Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу динни ботирликда зарбулмасал бўлган, шижоат рамзи ҳисобланган ва чиройли хулқ ва мақтовга сазавор хислат соҳиби Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу билан қўллаб-қувватлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳим, Исломни Умар билан азиз қилгин!” деб қилган дуолари сабабдир. Жаннат башорати берилган 10 саҳобийнинг иккинчиси бўлган бу зот Ислом давлатига 10 йил халифалик қилдилар ва Исломни кенг ёйишга сазавор бўлдилар.
Умар розияллоҳу анҳу амир бўлишликларига қарамасдан тавозеъли киши бўлганлар. У кишининг тавозеълари кўп ўринда зоҳир бўлган. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: у киши бир куни Умар розияллоҳу анҳуни елкаларида сув тўла идишни кўтариб келаётганларини кўриб, “Сизга бу иш тўғри келмайди, мўминларнинг амири!” дедилар. Шунда у киши: “Олдимга одамлар бўйсунган ҳолда келишди. Ичимга мағрурлик кириб қолди. Шуни синдирмоқчиман” деб жавоб бердилар.
Шунингдек, у киши тақводор киши ҳам эдилар. Бу ҳолат ҳам кўп ўринларда зоҳир бўлган. Бир куни у киши бетоб бўлиб қолдилар. Асал тановул қилмоқчи бўлдилар. Фатҳ қилинган диёрдан ўлжа сифатида олиб келинган асал байтулмолда бор эди. У киши масжид минбарига чиқиб, асални истемол қилишликка изн сўрадилар. Бордию, рози бўлмасалар бу асал менга ҳаром деб айтдилар. Инсонларнинг барчаси йиғлаб юбордилар ва асални танаввул қилишликка рухсат бердилар. У киши ўлимдан ва ҳисоб кунидан жуда қаттиқ қўрқар эдилар. Ҳатто, “Ўлим энг яхши насиҳатгўй” деб ёзилган узук ясатдилар. У киши шундай деганлар: “Қани эди, бу дунёдан тенг бўлиб чиқиб кетсам. Бу дунё на менинг фойдамга ва на зараримга бўлса!”.
Шунингдек, у киши Аллоҳ таолонинг чегарасини лозим тутганлар. Бир куни минбарда аёлларнинг маҳрини чегаралаш ҳақида гапираётган эдилар. Шунда бир аёл қуйидаги оятни ўқиди:
وَإِنْ أَرَدْتُمُ اسْتِبْدَالَ زَوْجٍ مَكَانَ زَوْجٍ وَآتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنْطَارًا فَلَا تَأْخُذُوا مِنْهُ شَيْئًا أَتَأْخُذُونَهُ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا
Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр бўрган бўлсангиз ҳам уни қайтариб олманг. Уни бўхтон ва катта гуноҳ ҳолида оласизми? (Нисо сураси 20-оят).
Умар розияллоҳу анҳу хато қилаётганини айтиб: “Аёл тўғри айтди” дедилар.
У киши ишни кўзини биладиган бошлиқ ҳам бўлганлар. Наҳованд деган жойни фатҳ қилиш учун Нўмон ибн Муқрин Музанийни танлаб, бошлиқ қилдилар ва бу танлов ўз гапини исботлади. Нўмон ибн Муқрин Наҳовандни фатҳ этдилар. Бу билан Умар розияллоҳу анҳу ўз ўрнига лойиқ зот эканликларини исботладилар.
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
манбалар асосида тайёрлади






