Росулуллоҳ ﷺ Aли ибн Aбу Толиб бошчилигида бир гуруҳ отлиқларни Той қабиласига, уларнинг бут-санамларини бузиб, ёмонларига одоб бериб келиш учун жўнатдилар. Бир неча кун ўтиб қўшин қайтиб келди. Улар билан бир қанча асирлар, хусусан Саффона бинт Ҳотам Той бор эди. У, жоҳилият даврида очиқ қўллиги ва сахийлиги билан зарбул масал бўлган Ҳотам Тойнинг қизи эди.
Саффона асирлар билан масжид эшиги олдида саф тортди. Росулуллоҳни ﷺ кўрганида айтди: “Эй Росулаллоҳ, отам вафот этди, таянчим ғоиб бўлди, менга илтифот қилинг, Aллоҳ сизга илтифот қилсин”.
Бас, Росулуллоҳ ﷺ сўрадилар: “Сен кимсан? Отанг ким? Таянчинг ким?” У жавоб берди: “Мен Саффона, шон-шарафни ҳимоя қилувчи, очларни тўйдирувчи, мехмонни иззат-икром қилувчи Ҳотам Тойнинг қизиман. Таянчим эса акам Aдий ибн Ҳотамдир. Бас, менга илтифот қилинг, Aллоҳ сизга илтифот қилсин!”
Росулуллоҳ ﷺ: “Эй қиз, бу ҳақиқий мўминнинг сифатларидир” — дедилар, сўнгра: “унинг йўлини бўшатинглар, албатта унинг отаси юксак ахлоқларни яхши кўрар эди.” Сўнгра Росулуллоҳ ﷺ уни кийинтирдилар (яъни муносиб уст-кийим бердилар) ва сахийлик билан унга ҳадялар бердилар ва сафари учун эҳтиёжи тушадиган нарсалар билан таъминладилар.
Зеро, унинг отаси олийжаноб эди, Aллоҳ эса барча олийжанобликни яхши кўради. Батаҳқиқ, Росулуллоҳ ﷺ юксак ахлоқларни тўлдириб, тамомлаш учун юборилгандирлар, ва мусулмонларга буни (“агар сизларга бир қавмнинг улуғи келса, уни хурмат қилинглар”) васият қилардилар.
1-курс талабаси Илхомий Икромбекнинг “Ат-Тарбиятул Исламийя” китобидан эркин таржимаси.