SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Қуръон ва суннатда олий ҳимматли бўлишга ундаш
14.11.2023 / Bo‘limda Hadis, Maqolalar

Олийҳимматли бўлиш ҳақидаги ҳадислардан намуналар

Саҳобаи киромларнинг ҳиммати олийлиги ва хайрли ишларни кимўзарга қилишлари ҳақида қанча гапирсак ҳам кам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бирига айтади: “Ўзинга манфаатли бўлган нарсага қаттиқ кириш, Аллоҳдан мадад сўра ва ортга чекинмагин”. Ва яна айтади: “Агар қиёмат қоим бўлса-ю, бир кишининг қўлида ниҳол бўлса, ўша ниҳолни экишга имкони бўлса экиб қолсин”. Дуоларида: “Эй Аллоҳ, сендан тўғри йўлда қатъият беришингни сўрайман”, дер эдилар.. Доим Аллоҳ таолодан ожизлик ва ялқовликдан паноҳ сўрар эдилар. Саҳобаларга: “Аллоҳ таоло олий мақсадли ишларни яхши кўради ва бемаъни ишлардан нафратланади”–дер эди. Ҳиммати олийлар хотиржам бўлсинки, Аллоҳ таоло ҳимматининг даражасига қараб уларга қувват беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Аллоҳнинг бандасига келадиган ёрдами унинг машаққатига қараб бўлади”. Мўминнинг энг яхши ва комил ҳолати унинг ғам-ташвиши охират учун тайёргарлик кўришидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбини бой, ўзини хотиржам қилиб қўяди. Дунё унинг изидан қувиб юрадиган бўлади. Кимнинг ғам-ташвиши дунё бўлса, Аллоҳ таоло уни муҳтож қилиб, фикрини тарқоқ қилиб қўяди. Дунёдан тақдирига ёзилган нарсагина етади”.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг ҳиммати олийлигини мақтаб шундай дейди: “Агар иймон сурайё юлдузида бўлганда ҳам, форсдан бўлган мард кишилар уни қўлга киритган бўлар эди”.

Қуръон ва суннатда келган қизиқтирувчи ва қўрқитувчи оят ва ҳадислар барчаси мўминнинг қалбини жўшқин қиладиган қувват пайдо қилишга қаратилган. Мўминни доим тоат-ибодатни қоим қиладиган ва гуноҳ ва ёмонликлардан четланадиган қилишга қаратилган. Яхшиликларда пешқадам бўлиши учун ҳимматини оширишга қаратилган. Бунга мисоллар жуда кўп. Шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз.

Шулардан бири Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзи: “Агар одамлар азон ва намозда биринчи сафнинг фазилатини билганларида эди, унга талашиб қуръа ташлашган бўлар эди. Намозга эртароқ келишнинг савобини билганларида эди, унга шошар эди. Агар улар хуфтан ва бомдоднинг савобини билишганда, эмаклаб бўлса ҳам келишган бўлар эди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Қуръон ўқувчи қорига: “Ўқи ва кўтарилиб кетавер, дунёда тартил билан ўқиганинг каби ўқи. Жаннатдаги ўрнинг ўқиб тўхтаган охирги оятингда бўлади”-дейилади”. Тоат-ибодатларда пешқадам бўлмай ортда қолишдан огоҳлантирардилар ва айтар эдилар: “Зикр мажлисларига қатнашинглар, имомга яқинлашинглар. Киши агар имом ва зиклардан узоқлашаверса,жаннатда ҳам охирлашаверади, агарчи кирса ҳам”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга дуода ҳам ҳимматимизни олий қилишни таълим берганлар. Аллоҳ таолонинг фазлини сўрашимизни ва У зотнинг қудрати ва фазли-карами олдида катта-катта нарсани сўрашимизни буюрдилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) онамиз айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирор киши Аллоҳдан дуо қилиб сўраса, кўп-кўп сўрасин, чунки у бутун оламлар Роббисидан сўраяпти”. Бошқа ривоятда: “Агар орзу қилса катта-катта орзу қилсин, ахир у Роббисидан сўраяпти”-дер эдилар”.

