Маълумки, йигирма биринчи аср ёшлари глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Уларга турли кўринишдаги ғоявий хуружлар хавф солмоқда. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар, бошқа томондан миссионерлар ва оломонча маданият тарғиботчилари ёш авлод онгига ўзларининг пуч ғоялари ва ақидаларини сингдириш, миллий ва диний қадриятларимиздан айиришга муттасил ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, соф ислом таълимотидан етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар уларнинг найрангларига алданиб қолмоқдалар. Яна баъзилари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни маъқул кўрмоқда. Буларнинг барчаси охир оқибат ёш авлоднинг илкида бўлмиш порлоқ келажагимизга турли офат ва балоларнинг раҳна солишига сабаб бўлади.
Шундай экан ёш авлодни тарбиялашда турли мутаассиб оқим ва фирқаларнинг пайдо бўлиш тарихи, уларнинг пуч ғоялари, мусулмонларга келтирган зарарлари тўғрисида тарихий маълумотларни таълим бериш зарур. Билим юртларидаги талабаларнинг соғлом ақидасини шакллантириш билан бирга, бугунги кунда ҳар томонга оғиб, эътиқоднинг бош мазмунига путур етказаётган оқимлар ҳақида хабардор қилиш керак.
Дарҳақиқат, ёшларни бундай ёвуз куч ва ғоялардан ҳимоя қилишда муқаддас ислом динининг маърифати ва одоб-ахлоқ тамойилларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини маърифат, тинчлик ва одоб – ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.
Биринчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Илм-маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.
Иккинчидан, ахлоқий тарбия. Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишини одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар (Термизий ривояти). Одобли, ахлоқли фарзандгина, аввало, ота-онанинг қадрини улуғлайди ва халқ ва Ватан учун манфаатли ишлар қилади. Унинг қўлидан ва тилидан бошқалар зарар кўрмайди. Шунинг учун бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас, дедилар. Ё, Расулуллоҳ! Ким мўмин эмас?-деб сўрадилар. Расулуллоҳ: Ёмонлигидан қўшни озор чекадиган киши мўмин эмас, дедилар” (Бухорий ривояти). Бугун ёшларимизни ёт ғоялардан ҳимоя қилишликни мақсад қилар эканмиз аввало, уларни ахлоқий тарбиясини, жамиятдаги ҳар бир инсонни ҳақ ва ҳурматини ўз жойига қўйишни ўргатишимиз лозим.
Учинчидан, жисмоний тарбия. Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Халқимиз ўзининг ҳикматли сўзида “соғлом танда соғлом ақл” деб бежизга айтмайди. Ёшларимиз ўз соғлиғини сақлаш учун ҳаракат қилишликлари уларнинг ҳар хил беҳуда ишлардан ва ёт ғоялардан узоқ бўлишликка омил бўлади.
Бугунги кунда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солмоқда. Тинимсиз ахборот оқими вужудга келаётган муҳитда миллий қадриятлар, азалий анъаналар завол топишининг олдини олиш мақсадида ахборот хавфсизлигини таъминлаш керак. Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас. Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телевидения ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.
Ёш авлодни ахборот хуружларидан асрашда қуйидаги кўрсатмаларга амал қилиш тавсия этилади:
- Ёшларда ташқи таҳдидлар, бузғунчи таъсирларга қарши тўғри ва хушёр муносабатни шакллантириш;
- Ёшларнинг билимларини ошириш, уларда воқеа-ҳодисалар моҳиятини таҳлил қилиш малакасини шакллантириш. Токи ўзлари оқни қорадан ажратиб олиш имкониятига эга бўлсинлар;
- Ахборот оқимида жамият ва давлат манфаатларига мос бўлган ахборотларни одамлар тезроқ қабул қиладиган ва ишонадиган даражага кўтариш. Агар бу вазифа етарли даражада амалга оширилса, салбий ахборотларнинг инсон онгига таъсир кучи кескин камайиб кетади;
- Миллий оммавий ахборот воситаларига ишончни ошириш. Чунки, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шартлари жамиятда ахборот тақчиллигини бартараф этиш масаласи билан боғлиқ. Агар аҳоли маҳаллий, оммавий ахборот воситаларига ишонмаса, уларни асосий ахборот манбаи сифатида қабул қилмаса, бошқа манбаларни излаши табиий ҳолдир.
Хулоса қилиб айтамизки, ёшларни тўғри тарбиялашда иймон-эътиқод ва Она ватанга садоқат масаласи муҳим ўринга эга. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб тарбияланган фарзанд камолга етади, эл-юртга фойда келтиради.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси Собитхон Болтабоев тайёрлади






