Шояд инсон очликнинг шарафини билиб, муносабатини охират йўли сари ўзгартиришни хоҳлаб қолса. Очликнинг фойдалари кўп. Уларнинг асосийлари қуйидагилар.
Қалб софлиги ва ақл заковати. Қориннинг тўқлиги бефаҳмликни кучайтиради ва қалб кўзини кўр қилади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қорнини оч тутса, фикри тиниқлашади ва қалби соф бўлади”, деганлар. Маърифат – саодат калити. Унга соф қалб билангина эришилади.
Қалб юмшоқлиги. Инсон юмшоқ қалб билан муножат лаззатини топади, зикр ва ибодатларга мойиллик ҳис этади. Имом Жунайд (раҳматуллоҳи алайҳ): “Сизлар қорнингизда таомдан холи жой қолдиринглар. Ўша жой билан муножат ҳаловатини топишни ният қилинглар”, деган. Очлик билан қалб қўрқуви ва юмшоқлиги, муножат ва ҳайбат кабиларга эришилади.
Нафс хорлиги, такаббурлик ва туғённи йўқотиш. Бирор нарса нафсни очликдек синдиролмайди. Туғён кишини ғафлат сари етаклайди. Бу дўзах бахтсизлигининг эшигидир. Очлик манашу эшикни ёпади. Бахтсизлик эшигининг ёпилиши, саодат эшигининг очилишидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бутун дунё бойлиги таклиф қилинганда: “Йўқ, бир куни оч, бир куни тўқ бўламан. Оч қолсам, сабр ва тазарруъ қиламан. Агар қорним тўйса, шукр қиламан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Балони ҳис этиш. Очликда азоб таъмини мушоҳада қилиш бор. Дунёда балога учраган киши охират азобидан қаттиқ қўрқади. Очлик нафс учун балодир. Бирор инсон очлик қийнаганидек, нафсни азоблашга қодир эмас. Чунки унда сохталик бўлмайди. Бало билан бошқа кўп фойдаларга ҳам эришилади. Бало билан Аллоҳ таолонинг бошқа синовларини доимо мушоҳада этилади.
Шаҳватларни синдириш, ёмонликка буюрувчи нафсдан устун келиш. Зуннун (розияллоҳу анҳу): “Мен қорнимни тўйдирмадим. Қачон тўйсам, гуноҳкор бўлдим ёки маъсиятни қасд қилдим”. Ойша (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин пайдо бўлган бидъатнинг биринчиси қоринни тўқлаш бўлди. Қавм қачон қорнини тўқласа, нафслари уларни дунёда ҳаддан оширади”.
Таҳажжуд ва ибодатга чаққон бўлиш ва тоатдан тўсувчи уйқуни камайтириш. Бахт-саодатнинг асоси умр ҳисобланади. Уйқу эса умрни камайтиради, ибодатдан тўсади. Уйқуни асосий сабабчиси эса кўп овқат ейишдир. Абу Сулаймон Дороний айтади: “Ким қорнини тўқласа, олтита офатга дучор бўлади. Жумладан, ибодат ҳаловатини йўқотади, ҳикматга амал қилиш қийинлашади, халққа меҳр-шафқат кўрсатишдан маҳрум бўлади. Чунки кимнинг қорни тўйса, халқнинг барчаси тўқ деб гумон қилади. Ибодат қилиш оғирлашади, шаҳватлар кўпаяди. Бошқа мўминлар масжид атрофида юрадилар. Қорни тўқлар эса ҳожатхона атрофида юрадилар”.
Озиқ-овқат ғамлашда мўтадил бўлиш, дунё матосининг озига қаноат қилиш, фақирликни афзал кўриш. Ким қорин очкўзлигидан халос бўлса, кўп маблағга муҳтож бўлмайди, ундан дунёнинг ғам-ташвишлари соқит бўлади. Агар қориннинг хоҳиш истакларини қондириш учун қарз олмоқчи бўлса, нафсни тийсин ва шаҳватларни тарк этсин.
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ,
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти муддарриси sdpriority21