Ирбоз (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳга дуо қилсаларинг “фирдавс”ни сўранглар. Чунки у жаннатнинг қалбидир”деди. Яъни ундаги энг яхши макон.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳга дуо қилсаларинг “фирдавс”ни сўранглар. Чунки у жаннатнинг ўртаси ва энг юқорисидир. Унинг устида Аллоҳ таолонинг Арши бор. Жаннат анҳорлари шу ердан бошланади”-деди.

Бундай йўл тутмаган, ҳиммати паст ва интилиши суст бўлган кишиларга танбеҳ берардилар.

Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан тушкунликка тушиб заифлашиб қолган бир кишининг зиёратига борди. Унга: “Аллоҳга дуо қилармидинг? Ундан бирор нарса сўрайсанми?”–деди. У: “Ҳа, сўрайман. Аллоҳ таолодан мени охиратда жазоламагин, гуноҳим бўлса, шу дунёда жазолагин, деб сўрайман,-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳаналлоҳ, бунга бардош беролмайсан-ку. Унинг ўрнига: “Эй Роббим, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва бизни дўзах азобидан асрагин”деб дуо қилсанг-чи?,–дедилар. Аллоҳ талога унинг учун дуо қилди. Аллоҳ шифо берди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ғаниматлардан бошқалар сўрагани каби сен ҳам сўрамайсанми?-деди. Мен: “Аллоҳ сизга таълим берган нарсалардан менга ҳам таълим беришингизни сўрайман”-дедим. Эгнимдаги кийимимни ечиб орамизга ёйдим, ҳатто кийимим устида ўрмалаб юрган кичик ҳашоратларни ҳам кўрдим. У зот менга ҳадис айтди, мен ҳадисларини ўзлаштириб олдим. Менга:”Кийимнгни йиғиб ўраб ол”-дедилар. Шундан сўнг бирор ҳарф ҳам эсдан чиқармайдиган бўлдим”.

Ривоят қилинишича, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг олдига бир киши келиб савол сўради. Зайд ибн Собит айтади: “Абу Ҳурайрадан сўра!”-дедим. Бир куни мен Абу Ҳурайра ва фалончи киши (розияллоҳу анҳум) масжидда зикр ва дуо қилиб ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар ва бизнинг олдимизга келиб ўтирди. Биз жим бўлиб қолдик. Шунда бизга: “Тўхтамасдан давом этаверинглар!”-деди. Мен ва бояги дўстим дуо қилдик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуомизга “амиин” деб турди. Сўнгра Абу Ҳурайра дуо қилиб: “Эй Аллоҳ, мен сендан бу икки дўстим сўраган нарсаларни ва унутилмас илм сўрайман”-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “амиин” деди. Биз: “Эй Аллоҳнинг элчиси, биз ҳам Аллоҳ таолодан унутилмас илм сўраймиз”-дедик. “Мана бу Давслик йигит сизлардан олдин сўраб қўйди!”-дедилар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни чиқиб шундай дедилар: “Менга олдин ўтган умматлар кўрсатилди. Бир пайғамбар ёнида бир киши, яна бирида икки киши, баъзиларида кичкинагина жамоат, баъзисида ҳеч ким йўқ. Самони тўсган катта жамоани кўрдим ва шулар менинг умматларим бўлса экан, деб умид қилдим. “Бу Мусо (алайҳиссалом) ва унинг қавми”-дейилди. Сўнгра менга: “Қаранг”-дейилди. Қарасам самони тўсган катта жамоатни кўрдим. “Ундай қаранг, бундай қаранг”-дейилди. Яна кўп-кўп жамоатларни кўрдим. Менга айтилди: “Ана ўшалар сизнинг умматингиз. Уларнинг олдидаги етмиш минг киши жаннатга ҳисоб-китобсиз киради. Улар фол кўрмаган, руқия қилмаган, куйдириб даволанмаган ва Роббисига таваккул қилувчилардир”. Укоша ибн Миҳсон туриб: “Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин”-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, уни ўшалардан қилгин”-деди. Сўнгра яна бир киши туриб: “Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин”-деди. “Укоша сендан олдин сўраб қўйди”-дедилар.

