Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳақларида шундай ёзадилар:
“У киши имом Абу Ҳанифа. Исми: Нуъмон ибн Собит Таймий. Ироқ фақиҳи, устун уламолардан, эргашиладиган тўрт мазҳабдан бирининг имоми, тўрт мазҳаб имомлари ичида энг аввал вафот этганидир.
Абу Ҳанифа саҳобалар замонига етган. Улардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўрган. Бошқа саҳобаларни ҳам кўрган, деган гаплар бор. Баъзилар етти саҳобадан ҳадис ривоят қилган дейишган. Ўша етти саҳобанинг Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Унайс, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Маъқил ибн Ясор, Васила ибн ал-Асқоъ ва Оиша бинту Ажрод (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин) экани айтилади.
Абу Ҳанифа Ҳакам, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Омир Шаъбий, Икрима, Ато, Қатода, Зуҳрий, Ибн Умарнинг мавлоса Нофеъ, Абу Исҳақ Сабиий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.
У кишидан қуйидаги кишилар ҳадис ривоят қилишган: ўғиллари Ҳаммод, Иброҳим ибн Таҳмон, Исҳоқ ибн Юсуф Азроқ, Ҳамза Зайёт, Довуд Тоий, имом Зуфар, Абдурраззоқ, Абу Нуъайм, имом Муҳаммад ибн Ҳасан, Вакиъ, Қози Абу Юсуф.
Яҳё ибн Маъин айтади: “Абу Ҳанифа сиқа (ишончли), содиқ, ёлғонда туҳматланмаган кишидир. Ибну Ҳубайра уни қози бўлишга мажбурлаб калтаклатган. Яҳё ибн Саъид фатво беришда Абу Ҳанифанинг гапини оларди. Абу Ҳанифани мақтаб: “Абу Ҳанифанинг фикридан-да гўзалроқ гапни эшитмаганмиз” дер эди”.
Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Агар Аллоҳ мени Абу Ҳанифа ва Суфёни Саврийлар билан қутқармаганида эди бошқа одамлардек бўлиб юрган бўлардим”.
Имом Шофеъий айтади: “Ким фиқҳни ўрганмоқчи бўлса, Абу Ҳанифага муҳтож, ким сийратни билмоқчи бўлса, Муҳаммад ибн Исҳоққа муҳтож, ким ҳадис ўрганмоқчи бўлса, имом Моликка муҳтож, ким тафсир ўрганмоқчи бўлса, Муқотил ибн Сулаймонга муҳтождир”.
Абдуллоҳ ибн Довуд Хурайбий айтади: “Одамлар намозларида фиқҳ ва суннатни сақлаб бергани учун Абу Ҳанифа ҳаққига дуо қилишлари керак”.
Абу Нуайм айтади: “Абу Ҳанифа масалаларни ўта чуқур ўрганарди”.
Ибнул Муборак ва Суфёни Саврийлар айтишади: “Абу Ҳанифа ўз даврининг энг фақиҳ кишиси бўлган”.
Абу Ҳанифа вафот қилган жойда етти минг маротаба хатми Қуръон қилингани ривоят қилинади.
Саҳиҳ гапга кўра Абу Ҳанифа ҳижрий 80-йил туғилиб, 150-йил 70 ёшда вафот этган. Одам кўплигидан Бағдодда Абу Ҳанифага олти маротаба жаноза намози ўқилган. Қабри ҳам ўша ерда жойлашган.
Имом Ибн Касирнинг “Ал-Бидоя ван Ниҳоя” китоби асосида Пўлат Зийнатуллоҳ тайёрлади.