7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари
Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Мўминлар бирдамлигига путур етказадиган ва ўрталарига совуқлик туширадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ юрмоқ лозим. Хусусан, қуйидаги тўрт нарсадан ҳазир бўлмоқ керак. Зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ва алдоқчига чиқариш ҳамда менсимаслик. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни биродаримизга ҳам соғинмас эканмиз, иймони ва Исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Биродарига зиён-заҳмат етмаслиги учун тиришмоқ ҳам комил иймонли инсон хислати сирасига киради. Мана шунда ҳамма нарса жой-жойига тушади.
Исломдаги гўзал ахлоқнинг нафи нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга тегади. Шу боис, шариат ҳеч кимга зулм-зўровонлик қилишга ёки бировни четга суриб қўйиб, уни пастга уришга рухсат бермайди. Кофирлар шахс эътибори билан эмас, куфрлари сабабли айрим жазо-тақиқларга дучор бўладилар.
а) Зулм ҳаромдир.
Шариат изнисиз бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказмоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли Исломий биродарликка путур етади. Ўртадаги аҳиллик дарз кетади. “Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз”. (Ҳадиси қудсий).
б) Мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймоқ ҳаромдир.
Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўймоқ, қодир бўла туриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик Исломда қатъий ҳаромдир. “Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир”. (Анфол, 72-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради”. (Абу Довуд ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаган кимсани, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади”. (Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунёю Охиратда ёрдам қилади”. (Баззор ривояти).
Биродарини ёрдамсиз қолдириш дунёвий ва диний кўринишда бўлиши мумкин. Мазлум биродарига ёрдам бермаслик ёки унга зулм ўтказаётган золимни тўхтатмаслик дунёвий ишларда биродарини ташлаб қўйиш ҳисобланади. Биродарига панд-насиҳат қилиб уни гуноҳ-маъсият йўлидан қайтармаслик эса диний ишларда ташлаб қўйиш дейилади.
в) Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқармоқ – ҳаром
Мусулмон киши биродарининг ҳаққини адо этиб унга рост сўзламоғи, биродари гапирганида тасдиқламоғи лозим. Мусулмон кишини алдамоқ Исломий омонатга халал етказади. Хусусан, қаршингизда турган кишини ростгўй деб тасдиқлаб турган бўлсангиз… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”. (Аҳмад ривояти).
Ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш учун эмас, ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапирмоқ алдов ва хиёнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан қочиб фаришта бир мил узоқлашади”. (Термизий ривояти).
г) Мусулмонга менсимай қараш – ҳаром
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни азиз-мукаррам қилиб яратган. Хитоб этиб шариат ҳукмига мукаллаф этган. Мусулмон қадр-қимматини тушириб, унга кибр билан муносабатда бўлмоқ Аллоҳ рубубияти чегарасига тажовуз саналади. Бу эса гуноҳи азимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши унинг ёмонлигига кифоядир”.
Бировларга менсимай юқоридан қараш кибрнинг мевасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаққа рози бўлмаслик ва бировларни назар-писанд қилмаслик кибрдир!” (Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳақни тан олмаслик ва одамларнинг устидан кулиш кибрдир”. (Аҳмад ривояти).
Мутакаббир ўзини доно ва бекаму кўст инсон деб ҳисоблайди. Унинг назарида атрофдагилар нўноқ, ношуд одамлар. Шу боис кибр-ҳаволи кимсалар бошқалар устидан кулиб, мазах қилиб гапирадилар. Бу ёмон сифат бандани жаннатдан йироқлаштириб, дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди”. (Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайинми?! Улар заиф, камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси





