Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари мусулмонлару ғайри мусулмонлардан иборат барча инсонларга меҳр-шафқат, раҳмдиллик ва меҳрибонликка тўла бўлгани асло сир эмас. Чунки шундай бўлган тақдирдагина ҳамма у зотга ва келтирган динига талпинади ва боғланади. Ўз фойдасини ўйлаган ҳар бир инсон Росулуллоҳнинг рисолатига иймон келтириш учун шошилади. Қуръон соябони, иймон ва Ислом дарахти тагидан жой олади. Чунки бу дин икки дунё бахт-саодати ва нажотини кафолатлаган диндир. Аллоҳ таоло бу сифатни баён қилиб:
«Бaтaҳқиқ, сизлaргa ўзингиздaн бўлгaн сизнинг мaшaққaт чекишингиз унинг учун oғир бўлгaн, сизнинг (сaoдaтгa етишишингизгa) тaшнa мўминлaргa мaрҳaмaтли, меҳрибoн бўлгaн Пaйғaмбaр келди»[1], дейди. Яъни, уни деб сизлартанг аҳволга тушишингиз унга оғирдир. Сизларга ёмонлик етиши уни ташвишга солади. У зот дунё ва охиратда мўминларга меҳрибон ва раҳимлидир. Баъзи олимлар: «Аллоҳ таоло фазли-карами туфайли Ўз исмларидан Расулига иккитасини берди. Бу мазкур оятнинг «мўминлaргa мaрҳaмaтли, меҳрибoн» деган қисмида келтирилган», дейишган. Аллоҳ таоло Ўз Росули ҳақида: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик»[2], дея марҳамат қилган.
.
Пайғамбар алайҳиссалом қалбларини улфат қилиш баъзиларга арабларда одат бўлмаган кўп мол-дунёни берар эдилар. Буларни фақат уларнинг нажот топишлари, куфр азобидан омон қолишлари ва Ислом неъматини қўлга киритишлари учун қилар эдилар. Имом Муслим Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилади: «Росулуллоҳ ғазотга чиқдилар. Бу Ҳунайн воқеаси эди. У зот Сафвон ибн Умайянинг бир ўзига юзта туя, сўнг юзта, сўнг яна юзта бердилар. Сафвон: «Аллоҳга қасамки, у зот менга хўп ва кўп бердилар. Олдинлари у зот менга одамларнинг энг ёмони эдилар. Беришда давом этавердилар, охир-оқибат менга одамларнинг энг севимлисига айландилар»[3].
Абу Шайх ибн Ҳиббон ва Баззор ривоят қилади: «Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, бир нарса сўради. У зот у сўраган нарсани бера туриб: «Берганим сенга маъқулми?», дедилар. Аъробий: «Йўқ, маъқул бўлмади», деди норози бўлгандек. Мусулмонлар дарғазаб бўлиб, адабини бериб қўйиш учун ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганда у зот «тегманглар», деган маънода ишора қилиб, уйларига кириб кетдилар. Уни олдига чақириб олдин берганларига яна қўшдилар. Сўнг: «Энди яхши бўлдими?», дедилар. У: «Ҳа. Аллоҳ сизга Аҳлингиз ва қариндошларингиздан яхшиликлар қайтарсин», деди. Набий алайҳиссалом унга: «Сен боя нима десанг, деб қўйдинг. Ўша сўзинг туфайли саҳобаларим қалбида сенга нисбатан норизолик уйғонди. Агар ҳоҳласанг, олдимда айтган гапингни улар олдида ҳам айтсанг, токи сенга нисбатан қалбларидаги ёмон гумон кетса», дедилар. У: «Хўп бўлади», деди. Аъробий эртаси ёки кечқурун келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу аъробий нима деса деган эди. Биз унга зиёда қилган эдик, рози бўлганини изҳор этди, шундайми?», дедилар. У: «Аллоҳ сизга Аҳлингиз ва қариндошларингиздан яхшиликлар қайтарсин», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу билан мен бамисоли туяси қочиб кетган кишига ўхшаймиз. Одамлар туя ортидан эргашиб, қувлаган сари у баттар қочди. Бу ҳолатни кўрган эгаси: «Туямни менга қўйиб беринглар. Унга индаманглар. Унга сизлардан кўра ўзим меҳрибонроқман ва одатини яхшироқ биламан», деди. Туясига олд тарафидан бориб, ерда ётган нарсалардан олиб чақирди. Туя келиб, эгаси олдига чўкди. Эгаси туяси устига эгарини боғлади-да миниб олди. Агар мен бу кишининг айтганига қараб сизларга индамаганимда, уни ўлдириб қўяр эдингизлар, у дўзахга кирар эди», дедилар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга қилган одобсизлиги аъробийни иймондан чиқарар ва жазоси жаҳаннам бўлар эди. Лекин у зотнинг мулойимлик ва лутф ила қилган муомалалари ва зиёда илтифотлари аъробийни хурсанд қилди ва тавбасига сабаб бўлди. У зот умматларига раҳмдил бўлиб, ҳолатларини яхши билар, дардларининг моҳир табиби эдилар.
