Олдинги мақоламизда толиби илмга хос бўлган бир-неча одоблар билан танишган эдик. Қуйида яна сўзимизни давом этамиз:
Устози бирор бир масалани ёки ҳикояни сўзлаб бераётган бўлса, уни ёдлаб оладиган даражада қулоқ тутмоқлиги зарур. Чунки қайсидур кун келиб устози ундан ўтилган дарсни сўрашлиги бор. (Шу билан бирга ёзиб олмоқлиги нур устига нур бўлади).
Толиби илм дарсига доимо одатланиб, ҳарис бўлмоқлиги лозим. У сафарда бўладими, кўча-кўйда бўладими илмдан бошқа нарсага вақтини зоя кетказмаслиги лозим. Баъзи зарурий ҳожатларига келсак, (масалан, овқатланиш, ухлаш…) албатта уларни ўз ўрнида бажо қилгани дуруст. Аммо, кунини ухлаш билан ўтказиш керак дегани эмас. Малолланишни кетказиш учун озгина мириқиб олса шунинг ўзи кифоя. Пайғамбарларнинг меросхўри бўлишдек катта бир ўринда дангасалик қилиш ақлли одамнинг иши эмас.
Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир толиби илмнинг зиммасида қуйидаги вазифалар бор: илмини кўпайтириш пайида бўлиш; талаб қилиш йўлидаги оризий қийинчиликларга сабр қилиш; илмига етишиш учун аввало Аллоҳ таолога ихлос қилиш; Аллоҳ таолога унга кўмак беришига рағбат қилиш”.
Имом Муслим ўзларининг Саҳиҳларида Яҳё ибн Абу Касирдан шундай ривоят қиладилар: “Илм жисмнинг роҳатланишига тоқат қилмайди”.
Хатиб ал-Боғдодий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Ёдлаш учун энг қулай фурсат саҳар, сўнг кун ярмида, ҳамда кечаси қуёш ботгандан сўнгдир. Тунда ёдлаш кундузи ёдлашдан кўра фоидалироқ. Очлик пайти дарс қилиш тўқ пайти дарс қилишдан кўра фоидалироқ. Шунингдек, ёдлаш учун қулай макон чалғитувчи нарсалардан йироқ бўлган хонадир. Ўсимликлар бор жойда, сой бўйи ҳамда одамлар гавжум жойда ёдлаш учун ўтириш яхшимас. Чунки улар қалбни чалғитади”.
Толиби илмга устозининг қаттиққўллигига ва ёмон феъллигига сабр қилмоқлиги лозим бўлади. Бундай ҳаракатлари учун устозини лозим тутишликдан ўзини тўсмасин. Зоҳиран ёмон кўринаётган ишларни тўғри қабул қилсин. Бундай ишлардан тавфиқи оз киши ожиз қолади. Боpдию устози унга қаттиққўллик қиладиган бўлса, дарҳол узр айтиб, айб ундан ўтканлигини таъкидласин. Чунки, шундай қилишлиги у учун ҳам дунё, ҳам дин томонлама фоидалидир. Шунингдек, у устозини қалбидан ўрин олади.
Уламолар айтишадики: “Кимки таълим олиш қийинчилигига сабр қилмаса, умри жаҳолат ботқоғидан нари чиқмайди. Кимки бунга сабр қилса, иши олий бўлиб, охират ва дунё саодатига эришади”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Талаб қилувчи ҳолимда хор бўлдим. Талаб қилинган ҳолимда азизу мукаррам бўлдим”.
Толиби илимнинг одобларидандир: ҳалимлик; ширинсўзлик; олий ҳимматли бўлиш; кўп нарсага эришиш йўлида озига қаноат қилмаслик; бугунги ишини эртага қўймаслик; фойдали ишларини қилишга шошилиш, гарчи кейинчалик қилса унга эришиш имкони бўлса ҳам. Чунки ишларни кечиктиришда офатлар бор. Шунингдек, келгуси ўша вақтда бошқа фоидали иш қилиш мумкин.
Робийъ роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Имоми Шофеъийни таснифга киришиб кетганларидан у кишини на кундузи овқатланганларини, на кечаси ухлаганларини кўрдим. Шунингдек, тоқатлари етмаган нарсага ўзларини урунтирмаганлар. Бундай кишилар инсонлар орасида кам учрайди”.
Дарсга келганида устози ҳали ҳозир бўлмаган бўлса, толиби илм кутади. Ҳечам дарсни ўтказиб юбормайди. Устози бошқа шогирддан сўраётганда ичи сиқилмайди.
Хатиб ал-Боғдодий шундай деганлар: “Агар толиби илм устозини ухлаётгани устига келса, уни безовта қилмайди, балки уйғонганича кутади ёки бошқа вақт келади. Унинг зиммасидаги вазифа Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва салафи солиҳлар қилгаларидек сабр қилиш”.
Аллоҳ таоло барчамизни сабрли бандаларидан қилсин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ






