Аллоҳ cубҳанаҳу ва таоло Набийси Муҳаммад алайҳиссаломни мушриклар ва бошқа душманлар етказиши мумкин бўлган азиятлардан Ўз ҳимоясига олган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бир неча оятларда шундай марҳамат қилади:
«Aллoҳ сизни oдaмлaр (зaрaри)дaн сaқлaгaй» (Моида сураси, 67-оят);
«(Эй Муҳaммaд,) Роббингизнинг ҳукмигa сaбр қилинг! Зoтaн, сиз кўз ўнгимиздa (ҳимoямиздa)дирсиз!» (Тур сураси, 48-оят);
«Aлбaттa, Биз сизни мaсxaрa қилувчилaр (ни жaзoлaш) учун кифoя қилурмиз» (Ҳижр сураси, 95-оят);
«Кoфир бўлгaнлaрнинг сизни aсир oлиш ё ўлдириш ёки (юртдaн) чиқaриб юбoриш учун мaкр қилгaнлaрини эслaнг! Улaр мaкр қилaдилaр, Aллoҳ ҳaм «мaкр» қилaди. Aллoҳ «мaкр» қилувчилaрнинг яxшисидир» (Анфол сураси, 30-оят);
«Aллoҳ Ўз бaндaси (ни aсрaш) учун етaрли eмaсми?!» (Зумар сураси, 36-оят).
Муфассирларимиз ушбу охирги оятни «Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни мушрик душманлардан асрашга кифоя қилувчи эмасми?!» деб тафсир қилишган.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Aллoҳ сизни oдaмлaр (зaрaри)дaн сaқлaгaй» ояти нозил бўлгунига қадар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб юришарди. Мазкур оят нозил бўлганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом чодирдан бошларини чиқариб[1] саҳобаларга: «Эй инсонлар, кетаверинглар, Роббим азза ва жалланинг Ўзи мени сақлайди», деганлар.
Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлар зараридан ҳимоя қилинганлари ҳақидаги бир нечта воқеани келтириб ўтамиз.
- Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан бирга сафарга чиқдилар. Дам олиш учун бир жойда тўхтадилар. Саҳобалар бир дарахт тагидан Пайғамбар алайҳиссалом қайлула қилишлари учун қулай жой ҳозирладилар. Ул зотни безовта қилмаслик учун ўзлари дарахт ёнидан узоқлашдилар. Шу пайт душманлардан бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ётган жойга яқинлашди. Қиличини қинидан чиқарди-да, ҳавога кўтара туриб: «Ким сени мендан ҳимоя қила олади?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржамлик билан: «Аллоҳ азза ва жалла ҳимоя қилади», деб жавоб бердилар. Бундай жавобни эшитган аъробийнинг[2] қўли қалтираб, қиличи ерга тушиб кетди. Ўзини йўқотиб қўйганидан бошини дарахтга уриб олган эди, боши ёрилиб, қон ҳам оқди. Шунда Моида сурасининг 67-ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилич кўтарган киши Ғаврос ибн Ҳорис деган киши эди. Пайғамбар алайҳиссалом уни афв этдилар. Ғаврос иймон келтириб, Исломни қабул қилди ва қавмининг олдига бориб, уларни ҳам ҳақ йўлга бошлади.
- Бадр куни ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом қазои ҳожат учун саҳобалардан четроққа ўтдилар. Шунда бир мунофиқ ёмон ниятда ортларидан эргашди. Кейин у билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида худди юқоридагидек воқеа содир бўлди.
- Зу амр деган жойда бўлиб ўтган Ғатафон ғазотида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Дуъсур ибн Ҳорис ўртасида худди шундай воқеа юз берди. Дуъсур ибн Ҳорис бу воқеадан ҳайратланиб, мусулмон бўлди. Уни бу ишга қайраган қавмининг олдига қайтиб борганида улар: «Айтиб юрганларинг нима бўлди? Имконинг бўла туриб, қўлингдан ҳеч нарса келмабди-ку?» деб уни изза қилишди. Шунда Дуъсур:[3] «Муҳаммад узун бўйли, хушрўй, салобатли киши экан. Уни кўриб, ҳайбатидан ҳеч нарса қила олмай қолдим. Кейин у мени кўксимдан итариб юборган эди, орқамга йиқилиб тушдим. Бу ҳолатдан ҳайратландим ва унинг ҳақ Пайғамбар эканига ишондим», деб жавоб берди. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй иймoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш)ни ният қилгaнидa У Зот уларнинг қўлини сизлaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!» (Моида сураси, 11-оят)
- Абд ибн Ҳумайд айтади: «Ўтин ташиб юрувчи Умму Жамил Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтадиган йўлга тиканли янтоқларни сочиб, ул зотга азият берар эди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тиканлар устидан худди қумтепадан ўтгандек, бамайлихотир қадам босиб ўтиб кетаверардилар».
Ибн Исҳоқ Умму Жамил ҳақида шундай дейди: «Умму Жамилнинг қулоғига «Таббат ядаа Абии Лаҳабив-ватаб» сураси нозил бўлгани ва унда ўзи билан эрининг мазаммат қилингани ҳақидаги хабар етиб келди. Бундан қаттиқ ғазабланган Умму Жамил қўлига бир бўлак тош олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон йўл олди. Бу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан масжид олдида ўтирган эдилар. Уларнинг олдиларига етиб келганида кўзи фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунигина кўра олди. Аллоҳ таоло унинг кўзини жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўришдан тўсиб қўйган эди. Ҳайрон бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Бакр, дўстинг қани? У мен ҳақимда гап-сўз тарқатиб юрганмиш. Қасам ичиб айтаманки, уни топсам, манави тош билан оғзига ураман», деб дағдаға қилди.