Саҳобаи киромлар ана шундай қаерда охиратга боғлиқ мақтовли иш ёки диний фазилат бўлса, ўша ерга уриниб кўрар ва унда пешқадам бўлишга ҳаракат қилар эдилар.

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Хайбар ғазоти кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деди: “Эртага байроқни Аллоҳ ва Росулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ва Росули ҳам уни яхши кўрадиган бир кишига бераман. У ҳеч қачон жангдан қочадиганмас. Аллоҳ таоло унинг қўли билан бу шаҳарни фатҳ қилади”. Одамлар ўша кеча бир-бирлари билан байроқ кимга берилиши ҳақида талашиб-тортишдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен ҳеч қачон амир бўлишни ҳоҳламаган эдим, аммо ўша куни амир бўлиб байроқни олишни жуда-жуда ҳоҳладим”. Тонг отгач байроқни Али (розияллоҳу анҳу)га берди. Аллоҳ таоло унинг қўли билан (Хайбарни) фатҳ қилди”.

Робиъа ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен кундузи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилардим ва кечаси эшигининг тагида қўриқчилик қилардим. Мен У зотнинг “Субҳааналлоҳ, Субҳааналлоҳ, Субҳаана Роббий”-деб кўп айтганини эшитар эдим. Ҳатто уни эшитиб ухлаб қолардим. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Робиъа, мендан бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг бемалол сўрагин, бераман”–деди. Мен: “Муҳлат беринг ўйлаб кўрай”-дедим. Дунё ўткинчи фоний бўлса, деб ўйладим. Сўнгра: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Мени дўзахдан озод қилиши ва жаннатга киритишини сўраб дуо қилинг”-дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилиб қолдилар-да, сўнгра: “Буни сенга ким айтди?”-деди. Мен: “Ҳеч ким айтмади, лекин дунё ўткинчи, фоний эканини билдим, Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг ўз ўрнингиз бор. Шунинг учун менинг ҳақимга дуо қилишингизни ҳоҳладим”-дедим. “Мен буни бажараман, сен ҳам кўп сажда қилишлик билан менга ёрдам қилгин” – деди.Имом Муслимнинг лафзида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида тунаб қолган эдим. У кишига таҳорат суви ҳозирлаб опкелдим. Шунда: “Мендан нима сўраган бўлардинг?”-деди. Мен: “Жаннатда сиз билан ҳамроҳ бўлишни сўрайман”, дедим. “Бундан бошқа яна нима?”-дедилар. Мен: “Шу, холос”-дедим. “Унда кўп сажда қилиш билан менга ёрдам қилгин!”-дедилар.

Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Бир куни менга Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): “Сенга жаннат аҳлидан бўлган аёлни кўрсатайинми?”-деди. Мен:”Албатта”-дедим. “Мана бу қора аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: “Менинг тутқаноқ касалим бор, ўзимни билмай кийимларимни ечиб очилиб қоламан, Аллоҳ таолога мен учун дуо қилинг”-деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳоҳласанг сабр қил, эвазига сенга жаннат бўлади. Агар ҳоҳласанг Аллоҳга дуо қилиб шифо беришини сўрайман”-деди. Аёл: “Сабр қиламан, лекин очилиб қоламан. Аллоҳга дуо қилинг очилиб қолмайин”-деди. Унинг ҳақига дуо қилдилар.