Имом Абу Довуд ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васаллам айтадилар: «Сизлардан кимдир асҳобларимнинг биридан менга ниманидир етказса, албатта мен сизлар (нинг олдингиз) га салим қалб билан чиқишни яхши кўраман». Бу ҳам у зотнинг меҳр-шафқатларига яна бир карра исботдир. Шариат аҳкомларини енгил ва осон қилишлари, фарз бўлиб қолишидан хавфсираб баъзиларини тарк этишлари у зотнинг умматга меҳр-шафқатлари нақадар юксаклигини билдиради. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат қилиб қўймаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллардан тоқатингиз етганича олинг. Қачонки бирингиз намоз ўқиётганда мудраса, то уйқуси кетгунча ухласин. Агар бирингиз мудраган ҳолда намоз ўқиса, Аллоҳга истиғфор айтаман деб, ўзини сўкиб қўйганини билмай қолиши мумкин», дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кун ифторлик қилмай рўзани улаб тутишдан қайтаришлари ҳам умматларига меҳр-шафқатлари белгисидир. Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда: «Росулуллоҳ ёш гўдакнинг йиғисини эшитсалар, намозларини енгиллатар эдилар», дейилган.Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда у зот Роббисига дуо қилиб: «Қайси кишини айблаган ёки лаънатлаган бўлсам, буни Қиёмат куни унга барака, раҳмат, мақтов, поклик ва Ўзингга яқинлаштирувчи қурбат қилгин», дея сўраганлар. Бу ҳам у зотнинг меҳрибонликларига мисолдир. Улуғ тобеъинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадирдан келтирилган ривоятда шундай дейилган: «Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ таоло осмон, ер ва тоғларни сенга итоат қилишга амр этди», дедилар. У зот: «Умматимдан тўхтатиб тураман,[4] шоядки Аллоҳ уларни тавбага мушарраф қилса», дедилар»[5].
Имом Термизий ва имом Ҳоким келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Росулуллоҳга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, тўғрироғини танлар эдилар», деб хабар беради.Бошқа бир ривоятда: «У зотга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, осонроғини танлар эдилар»[6], дейилган.
Икки Шайх Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Росулуллоҳ бизга малол келишидан қўрқиб, вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар».
Оиша розияллоҳу анҳонинг асов туяни (уриб)
қайтармоқчи бўлганини кўриб Росулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: «Ҳалимликни
лозим тут», деб танбеҳ бердилар.
Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятди. Росулуллоҳ соллаллаҳу
алайҳи васаллам: «Юмшоқликни лозим тут. Албатта, қайси нарсада юмшоқлик
бўлса, уни зийнатлайди. Қайси нарсадан олиб қўйилса, уни айбли қилиб қўяди», дедилар.
Имом Бухорий Оиша онамиздан келтирган ривоятда Росулуллоҳ алайҳиссалом: «Сен
юмшоқликни лозим тут. Қўполлик ва бадхулқликдан четлан»[7],
дедилар.
[1] Тавба сураси, 128-оят.
[2] Анбиё сураси, 108-оят.
[3]Росулуллоҳнинг мақсадалари нима қилиб бўлса ҳам у ва унга ўхшашларни иймонсизлик ботқоғидан чиқариш эди. Моҳир табиб дардга қараб муолажа қилади.
[4] Куфр келтирганлари туфайли азобга ҳақли бўлсалар ҳам барибир уларга азобни лойиқ кўрмайман. Шоядки Аллоҳ таоло ичларидан айримларини иймон келтириш, тавба қилишга сазовар қилса ёки зурриётларидан аҳли иймонлар чиқса.
[5] Ушбу ривоят мурсал бўлсада мавсул ҳукмида. Чунки бунга ўхшаш гап фикр билан айтилмайди. Муҳаддислар саҳобийнинг мавқуфи ҳақида худди шундай гапни айтиб, унга марфуъ ҳукмини беришади.
[6] Имом Муслим ривояти.
[7] Имом Бухорий «Тарих» китобида келтирган. t(99)(«Promi