Ушбу қоида келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар:
Ушбу қоиданинг келиб чиқишига сабаб бўлган асосий омил саҳобаи киромларга бўлган чиройли гумондир. Ислом уммати уламолари саҳобаларнинг адолатли эканига ижмоъ қилишган. Саҳобий бир ҳадисни ривоят қилиб, ўзи унга хилоф қилиши мумкин эмас, фақат ўзи наздида ўша ҳадиснинг насх бўлгани ёки бошқа сабабига далил собит бўлсагина хилоф қилиши мумкин.
Имом Таҳовий ўзининг китобларида ушбу қоидага кўра иш тутган. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг рафъул ядайн ҳадисини ривоят қилиб, сўнгра ўзи уни қилмаганини келтирганидан кейин шундай деган: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломни рафъул ядайн қилар эдилар, деб ривоят қилган. Сўнгра ўзи рафъул ядайнни тарк қилган. Пайғамбар алайҳиссалом қилиб юрган амални саҳобий насх бўлганлигини билгани ва унга ҳужжат бўлгандан кейингина тарк қилиши мумкин”[1].
Имом Абу Бакр Жассос ушбу қоидага кўп эътибор қаратган. У Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ит ялаган идишни ювиш ҳақидаги ҳадисни келтирганидан кейин шундай деган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ундан ит ялаган идиш ҳақида сўралганида уч марта ювиб ташлашни буюрди”. Бу икки сабабга кўра бўлиши мумкин:
1 – ё уч мартадан ортиғи насх бўлганини билган.
2 – ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзини мустаҳабликка далолат қилади, деб тушунган[2].
Қавлий хилоф келишига мисол “Ит ялаган идишни ювиш” ҳадиси.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ит бирор идишни яласа, уни етти марта ювинглар”, дедилар[3].
Атодан ривоят қилинади: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ит ёки мушук ялаган идиш ҳақида сўралганида: “Уч марта ювиб ташланади”, деди[4].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уч марта ювиш идишни итнинг ялашидан поклайди деб билгач, Пайғамабар алайҳиссаломнинг юқоридаги сўзларини ривоят қилган. Ушбу сўзи билан етти марта ювиш мансух бўлади. Зеро, биз саҳобийга яхши гумонда бўлмоқдамиз. Саҳобий Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитганини худди шу каби яна бошқа ҳадисни эшитсагина, аввалгисини тарк қилиши мумкин, деб айтамиз. Акс ҳолда, адолати соқит бўлиб, унинг қавли ва ривояти қабул қилинмайди[5]. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муроди вожиблик эмас, балки, мустаҳаб учун бўлган. Шунга кўра, етти марта ювиш мустаҳаб, уч марта ювишни вожиб, деб олсак далиллар ораси жамланади.
Феълий хилоф келганига мисол “Такбири таҳримадан бошқа ўринларда рафъул ядайн қилиш” ҳадиси.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқимоқчи бўлсалар, икки қўлларини елкалари баробари қилиб кўтарар, сўнгра такбир айтар эди. Рукуъ қилмоқчи бўлганида ҳам худди шундай қилар эди. Рукуъдан кўтарилганида ҳам шундай қилар эди. Саждадан бош кўтарганида ундай қилмас эдилар”[6].
Мужоҳиддан ривоят қилинади: Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ортида намоз ўқидим. У намозда фақат такбири таҳримадагина икки қўлини кўтарди, бошқа ўринда кўтармади”[7].
Бундан билинадики, ҳанафий мазҳабимиз уламолари: “Ривоятига ўзи хилоф қилган ровийнинг ҳадиси ҳужжат қилинишдан соқит бўлади” дейишади. Чунки ушбу ровий бу ҳадис мансух бўлгани ёки собит эмаслигини билгани учунгина ушбу ҳадисга амал қилмаган бўлади.
Фуқаҳолар, усул уламолари ва муҳаддислардан иборат жумҳур уламолар эса: “Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисга хилоф амал қилиши ёки унга хилоф фатво бериши ҳадисга таъна етказмайди. Чунки, унинг Пайғамбар алайҳиссаломдан қилган ривояти ва нақлини қабул қилишимиз вожибдир, унинг феъли ва фатвосини эмас”, дейишади.