Улар ҳиммати билан қилолмайдиган амалларда ҳам пешқадам бўлишга ҳаракат қилардилар.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг элчиси, муаззинлар (азоннинг савоби билан) биздан афзал бўлиб кетяпти”-деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг айтганларини сен ҳам такрор айтиб тур. Тугатганда дуо қилиб сўра, сўраганинг берилади”-дедилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: Муҳожирлардан бўлган камбағалроқ саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг ҳузурига келиб: “Молу-давлат эгалари биздан кўра кўп ажр ва даражотларга эришяпти”-дейишди. “Қандай қилиб?”-деб сўрадилар. Улар: “Биз намоз ўқиймиз, улар ҳам ўқийди. Рўза тутамиз, улар ҳам тутади. Улар садақа қилади, биз қилолмаймиз. Улар қул озод қилади, биз озод қилолмаймиз”-дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга бир нарсани ўргатайинми? У билан олдингиларга етиб оласизлар ва кейин келадиганлардан пешқадам бўласизлар. Ҳеч ким сизлардан афзал бўлолмайди, фақат сизлар қилган нарсани қилган кишиларгина афзал бўлиши мумкин”-дедилар. Улар: “Албатта, Эй Аллоҳнинг элчиси!”-дейишди. –“Ҳар намоздан сўнг ўттиз уч марта “Субҳааналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу Акбар”, дейсизлар”дедилар. Абу Солиҳ айтади: Муҳожирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: “Бадавлат биродарларимиз биз қилган амалларни эшитиб, улар ҳам қилишяпти”-дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Аллоҳнинг фазли, ҳоҳлаган бандаларига бераверади”-деди.

Сулаймон ибн Билол (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр ғазотига кетиш вақтида Саъд ибн Хайсама ва унинг отаси ҳам бормоқчи бўлди. Буни Пайғамбар алайҳиссаломга айтишганида, биттаси боришини буюрдилар. Отаси Хайсама ибн Ҳорис ўғли Саъд (розияллоҳу анҳумо)га: “Биттамиз қолишимиз шарт экан, сен аҳли-оиланг билан уйда қолгин”-деди. Шунда Саъд: “Жаннатдан бошқа нарса бўлганида сизни афзал кўрган бўлардим, лекин мен шаҳид бўлишни орзу қиламан”-деди. Кейин ўрталарида қуръа ташланди ва Саъдга чиқди. Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Бадрга кетди ва уни Амр ибн Абдувадд ўлдирди.

Исломнинг хусусиятларидан бири олийҳиммат билан хулқланишдир.

Ҳимматнинг юксаклиги сен учун туганмас-битмас яхшиликлар келтиради. Томирларингда илм ва амал майдонида ғайрат ва илдамлик қонини жўштиради. Доим яхши ишларга интиладиган ва қўлингни муҳим ишларга чўзадиган бўласан. “Аллоҳ таоло юксак ишларни яхши кўради ва бемаъни ишларни ёмон кўради”.

Юксак ҳиммат билан хулқланиншинг сендаги бемаъни ишлар ва бемаъни орзу-ҳавасларни кеткизади. Сендаги хорлик ва лаганбардорлик дарахтини илдизи билан қуритади.

Ўзинга юксак ҳимматни лозим тут ва ундан ҳеч айрилма. Юксак ҳимматдан унумли фойдаланишинг учун шариат ҳам ҳаётингга боғлиқ бўлган фиқҳий масалаларда бунга ишора қилиб ўтган. Масалан: таҳоратга сув бўлмаган ўринда, бир киши сув сотиб олишга пул берса, у пулни олмасдан таяммум қилиш жоиз ва яхшироқ. Чунки унинг бу ишида ҳимматни синдирадиган миннат бор.

Кишига бошқа биров тўлайдиган маблағ билан ҳаж лозим бўлмайди ва у йўлга қодир ҳам ҳисобланмайди. Тўловчи яқини бўлса ҳам, бегона бўлса ҳам. Чунки бунда бошини эгишга олиб борадиган миннат бор. Бундай ҳолатлардан узоқ бўлмоғинг лозим.

