Давоми (3-қисм)
من سنّ في الإسلام سنة حسنة فله أجرها وأجر من عمل بها بعده، من غير أن ينقص من أجورهم شيء. ومن سنّ في الإسلام سنّة سيئة كان عليه وزرها ووزر من عمل بها من بعده، من غير أن ينقص من أوزارهم شيء
”Кимки исломда гўзал суннат (одат) жорий қилса, унинг ажри ва ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ажри унга бўлади. Кимки исломда ёмон суннат жорий қилса, унинг гуноҳи ва гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ҳам гуноҳи унга бўлади”
Ушбу ҳадис шарифдан қуйидаги маъноларни англашимиз мумкин :
Биринчидан – инсон бажарадиган турли иш ҳаракатлар агар биз олдин айтиб ўтган бидъат маъносига дахилдор бўлмаса ва шариатда келган буйруқларга тескари келадиган бўлса бу ишлар Аллоҳ таолонинг шариатига хилоф (ҳаром ёки макруҳ) бўладиган ишлар дейилади. Энди бундай ишлар янги пайдо бўлганми ёки ёмон одатлар сифатида эскиттан маълум ва машҳурми фарқи йўқ умумий “шариатга хилоф ишлар” деб номланади. Бундай ишлардан четланиш кераклиги ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмас.
Иккинчидан – инсон бажарадиган баъзи иш ҳаракатлар шариат аҳкомлари ва одобларига тескари ҳам мувофиқ ҳам бўлмади дейлик, энди бу ишга ҳукум бериш учун унинг келтириб чиқарадиган натижаларига назар ташлаймиз. Яъни агар уни қилиш Ислом дини келтирган беш асосий мақсад (дин, жон, ақл, обрў ва мол ҳимояси)ни амалга оширишга олиб борувчи бўладиган бўлса бундай иш ҳадис шарифда айтилган “гўзал(яхши)суннат” сирасига киради. Бу яхши суннатлар ҳам мандуб ва вожиблик даражасида турлича бўлиши мумкин, буни унга эҳтиёж қандайлигига қараб аниқлаймиз, яъни бу иш ислом мақсадларини амалга оширишда ўта зарурми ёки асосий омиллариданми ёҳуд фойдали қўшимча холосми шуни ўрганамиз. Энди юқорида айтилган инсон қиладиган ишлардан айни шу беш мақсадга путур етказадиган ёки зарар келтирадигани бўлса у ҳадисдаги “ёмон суннат” маъноси остига киради. Бу ҳам келтирадиган зарарларига қараб макруҳ ва ҳаромлик даражасида фарқланади. Қолган ишлар яъни ислом мақсадларига на салбий ва на ижобий таъсири бўлмаганлари эса “мубоҳ” дейилади ва уни қилиш қилмаслик бандани ихтиёрий иши ҳисобланади.
Юқорида айтилган “яхши суннат” деб номланган ишларга кўп нарсаларни мисол қилишимиз мумкин, масалан мусулмонлар ҳаётини яхшилайдиган ва шариатга мувофиқ бўлган ҳар қандай илмий маърифий ўқув дастурлар, ислом ривожи учун шариат кўрсатмалари асосида ташкил қилинган йиғилишлар, конфренсиялар ва турли хайрия ва хизмат кўрсатувчи ташкилолар бунга ёрқин мисол бўла олади.
Шундай экан диннинг мақсадларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган ишлар масалан мусулмонлар муайян саналарда ўтказадиган (байрам) маросимларни ҳам айни шу яхши суннатлар қаторига киритишимиз мумкин. Бундай маросимлар ўша мақсадларни рўёбга чиқаришда зарурат ёки эҳтиёж ёҳуд қўшимча ёрдам даражаларининг бирида бўлиши мумкин, аммо улар ҳар қанча муҳим ва зарур бўламсин барчаларига умумий бир шарт қўйилган бўлади у шарт :”Бу амалларнинг барчаси ҳаром ишларни ўз ичига олмаслиги ва бошқа диний мақсадларнинг бирига зарар бермаслиги лозим” шартидир.
Мана шу масаланинг илмий моҳиятидир. Агар биз мана шу илмий асосларга суянсак қуйидагича хулосага келамиз:
1. Мусулмонларнинг Росулуллоҳ (с.а.в) туғулган ойни мавлид деб нишонлашлари ҳеч қачон бидъат деб номланмайди. Зеро мавлидни нишонлаётганлар уни диннинг ўзаги ва унинг моҳиятини ташкил қилувчи асосий унсур деб эътиқод қилишмайди яна бу ишга бепарво бўлган одамни айни бепарволиги учун гуноҳкор бўлади ҳам дейишмайди. Балки бу иш диний яхшиликни амалга ошириш учун қилинадиган ижтимоий фаоллик деб ҳисобланади.
2. Мавлид байрамида ваҳоланки гуноҳ ишлар бўлмаса ва яхшиликни кўзланган ишлар бузғунчилик ва ёмонлик ҳолатларни келтириб чиқармас экан “суннати саййиа” яъни “ёмон (иш бўлиб)жорий қилинган” ҳам дейилмайди.
Абдуллаев Алиакбар,
“Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом таълим муассасаси мударриси






