Ота онага оқ бўлиш шариъатимизда гуноҳи кабиралардан саналади. Чунки, ота онанинг ҳаққи фарзанд зиммасидаги энг улуғ ҳақдир. Уларнинг ҳақларини адо қилиш ҳар бир фарзанднинг зиммасидаги катта мажбуриятдир. Ким бу улкан ҳақни адо қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:» الْكَبَائِرُ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَقَتْلُ النَّفْسِ وَالْيَمِيْنُ الْغَمُوسُ «.رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳи кабиралар Аллоҳга ширк келтириш, ота онага оқ бўлиш ва бирор кишини ўлдириш ва ёлғон қасамдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ота онага оқ бўлишни, энг катта гуноҳ бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан кейин зикр қилиняпти. Бундан кўриниб турибтики, ота онага осий бўлиш катта гуноҳлардан экан.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: : «لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنَّانٌ وَلا عَاقٌّ وَلا مُدْمِنُ خَمْرٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Миннат қилувчи (яхшилик қилган кишисига фахр ва кибр қилувчи) ва ота онасига оқ бўлувчи ва хамр (маст қилувчи ичимлик) ичишда бардавом бўлувчи жаннатга кирмайди”, дедилар”. Насоий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда ота онага оқ бўлган киши жаннатга кирмайди, деб айтиляпти. Бошқа ҳадисда эса, ота онаси ҳаётлик вақтида уларни рози қилиб, жаннатга кира олмаган кишининг хор бўлиши айтилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : «سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُوْلُ: «رَغِمَ أَنْفُهُ ، رَغِمَ أَنْفُهُ ، رَغِمَ أَنْفُهُ» قِيْلَ : مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ ؟ قَالَ : مَنْ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ عِنْدَ الْكِبَرِ : أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا ثُمَّ لَمْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у зот: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин”, дедилар. “Ким, эй, Расулуллоҳ?”, дейилди. У Зот: “Ким ота-онасининг иккови ёки биттаси ёши катта бўлганда, уларга етса-ю, сўнгра жаннатга кира олмаса”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Демак, ота онага хизмат қилиш сабабли инсон жаннатга кириши мумкин экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фарзанд доимо ота-онаси ҳурмат қилиши, уларнинг дуоларини олиш лозимдир. Зеро инсон ота-онага хизмат қилиш билан кўп яхшиликларга эга бўлади. Бу яхшиликларнинг энг улуғи жаннатга кириш ва дўзахдан сақланишдир. Шунга кўра ҳар бир инсон ота-онасини тириклик вақтида ғанимат билан уларнинг хизматини қилиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон






