«Жория ҳадиси» номи билан машхур бўлган ҳадис аслида музтариб* ҳадислардан ҳисобланади, шунинг учун ҳам ақида борасида салаф уламоларимиздан ҳеч ким бу ҳадисни ҳужжат қилиб келтирмаган, магарам мужассима, ҳашавий фирқалар бу ишни қилишган.
Бу ҳадис ҳақида Шайхул ислом имом ҳофиз Нававий Саҳиҳул Муслимга ёзган шарҳларининг 5-жузъи, «Масжидлар ва намоз ўринлари китоби», «Намозда гапириш ҳаром экани ҳақидаги боби»да айтадилар:
«Бу (Аллоҳнинг) Сифати борасидаги ҳадис бўлиб бу борада «Иймон» китобида айтиб ўтилганидек икки йўл бор:
Биринчиси: Бунинг маъносига киришмай Аллоҳ таолони барча махлуқларга оид белгиларидан пок ва У зотга ҳеч нарса ўхшаш эмас ва унга ҳеч бир нарса мисл бўла олмайди дейиш;
Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг Зоти илоҳийсига лойиқ тарзда уни таъвил қилиш.
Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ўша жорияни имтиҳон қилишлари, у Аллоҳ толони ёлғиз Яратувчи Мудаббир бўлган Зот эканини тасдиқловчи тавҳид эгаси эканини билиш учун бўлди. Агар Аллоҳга дуо қилинса самога юзланилади худдики намоз ўқиган одам Каъбага юзлангани каби. Демак, жориянинг «Осмонда» деган сўзи «Аллоҳ осмонда макон олган» маъносида эмас, балки само Аллоҳга дуо қилувчиларнинг қибласи бўлгани учундир. Бу юқорида айтганимиздек Аллоҳга ибодат қилувчиларнинг қибласи Каъба бўлганига ўхшашдир, худди бирор намозхон Каъбага қараб намоз ўқиётганида «Каъбанинг ичи Аллоҳ таолонинг маконидир» деган эътиқоди бўлмаганидек жория ҳам «Осмонда» деганда макон маъносини умуман ирода қилмаган.
Жориянинг «Осмонда» деган жавоби билан уни кўз ўнгиларида турган бут санамларга дуо ибодат қилмаслиги аён бўлган.
Қози Иёз (р.а) айтади: «Барча мусулмонлар: фақиҳлар, муҳаддис, мутакаллимлар ва муқаллидлар барчалари Аллоҳ таолони осмонда экани борасидаги «Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? У (ер) эса изтиробда ҳаракатланиб туради”. (Мулк 16) каби
барча матнларни зоҳирий маъносида эмас балки (Аллоҳнинг улуғлигига лойиқ тарзда) таъвил қилинадиган матн ҳисобланади деганлар. Имом нававий роҳимаҳуллоҳнинг гапи шу ерда тугайди.
Аллома Ибн Салоҳ айтадилар: «Музтариблик ўша ҳадисни заиф ҳадис эканлигини келтириб чиқаради». Маълумки заиф ҳадислар Аҳли сунна валжамоа наздида эътиқодга олинмайди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ақоид фани мударриси А.Абдуллаев





