно илайҳи рожиъун” (“Биз ҳаммамиз Аллоҳга мансубмиз ва албатта унга қайтажакмиз”) оятини айтиб “сенинг тирик бўлишинг учун дўстлар ҳаммаси жонларини фидо қилишга тайёр эдилар-ку”, деб юзларига дуои фотиҳа тортдилар.” Мана шу мухтасар лавҳадан ҳам кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг аллома имом ад-Доримийга нисбатан эҳтироми чексиз бўлган. Мавриди келганда айтадиган бўлсак, имом ад-Доримий даҳосига ўз вақтида кўп машҳур олимлар ғоятда юксак баҳо берганлар. Абу Шаддод исмли муҳаддис: “Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ад-Доримий ҳадис илмида бамисоли бир денгиз эди”,- деб таъкидлаган бўлса, Муҳаммад ибн Бушор исмли таниқли олим “номи чиққан Қуръон ҳофизлари дунёда тўртта бўлиб:“ Райда Абу Зуръа, Нишопурда Муслим ибн ал-ҳажжож, Самарқандда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий, Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий”,-деган. Йирик ҳадисшунос олим Абдураҳмон ибн Аби Хотим отасидан ривоят қилиб: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий ўз замонидаги барча донишмандларнинг имоми бўлган”,-деб ёзган.
Юқорида баён этилганлардан маълум булаётирки, бундан ўн икки аср муқаддам яшаб ўтган улуғ ватандошимиз Имом ад-Доримий ҳазратлари ўз даврининг буюк алломаларидан бири бўлган. Бинобарин, унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиб, кенг халқ оммасига етказиш олимлармиз олдида турган долзарб вазифалардан бўлмоғи лозим.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
мударриси Р.Саиджалолов






