Инсонларнинг кўпи яхши нарса қолиб, паст нарсаларни танлашлиги ва ўзларига фойда ва зарар ҳам беролмайдиган нарсаларга ибодат қилишининг сабаби – илмсизлик, илмнинг нотўғри талқин қилиниши ва ҳимматнинг пастлигидир. Қачонки соф илм ўрганилса, саводсизлик тугатилса ва ҳимматлар олий бўлса инсонлар олий мақсадлар сари интилаверади. Баъзи инсонларнинг ғами фақат ейиш-ичиш ва яхши кийинишдангина иборат. Бундай сифатлар жоҳилият даврида ҳам ёмонланган. Ҳотам Тоий бир шеърида ундай паст ҳимматли кишиларни ёмонлаб айтади: маъноси: “Ҳиммати яхши еб-ичиш, кийиниш бўлган бечораларнинг юзини Аллоҳ хунук қилсин. Улар қорни очса буни азоб деб билишар, ҳимматининг пастлигидан, қорни тўйсагина қалби хотиржам бўлар”.
Баъзи инсонларнинг ғами бу дунёнинг айшу-ишратидир. Худди, Торафа ибн Абдга ўхшаб. Ундан: “Дунё ҳаётидаги нарсанинг энг яхшиси нима?”-деб сўралганда: У: “Иштаҳали таомлар, иссиқ кийимлар ва чопқир отлар” – деган экан. Яна бир шеърида яшашидан мақсад айшу-ишрат, ичкилик ва чиройли аёллар эканини айтган.Инсонларнинг кўпи шу шоир каби яшашдан мақсади ичкилик ва бузуқликдан иборат бўлиб қолган.