Муҳаддислар наздида ровийнинг айбланиши
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида ровийнинг айбланиши “инқитоъул ботин – ботиний мунқатеъ” турига киради. Аммо муҳаддислар наздида эса, бу мунқатеъ бобига эмас, балки, “ривояти мақбул ёки мардуд бўладиган ровийнинг сифатлари” бобига киради. Қуйида муҳаддислар мазҳабининг “ривояти мақбул ёки мардуд бўладиган ровийнинг сифатлари” ҳақидаги сўзларининг хулосасини келтирамиз:
Ровийнинг айбланишидан мақсад нима?
Ровийнинг айбланиши деганда, уни тил билан жарҳ қилиш (айблаш), яъни, унинг адолати ва дини жиҳатидан ёки зеҳни ва зобти жиҳатидан у ҳақда эътирозли фикр билдириш тушунилади.
Хулоса
Биз ушбу мақолада ҳадис илмининг бир бўлаги бўлган ровийларнинг ўз ривоятига хилоф қилиши, ровийдаги таъна (айбланиши) ҳақида сўз юритдик.
Умуман, олганда уламоларнинг бу борадаги фикрлари ижтиҳодий масала бўлиб, ҳар бир уламо ўз фикрини далиллар билан қувватлашга ҳаракат қилган. Кўпчилик уламолар ёқлаган фикрлар рожиҳ саналиб, ушбу фикр жумҳур учун қоида сифатида қабул қилинади.
Ровийнинг ўз ривоятига хилоф иш тутиши ҳанафий уламолари наздида ушбу ривоят учун айб саналса, жумҳур уламолар наздида эса айб саналмайди.
Бу мақолада ҳадис илмида ҳар бир сўз ва амал ҳам эътибордан четда қолмаслиги ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ҳадислар доимо ўрганиб борилаётгани ва ушбу ҳадислар ҳозирги кунимизда жуда муҳим эканлигини ёритиб бериш мақсад қилинди.
КЎКАЛДОШ ЎМИТМ МУДАРРИСИ ХОЛМУРОДОВ АСАДУЛЛО
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
Ўзбек тилидаги
1. Ҳадис ва ҳаёт. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаамад Юсуф.
2. Мусталаҳул ҳадис. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
3. Ҳадисшунослик бўйича ўқув қўлланма. Муротов Д. Раҳимжонов Д.
Араб тилидаги
- Абдулмажид Жузжоний. “Қавоид фи улумил ҳадис ан-набавий ала манҳажис-саадати ал-ҳанафия”.
- Абдулазиз Бухорий. “Кашф-ал-асрор”.
- Имом Таҳовий. “Шарҳу маъони-ал-осор”.
- Имом Сарахсий. “Усул-ас-Сарахсий”.
- Аъзамий. “Тақрибу шарҳи маъони-ал-осор”.
- Жассос. “Шарҳи мухтасари-ат-Таҳовий”.
- Туркмоний. “Ад-диросот”. 378-380 бет.
- Имом Бухорий. “Саҳиҳул Бухорий.”
- Имом Муслим. “Саҳиҳи Муслим”.
[1] Аъзамий. “Тақрибу шарҳи маъони-ал-осор”. 1:197.
[2] Жассос. “Шарҳи мухтасари-ат-Таҳовий”. 1:280. Туркмоний. “Ад-диросот”. 378-380 бет.
[3] Таҳовий. “Шарҳу маъони-ал-осор”. 1:21.
[4] Таҳовий. “Шарҳу маъони-ал-осор”. 1:23.
[5] Таҳовий. “Шарҳу маъони-ал-осор”. 1:23.
[6] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти. “Шарҳу маъони-ал-осор”. 3:8.
[7] Муҳаммад Фуод Абдулбоқий. “Ал-луълуъ вал-маржон”. 1:79.