 Шоир Шанфарий айтади: яъни шеър: “Ер юзида олийжаноб одам учун озордан ва нафратдан қўрққанга қочадиган пана жой бор”.

Саҳобалар (розияллоҳу анҳум) инсонларнинг энг олийҳимматлисидир

Саҳобалар авлиёларнинг аввали, тақводорларнинг сараси, мўминларнинг пешвоси, мусулмонларнинг намунаси ва Пайғамбарлардан сўнг инсонларнинг энг афзали эканига аҳли сунна вал жамоа иттифоқ қилган. Улар ўзларида Пайғамбар алайҳиссалом келтирган илм ва унга амални жамлаган эди. Аллоҳ таоло уларни охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни кўришлик ва У зот билан яхши-ёмон кунларида бирга бўлишлик шарафига муяссар қилди. Улар моли ва жонини Аллоҳ йўлида сарфлади ва яхшиларнинг яхшиси бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом гувоҳлигида инсоният тарихида, ўзларидан олдингилар-у кейингилар орасида инсонларнинг энг афзали деган номга сазовор бўлишди.

Ана ўшалар Ислом устунларини қиличлари билан мустаҳкамлади, найзалари билан дин қасрларини безашди. Кисро подшолигини илдизи билан қўпорди. Насронийлик ва мажусийликни сўндирди. Араб ва ажам мушрик халқларидан ширк арқонини юлиб ташлади. Ислом динини дунё бўйлаб ёйди. Иймон ва шариатни ер юзига татбиқ қилди. Куфр муносабатлари кесилди, арқонлари узилди, алоқаларига барҳам берилди. Оқ танли, қора танли, будпараст ва бошқа миллатлар ҳаммаси Аллоҳнинг дини бўлмиш Ислом динини қабул қилишди. Шеър:

Ул жанобларига бўлсин Аллоҳдан салом,

Чунки шаънига лойиқ бўлмас мендан салом.

Бошқа шоир айтади: “Улар Аллоҳ шарафли қилган қавмдир. Шараф қанчалик устун бўлмасин, уларнинг шарафидан юқориси йўқдир”.

Абу Воил айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига назар солди ва уларнинг орасидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб олди. Уни Пайғамбар қилиб юборди ва Ўз илмига хос қилиб танлади. Сўнгра қолган бандаларининг қалбига назар солди ва Пайғамбарга саҳобалар танлади. Уларни Ўз динига ёрдамчи ва Пайғамбарига вазир қилди. Мўминлар нимани яхши дейишса, ўша Аллоҳнинг ҳузурида яхши бўлади. мўминлар нимани ёмон дейишса ўша Аллоҳнинг ҳузурида ёмон бўлади”. (Имом Аҳмад ва Бағавий “Шарҳи сунна”да келтирган).

Имом Аҳмаднинг лафзида: “Аллоҳ таоло бандаларнинг қалбига назар солди, Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалби энг яхшиси эканлигини кўрди. Уни танлаб олиб Пайғамбар қилиб жўнатди. Сўнгра қолган бандаларининг қалбига назар солди. Бандалар орасида саҳобаларнинг қалби энг яхши қалблар эканини кўрди. Уларни олиб Пайғамбарига вазирлар ва Ўзининг дини учун курашадиган қилди. Мусулмонлар нимани яхши деб билишса, ўша Аллоҳнинг ҳузурида яхши бўлади, нимани ёмон деб билишса, ўша Аллоҳнинг ҳузурида ёмон бўлади”.

What you can read next

АЛИ АЛ-ҚОРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ-ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИ
Али ал-Қорийнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти
Islom – tinchlik va ezgulik dini
Islom – tinchlik va ezgulik dini
Дуо ибодатдир
Дуо ибодатдир

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP