Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад ал-Маккий ал-Ханафий бўлиб, “ал-Қорий” кунияси билан машҳурдир.”Ал-Қорий” номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони Каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун Мулла ал-Қорий номи билан шухрат қозонган. Ҳофиз Саййид Абдулҳай ал-Китоний ( ваф. 1381 ҳ.) ўзининг “ат-Таратиб ал-идариййа ва ал-амалат ва ас-синаъат ва ал-матажир ва ал-ҳалат ва ал-илмиййа аллати канат ала аҳди таъсис ал-Мадина ал-Мунаввара”китобида: « ал-Қорийнинг таҳаллуси Абул Хасан бўлиб, Нуриддин унинг лақабидир, чунончи, унинг «Шарҳ муснад Абу Ҳанифа ривоят ал-ҳисфақи» асари Абул Ҳасан Али ал-Қорий ибн Султон ал-Маккий номи билан маълумдир», -деб таъкидлайди.
Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Абдуллоҳ ас-Сақизий ар-Румий ўзининг «Файз ал-аҳрам ва фатҳ ал-акрам фи Шарҳ ал-ҳизб ал-аъзам вал-вирд ал-афҳам» китобида шундай ёзади: «Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий Ажам давлатларидан ҳисобланмиш Ҳирот шаҳридан Араб диёрларига ҳижрат қилган. Ажамликлар фарзандларини жуфт исм билан аташга катта эътибор берганлар, жумладан, Фозил Муҳаммад, Содиқ Муҳаммад, унинг отасининг исми Султон Муҳаммад мана шу йўсинда қўйилгандир. Султон Муҳаммаднинг келиб чиқиши шоҳлар авлодига бориб тақалади, бироқ буни ҳеч ким эшитмаган». Али ал-Қорийнинг шажараси шохлар авлодига бориб тақалиши ҳақидаги маълумотни фақатгина тарихчи Абу Исҳоқнинг унга берган таърифида учратдик, аммо бошқа манбаларда бу ҳусусда ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.
Бироқ, айрим манбаларда отасининг исми ҳақида тўхталиб уни фақат Султон эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Жумладан, тарихчи олим Абдулмалик ал-Асомий аш-Шофеъий ( ваф. 1111 ҳ) отасининг исми борасида ўзининг «Сумт ал-нужум ал-авали ва ат-тавали» асарида, ал-Қорийнинг отасининг исми Султондир, деб маълумот беради. Аллома Муҳиббиддин Абул Файз Муҳаммад Муртазо ал-Балкаромий ҳам ушбу фикрни қўллаб қувватлайди. Аммо, аз-Зубайдий ўзининг «Тож ал-арус мин жавоҳир ал-қомус» китоби муқаддимасида ва Шайх Муҳаммад Абулҳай ал-Куҳнавий «Торб ал-амасил битаражим ал-афазил » асарларида: « Султон Мулла Али ал-Қорийнинг отасининг исми, Муҳаммад унинг бобосини исми — деб, уни Султон ибн Муҳаммад » деб атайдилар.Али ал-Қорийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда бошқа аниқ маълумотлар келтирилмаган.
Али ибн Султон Муҳаммад Хуросоннинг буюк ва машҳур шаҳарларидан бири Ҳиротда таваллуд топган ва шу ерда вояга етган.Шунингдек, бу заминда Дунё аҳлига фиқҳшунослик, тилшунослик ва тарихшунослик соҳаларида маълум ва машҳур бўлган йирик уламолар етишиб чиққанлар. Мулла Али ал-Қорий шу замин уламоларидан илм олди ва кейинчалик Макка шаҳрига кўчиб ўтди ва ўша ерда муқим қолди. Унинг қачон дунёга келганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолинмаган. У 1014/1636 йилда Макка шахрида вафот этган.
Али ал-Қорий ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан яратилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, Али ал-Қорийнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг «Хулосат ал-асар фи аъён алқарн алҳодий ашар» ва аш-Шаавконийнинг «ал-бадр ат-Толеъ» асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.
«Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар» китобида келтирилишича, Али ал-Қорий фозил илм пешволари ва энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. У ўзида ақлий ва нақлий билимларни мужассамлаштирган бўлиб, шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган.
Мулла Али ал-Қорий кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп илмий асарлар яратган. Улар жумласига, фиқҳшунослик, ҳадисшунослик, Қуръонни қироатларда ўқиш, калом илми, тасаввуф, тарих, геология, таржима, адабиётшунослик соҳаларини киритишимиз мумкин. Али ал-Қорий ўзининг бетакрор, камёб тарзда ёзилган, ҳамда латиф ва мазмунли мулоҳазаларни ўз ичига қамраб олувчи асарларининг кўплиги ҳам шухрат қозонган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлардан иборат китоблар ва кўплаб саҳифаларни ўз ичига олувчи рисолалардан иборат.
Олимнинг тўпламларни ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у барча асарлардаги бобларни қимматли маълумотлар ва мубоҳасалар билан бойитган. Улар барча учун тушунарли, кўпчилик олимлар ижодида учрамайдиган йўналиш билан ёзилган бўлиб, ҳеч қандай мавҳум иборалар иштирокисиз ва ғайриоддий ҳамда нодир тадқиқот тарзида амалга оширилган.
Бундан ташқари, Мулла Али ал-Қорий моҳир хаттот бўлиб, ҳар йили битта мусҳафни кўчириб, уни сотарди ва шу орттирган даромадини келгуси йилгача ўзининг моддий томонларини қоплашга етказарда.
Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий ўзининг «Тарих ал-хаттул арабиййа ва адабиҳи» китобида шундай ёзади: «Али ал-Қорий йил бўйи мусҳаф ёзарди ва уни ёзиб тугатгач, сотиб пулини йил давомидаги ўзининг сарф ҳаражатлари учун ишлатарди».
Аш-Шавконий «Ал-Бадр ат-Толеъ» асарида ёзишича, Али ал-Қорий ўнинчи ҳижрий сананинг бошларида майдонга чиққан мужаддид ва мужтаҳиддир.
«Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий, — деб ёзади машҳур фақиҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани ал-Маккий ал-Ҳанафий «Иршод ас-сорий ила маносик ал- Мулла Али ал-Қорий» асрида –ўз замонасининг буюк алломаси, машҳур олим, ақлий ва нақлий билимларни ўзида мужассамлаштирган, Қуръон ва ҳадис илми бўйича билдирилган фикрларни асосли тарзда шарҳловчи- тадқиқотчидир».
Мулла Али ал- Қорий Маккадаги кўплаб алломалардан илм олади ва ўзининг тинимсиз изланишлари натижасида етук олим бўлиб етишади. Ўша пайтда Макка шахри ва хусусан, Араб диёрларида кўпроқ шофеъий, моликий ва ханбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга мансуб баъзи кишилар (айниқса, шофеъийга) етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни фақат раъйга асосланган, деган гапларни тарқатишади. Баъзилар эса ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига ҳам маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида нўноқликда айблашарди.
Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган Али ал- Қорий илм бобида шундай юксак мартабага кўтарилдики, бу салоҳият унга айрим мазҳаб имомлари ортидан эргашиб Абу Ҳанифа тўғрисида нотўғри фикрда юрганлар қарашларига эътироз билдиришга, кескин раддиялар ёзишга ва Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто, инкор этилиш даражасига етган ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилишга сабаб бўлди ва у бунинг уддасидан чиқди. Имом Моликка эса намозда қўлни пастга тушуриб ўқиш борасида қарши чиқади.
Бироқ, бу чиқишлар Али ал- Қорий олдида кўплаб қийинчиликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Олим аш-Шавконий, унинг бу борадаги жасорати ҳақида гапириб, шундай дейди: «Ушбу қараш унинг даражасини Яна бир бор кўкка кўтаришнинг исботидир, чунки мужтаҳиднинг олдида турувчи вазифа ихтилофли масалаларда ҳақиқий далилни баён қилиш ва унга ўз қарашларини ҳолис ҳолда аввалги ўтган олимлар томонидан тўғри ёки нотўғри фикр билдирилганлигини аниқ баён қилишдан иборатдир». Шу тариқа аллома одамларга ўзининг илми, асарлари, ақлу заковатлари билан то вафот этгунига қадар манфаат етказиб турди.
Аллома 1014 ҳижрий (1636 милодий ) сананинг шаввол ойида Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур «ал-Муаллот» қабристонига Дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар жомеъсида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаган ҳолда, кўпчилик бўлиб «Солат ал-ғоиб» намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт минг кишидан ортиқни ташкил қилган.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти 4- курс талабаси Гадоев Фурқат