Аллоҳ таоло учун учун қилинадиган ибодатларимиз бир неча турларга бўлинади. Намоз ва рўза ибодатлари фақат бадан билан адо қилинадиган ибодат бўлгани учун “Баданий ибодат” –дейилади. Закот ва фитр садақаси сингари ибодатлар “Молявий ибодат” турига киради. Ҳаж ибодати ҳам баданий, ҳам молявий ибодат турига киради. Қурбонлик эса қон оқиши ибодат бўлган ўзига хос ибодатдир. Қурбонликнинг ҳукми вожибдир. Пайғамбар алайҳиссалом қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилар ва бошқаларни ҳам қурбонлик қилишга тарғиб қилар эди. Қурбонликнинг тарихига назар солсак, аслида бу амал пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳиссаломдан қолган амал бўлса ҳам, бизнинг умматга унинг вожиблиги Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган амалдир. Қуръони каримда шундай дейилган:
“Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят)
Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »مَنْ وَجَدَ سَعَةً فَلَمْ يُضَحِّ فَلَا يَقْرَبَنَّ مُصَلَّانَا«. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَة.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, дедилар”.Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.
Қурбонлик қилувчи қурбонлик қилишибилан ислом шиорини изҳор қилишни, Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилишни ва Пайғамбар алайҳиссаломга иқтидо қилишни ният қилади. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин” дейишдан узоқ бўлиши лозим бўлади.
عَنِ اَلْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَامَ فِينَا رَسُولُ اَللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ:» أَرْبَعٌ لاَ يَجْزِيْنَ فِي الأَضَاحِيِّ: الْعَوْرَاءُ الْبَيِّنُ عَوَرُهَا، وَالْمَرِيْضَةُ الْبَيِّنُ مَرَضُهَا، وَالْعَرْجَاءُ الْبَيِّنُ عَرَجُهَا، وَالْكَسِيْرَةُ الَّتِي لاَ تُنْقِي «.رَوَاهُ اَلتِّرْمِذِيُّ.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қубонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан туролмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонни қулоғини, ё думини, ё кўзини уч ҳиссасидан бир ҳиссасининг кўпроғи кетса қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бормаса қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир.
Аммо, ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабаблар билан ўзи сўймасдан, бошқага буюрмоқни зарари йўқ.
عَنْ قُتَيْبَةَ بْنِ سَعِيدٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: ضَحَّى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِكَبْشَيْنِ أَمْلَحَيْنِ أَقْرَنَيْنِ وَذَبَحَهُمَا بِيَدِهِ وَسَمَّى وَكَبَّرَ وَوَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى صِفَاحِهِمَا. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ.
Қутайба ибн Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қора рангли, шохли икки қўй қурбонлик қилдилар. Сўйишда басмала ва такбир айтиб ва оёқларини қўйни устига қўйиб ўз қўллари билан сўйдилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Ҳайвонларни сўйишда туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қора мол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, тамоғининг тагидан сўйиш, пичоқни ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик ва бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик мустаҳаб ва одобдан бўлади.
Сўйилган қурбонлик гўштини қўрбонлик қилувчи ўзи ва бошқалар ейиши мумкин. Албатта, муҳтож ва солиҳ инсонларга едириш қурбонлик ибодатининг ичидага ибодатдир.
Холмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси