“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Билим юрти мудири, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) М. Эркаев, маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари А. Ғаниев ҳамда ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Жалолов, билим юртининг бошқа устозлари ҳамда талабалар иштирок этишди.



Тақдимотни Билим юрти мудири Маъмуржон домла Эркаев кириш сўзи билан очиб берди. Маърузасида одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш ҳамда унга юксак эҳтиром кўрсатиш кераклиги борасида ўз фикрларини талабаларга изҳор қилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари билим юрти мударриси Жалолиддин домла Холмўминов китобдаги мавзулар баёни борасида сўзладилар. Кейинги ўринда эса, Алиакбар домла Абдуллаев сўзга чиқиб, китобдан китобхон оладиган фойдалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Сўнгги маърузачи сифатида айни дамда билим юртида амалиёт ўтаётган “Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти талабаси Абдуллоҳ Абдумавлонов сўзга чиқиб, ушбу китобдан айнан талабалар олиши мумкин бўлган манфаатлар ҳақида гапирди.



Тақдимот илиқ ва кўтаринки руҳда ўтиб, йиғилганларда асарга нисбатан чуқур қизиқиш ва маънавий завқ уйғотди.
📝Кўкалдош ЎМИБЮ матбуот хизмати