Бу саҳнани «Ҳамзийя»нинг муаллифи шоир Бусирий ўз байтлари орқали шундай тасвирлайди:
Ўтин ташувчи аёл
Қўлига тошни олиб,
Келар «Аҳмад қани?» деб,
Ғазабидан қизариб.
Мазах қилиб устидан,
Кулганмиш Расуллуллоҳ,
Топса, тош—ла оғзига
Урар эмиш бу гумроҳ.
Кўролмади ул зотни
Ортга қайтди ноумид,
Ахир порлоқ куёшни
Қандай кўрсин сўқир ит?!
- Ҳакам ибн Абул Ос айтади: «Биз уни (Пайғамбар алайҳиссаломни) қаерда учратсак, ўша жойда ўлдиришга келишиб олган эдик. Унга дуч келганимизда орқадан, Тиҳома тоғи тарафдан даҳшатли бир овоз эшитдик. Ваҳоланки, у ерда ҳеч ким йўқ эди. Овоз даҳшатидан ҳушимизни йўқотдик. То ўзимизга келгунимизча у зот намозларини тугатиб, аллақачон кетиб бўлган эканлар. Бир куни кечаси яна у зотни ўлдирмоқчи бўлиб йўлга чиқдик. Ул зотни кўрганимиз заҳоти Сафо ва Марва тоғлари ўртамизга тушиб, орамизни тўсиб қўйди ва шу билан режамиз пучга чиқди».
- Умар розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: «Бир куни кечаси Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа иккаламиз у зотни ўлдиришга келишиб олдик. Уйларига етай деб қолганимизда у зотнинг Қуръон ўқиётганларини эшитиб, таққа тўхтадик. Пайғамбар алайҳиссалом «Ал-Ҳааққоҳ»ни «…фаҳал таро лаҳум мим баақияҳ»гача[4] ўқидилар. Абу Жаҳм елкамдан тортиб, «Қочиб қол» деган эди, қочиб кетдик».
- Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан аввал Қурайш қавми у зотни ўлдириш режасини тузди. Қош қорайгач, бир неча киши ғаразли мақсадларига эришиш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари яқинига жойлашиб олишди. Улар Набий алайҳиссалом уйдан чиқишлари билан у зотга найза санчиб ўлдирмоқчи эди. Бир пайт эшик очилиб, Пайғамбар алайҳиссалом чиқиб келдилар. Ул зот Ёсин сурасини қироат қилган кўйи пана-панада писиб ётган мушрикларнинг шундоққина ёнидан ўтиб кетдилар. Лекин мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломни кўришмасди. Аллоҳ таоло уларнинг кўзига парда тортиб қўйган эди. Тонг отса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом чиқавермаганларидан бетоқат бўлган мушриклар у зотнинг уйларига бостириб киришди. У зотнинг ўринларида Али розияллоҳу анҳуни кўриб, ҳайратдан қотиб қолишди. Али розияллоҳу анҳуни сўроқ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда чиқиб кетганларини билгач, режалари амалга ошмай қолганини англаб, дарғазаб ҳолда уйни тарк этишди.
- Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишдан олдин Савр ғорига яширинганларида Аллоҳ таоло у зотни мушриклардан ҳимоя қилди. Мушриклар ёллаган моҳир изқувар ёрдамида изларга қараб, Пайғамбар алайҳиссаломни қидириб, ғор оғзигача келишди. Аммо бу пайтгача бир ўргимчак Аллоҳнинг қудрати билан ғорга кириш йўлига тўр тўқиб қўйган эди. Бундан ташқари, ғорга кираверишга бир жуфт кабутар ҳам ин қурган эди. Бу ҳолатни кўрган Умайя ибн Халаф: «Ғор оғзини ўргимчак тўри қоплаган бўлса, қандай қилиб Муҳаммад ичкарида бўлсин? Бу ўргимчак тўр қўйган пайтда Муҳаммад ҳали туғилмаган бўлса ҳам керак» деб, шерикларини ғорга кириб, ичкарини текшириш фикридан қайтарди. Шериклари ҳам унинг фикрига қўшилиб, «Ичкарида одам бўлса, бу ерда кабутарлар ин қурмаган бўларди», дейишди. Кейин ортларига қайтиб кетишди.
[1] Бу оят нозил бўлгунга қадар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чодирларини қўриқлашарди. Бу оят нозил бўлганида ул зот алайҳиссалом чодир ичида эдилар.
[2] Аъробий деб саҳрода яшайдиган арабларга айтилади.
[3] Дуъсур қавмининг саййиди, энг шижоатлиси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам олиб ётганларида устиларига келиб ўлдирмоқчи бўлади.
[4] Маъноси: 1. Ал-Ҳааққоҳ. 2. Ал-Ҳааққоҳ нима ўзи?! 3. Ал-Ҳааққоҳ нималигини сенга нима билдирди?! 4. Самуд ва Од қориъани ёлғонга чиқаришди. Бас, аммо Самуд ҳаддан ошувчи билан ҳалок қилинди. 6. Ва аммо Од қаттиқ (совуқ) шамол билан ҳалок қилиндилар. 7. У зот уларнинг устидан бу шамолни етти кечаю саккиз кундуз бетўхтов эстириб қўйди. Бас, қавмни у ерда ҳалок бўлиб, ағдарилиб ётганини кўрасан. Улар худди хурмонинг чириган томирларига ўхшарлар. 8. Бас, сен улардан бирортасини боқий қолганини кўрасанми?