Истакларнинг энг мукаммали мақсад қилинган нарсага қараб бўлади. Инсонларнинг истаги комил бўлгани Аллоҳни истаганидир. Аллоҳнинг якка ўзига ибодат қилиши, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслиги, жаннатда Унинг жамолини кўриб яшашга ҳаракат қилмоғи унинг истагидир. Жаннатни фақат Ўзининг дўстларигагина раво кўради. Яна инсон мўмин учун мисли қамоқ, кофир учун жаннат бўлган бу ёлғон дунёдан воз кечмоғи лозим. Аттобийга “Фалончи ҳиммати олий киши”-дейилганида, у киши “Ундай бўлса нияти жаннатдан пасти бўлмаслиги керак”-деди.
Инсоннинг лаззат олиши унинг қадри, ҳиммати ва нафсининг шарафига қараб бўладиган бўлса, унда энг нафси шарафлиси, ҳиммати олийси ва қадри баланди Аллоҳни таниш, Уни яхши кўриш, Унга тезроқ йўлиқишга иштиёқли бўлиш ва У яхши кўриб рози бўладиган нарсалар билан Унга муҳаббатини ошкор қилиш лаззатини тотган кишидир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана ўша билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшироқдир”. (Юнус сураси, 58-оят).
Имом Ғаззолий ўзининг “Минҳож ул обидин” китобида айтади: ”Дунёда ҳақиқий бойлик ва эҳтиромлар Аллоҳнинг қадарига рози бўлган авлиёлари ҳузуридадир. Қуруқлик, сувлик, тошу-тупроқлар улар учун тилла-кумушдир. Инсу-жин, чорва ва қушлар улар учун хизматда. Улар Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани хоҳлайдилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарса албатта бўлади. Аллоҳ таоло яратган махлуқларининг ҳеч қайсидан қўрқмайди, аксинча махлуқлар улардан қўрқади. Аллоҳдан бошқага қуллик қилмайди. Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса уларга хизмат қилади. Дунё подшолари бу мартабанинг ўндан бирига ҳам эришолмайди. Булар дунёдаги мулклар. Аммо охиратдаги мулк ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Ва агар кўрсанг, у ерда неъматни ва улкан мулкни кўрарсан”. (Инсон сураси, 20-оят). Аллоҳ таоло уни “улкан мулк” дейишлигининг ўзи буюкдир. Биласизки, бу дунёдаги бошидан охиригача бўлган ҳамма нарса “жуда оз нарса” деб сифатланган. Ундан ҳар биримизга аталган насибамиз эса ўша “жуда оз” дан озгина нарсадир. Кимдир шу озгина нарса учун жонини фидо қилади, аммо унга эриша оладими ё йўқми, номаълум. Эришолса буни айби йўқ, балки ҳавас қилинадиган. Эришиш йўлида сарфлаган моли ва хизматини кўп деб ўйламасин.
Худди шоир Имру Қайс айтганидек, яъни шеър: “Дўстим ҳаёт сўқмоқларини кўриб йиғлади ва ишонч билан “Қайсарнинг бойлигига эришамиз”деди. Мен унга “кўзларинг ёшлатмагин, бойлигимиз сари интиламиз ё шу йўлда жон берармиз, бунда айб йўқ”-дедим”.
Энди абадий ҳаётда, туганмас неъматлар ичидаги “улкан мулк” тугаб битмас бойликни истаганларнинг ҳоли не кечар экан. Ўша бойликка эришиш йўлида Аллоҳ учун холис ўқиган бир-икки ракаат намози, садақа қилган озгина пули ва қиёмда бедор ўтказган баъзи кечалари кўзига жуда кўп кўринармикан?. Йўқ! Асло, ундай эмас, балки унинг мингта жони, мингта умри бўлса ҳам бундай улуғ неъматнинг эвазига бахшида этади. Булар унинг учун озгина нарсалардир. Истаган нарсасига эришса жуда-жуда катта ғаниматдир, айниқса бу ғаниматни ким бераётгани муҳимроқ. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар бир киши Аллоҳ таолонинг тоатида туғилганидан то қариб ўлгунича юзи билан судралса ҳам, қиёмат кунида бу иши ўзига кам кўриниб қолади”. Бу албатта унинг чеккан машаққатлари эвазига берилган нарсаларни кўриб лол қолганда бўлади.
Жаннати ризвонни ўз кўзи билан кўрган вақтда шоирнинг мана бу шеъридаги ҳолат бўлади: яъни шеър: “Мен ўйлар эдим, орзуларимнинг бир чегараси бор, ўша ерга бориб тўхтайди,деб. Жаннатда учрашиб, унинг чиройини кўрганимда, шу вақтгача ҳеч нарса қилмасдан ўйнаб юрганимни юракдан ҳис қилдим”.
Ҳиммати олий киши ўткинчи нарсаларга одатланмайди ва бу омонат дунёга ва молу-мулкка маҳлиё бўлиб қолмайди. Балки, унинг ҳиммати доим абадий ҳаёт, абадий мол-мулк сари интилаверади. Энг юқори бўлган иллийн сари парвоз қилаверади. Унинг парози ҳеч ғам ташвиш йўқ, чарчоқ-машаққат йўқ, нур таралиб райҳон ҳидлари уфириб турган, анҳорлари оқиб турган, ғарқ пишган мевалару гўзалликда тенги йўқ ҳурлар мўл бўлган жаннатга етмагунча тўхтамайди. У ердагина кўзлар ҳақиқий қувнайди, нафс роҳат олади, қалблар хотиржам бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар”. (Каҳф сураси, 107-108-оятлар).
Жаннат бу ҳақиқий ватандир. Орзу-истаклар фақат шу ватанда ушалади. Бу дунёга Одам Ато ва Момо Ҳавво туширилганидан буён меҳмонмиз. Шоир айтади:
Яъни шеър: “Юрак турфа хил орзуларни хоҳлайди, ҳақиқий севги биринчи ватанни севишдир. Инсон бу оламда қанча жойларни ёқтирар, лекин биринчи ватанини доим соғинади. Келинглар! Адн жаннатларига! Чунки у бизнинг биринчи манзилимиз, у ерда ҳақиқий ҳаёт бор. Бизни ҳозир душман асир олиб турибди, қачон ватанимизга қайтиб уни қўлга киритар эканмиз?!”.
Асадулло ХОЛМУРОДОВ
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси





