Дуо қилиш мусулмон киши учун жуда ҳам муҳим, аҳамиятли амалдир. Шу эътибордан мўъмин киши барча дунёвий ва ухровий ишларида ҳам Аллоҳ таолога дуо қилиб эҳтиёжларини сўраб ҳаёт кечиради. Зеро, дуо қилиш ибодатдир. Аллоҳ таоло бандаларни дуо қилишга буюрган. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо ибодатдир”, дедилар ва “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар[1]” (оятини)ўқидилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Банда дуо қилишда бандалигини изҳор қилади. Ўзини Аллоҳга муҳтожлигини намоён қилади. Ким дуо қилмаса, ўзини беҳожат санаган бўлади ва кибр қилган бўлади. Бу иш эса Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сўрамаса Аллоҳ унга ғазаб қилади”, деганлар”. Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога дуодан кўра мукаррамроқ бирор нарса йўқ”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Банда Аллоҳга дуо қиларкан, бу дуо ижобат бўлса ҳам, ижобат бўлмаса ҳам бандага савоб ва яхшиликлар бўлаверади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, дуо тушган (мусибатлар) дан ҳам ва тушмаган (мусибатлар)дан ҳам фойда беради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Дуони ўзингизга лозим тутинглар”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Яъни инсон дуо қиладиган бўлса, ушбу дуоси сабабли унга шу мусибат келмаслиги мумкин ёки унга шу мусибат келиши тақдирда ёзилган бўлсада, дуоси сабабли, бу мусибатга Аллоҳ уни сабр қилдириб қўяди ва унинг эвазига кўп ажрлар ато қилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, дуо қилиш инсон учун жуда ҳам муҳим ибодатдир. Зеро, дуо қилишда банда учун фақатгина яхшиликлар бўлади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор мусулмон Аллоҳга дуо қилса, бу дуода гуноҳ ва қариндошликни узиш бўлмаса, Аллоҳ унга уч нарсадан бирини беради. Ё дуосини (ижобатини) унга тезлаштириб қўяди ёки уни охиратда унга захира қилиб қўяди ёки дуоси баробарида ундан ёмонликни кетказиб қўяди”, дедилар. Улар: “Ундай бўлса (дуони) кўпайтирамиз”, дейишди. У зот: “Аллоҳ кўпайтирувчироқдир”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
Шунинг учун инсон доимо Аллоҳга дуо қилиб юришни ўзига лозим тутиши керак. Шунда, у ҳадисда айтилгани каби уч нарсадан бирига эга бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Ғофир сураси, 60-оят.






