Мазҳабга эргашиш вожиб эканлини дунё олимлари ҳаммаси таъкитлайди. Шайх, муфтий Муҳаммад Тақий ал-Усманий “Ат-Тақлиду фи назари аш-шариъати” номли китобида:
وَ لِأجل هَذا: اوْجَبَ الفُقَهاءُ رَحمهُم اللهُ الالتزَام بالتقليد الشخصي، ذلك بأن يُعيّن مجتَهداً واحداً ثُمَّ يَتّبعه فى جميع المسائل صوناً للنفس من التلاعب بالحلال و الحرام[1].
Яъни, “Шунинг учун, фақиҳлар шахсий тақлидни лозим тутишни вожиб қилдилар. У нарса нафсни ҳалол ва ҳаромни ўйин қилишдан сақлаш учун бир мужтаҳидни таъйин қилиш сўнгра, ҳамма масалада унга эргашиш билан бўлади”, дедилар.
Ҳатто, бу маънода мазҳаб ичидаги рожиҳ сўзни олишимиз, маржуҳ сўздан сақланишимиз лозим.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.[2]
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳ алайҳининг мазкур сўзидан имом Молик раҳматуллоҳ алайҳ ва халифа Абу Жаъфар Мансур ўртасида бўлиб ўтган воқиъа эсга тушади. Халифа Абу Жаъфар Мансур имом Моликнинг илми ва ақлига тан берган эди. Шунинг учун У Имом Моликдан ўз илмини китоб қилишни сўрайди. Сўнгра, машҳур “Муватто” китобини таълиф қилдилар. Ана ўшанда Абу Жаъфар Мансур Имом Моликка инсонларни ҳаммасини “Муватто” китобига эргашишга мажбурлашини, бошқа асарлардан қайтаришини айтади. Шунда Имом Молик “Муватто” китобига эргашишга мажбурлашни эътироз билдириб айтади: “Эй мўъминларнинг амири бу ишни ҳаргиз қилманг! Чунки инсонларга етиб борадиган сўзлар етиб борди. Улар ўзларига етган ҳадисларни эшитди ва ривоятларни ривоят қилди. Ҳар бир қавм ўзларига етиб борган нарсаларни қабул қилиб, унга амал қилдилар ва эътиқод қилдилар. Инсонларни ўз холича тарк қилинг, ҳар бир шаҳар аҳлининг иҳтиёр қилган нарсаси ўзлари учун тўғридир”[3], дедилар.
Шу ўринда имом Молик каби мазҳаб имомлари беғараз эканлгига ва бугунги “Салафий”ларни маълум бир ғараз билан бир мазҳабга эргашиб келаётган қавмларни чалғитаётган ишларига эътибор билан қарашимиз лозим бўлади.
Яна шуни таъкидлаш лозим бўладики, тақлиднинг машруъ бўлиши мазҳабларнинг ривожидан кейин пайдо бўлган йўқ. Балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари билан собитдир.
Доктор Салоҳ Абул Ҳож ўзининг қуйидаги сўзида шу нарсани таъкидлайди: “Шу ўринда яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратишимиз керак. Тақлиқ қилиш Набий алайҳиссаломнинг даврларидаёқ бор эди. Улар (ғайри муқаллидлар) эса: “Тақлид кейинги асрларда пайдо бўлган, унгача тақлид йўқ эди”, деб даъво қилишади. Тақлид Набий алайҳиссаломнинг даврларидан буён борлигига Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ва шунга ўхшаш бошқа ривоятлар далил бўлади”[4].
Холмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] Шайх Муҳаммад Тақий ал-Усманий. Ат-Тақлиду фи назари аш-шариъати. -Урдун. “Мактабату ал-ғомир”, 2024. – Б. 58.
[2] Шайх Нуриддин Холиқназар. Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими. -Тошкент: “Мавароуннаҳр” нашриёти, 2023. – Б. 30.
[3] Аҳмад ибн Саъд ал-Ҳошимий. Ат-Табақот ал-кубро. – Байрут. “Дорул фикр”. 1998. – Б. 5/468.
[4] Шайх Салоҳ Абул Ҳож. Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ. -Тошкент: “Hilol-Nashir” нашриёти, 2024. – Б. 68.





