Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқда яшаб турган вақтларида Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Язидга олиб бериш истагида Абу Дардонинг қизлари Дардога совчи жўнатдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса Муовия ибн Абу Суфённинг ўғли Язидга қизларини беришдан бош тортдилар ва қизларини дини ва хулқига рози бўладиган оддий мусулмонлар табақасидан бўлган бир йигитга бердилар. Бу воқеа инсонлар орасида тарқалиб гап-сўз бўлиб кетди. Ҳамма жойда: “Язид ибн Муовия Абу Дардонинг қизига совчи қўйипти, лекин, отаси бермапти. Отаси қизини оддийгина қора халқдан бўлган бир кишига никоҳлаб қўйипти” деган гаплар юриб қолди. Сўнг бир киши келиб Абу Дардо розияллоҳу анҳудан бунинг сабабини сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: “Мен қандай қилсам қизим Дардога яхшироқ ва манфаатлироқ бўлиши ҳақида ўйлаб кўрдим” дедилар. Ҳалиги киши “Бу ўйларингиз натижаси нима бўлди?” деб сўраганида, Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Қизим Дардо ҳақида нима деб ўйлайсизлар? Агар унинг олдида қуллар хизмат қилиб юрадиган бўлса, кўзни қамаштирадиган қасрлар ичида яшаса, унинг дини қай аҳволга тушади?!” деб жавоб бердилар…
Ҳа, тўғри, бой-бадавлат бўлиш, бекаму кўст яшаш айб ҳисобланмайди. Лекин мол-дунё фитнаси кўп ҳолатларда инсонни тўғри йўлдан оздириши, унинг аслида ким эканини эсдан чиқартириб юбориши турган гап. Бу нарсани Абу Дардо розияллоҳу анҳу жуда яхши билардилар. Шунинг учун ҳам ўзларига фақирона ҳаётни ихтиёр қилгандилар ва қизларини ҳам Язид ибн Муовия каби бой куёвга эмас, балки ўзлари каби оддий камтарона ҳаёт кечирадиган йигитга узатдилар…
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Шом диёрларида истиқомат қилиб турган вақтларда мўъминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини зиёрат қилгани ва шу билан бирга Шомдаги вазиятни текшириш учун келдилар. Хазрати Умар розияллоҳу анҳу қош қорайган пайтда Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. Эшикни туртиб кўрсалар, очиқ экан. Ичкарига кирдилар. Уй қоп-қоронғу эди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Хазрати Умарнинг шарпасини сезишлари билан туриб у кишини кутиб олдилар ва саломлашиб уйларининг тўрига ўтказдилар. Иккалалари бир-бирлари билан суҳбатга киришишди. Икковлон қизғин суҳбат қуришардию лекин уй қоронғи бўлганлиги сабабли бир-бирларининг юзларини кўришмасди. Шунда Хазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳу суяниб ўтирган ёстиқнинг қандайлигини билмоқчи бўлиб, секин пайпаслаб кўрдилар. Қарасалар, бу ёстиқ эмас, балки, юпқа бир намат экан. Кейин остиларига нима солиб ўтирганларини пайпаслаб билмоқчи бўлдилар. Кўрсалар, Абу Дардонинг остиларида ҳеч қандай тўшак йўқ бўлиб, майда тошларнинг устида ўтирган эканлар. Кейин у кишининг эгниларида нима кийиб олганларини пайпаслаб билмоқчи бўлдилар. Қарасалар, эгниларида Дамашқнинг совуқ иқлимида ҳеч нарса қилиб бера олмайдиган бир юпқа нарса экан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу ҳолатдан даҳшатга тушдилар. Ҳайратлари ошиб: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин (эй Абу Дардо), мен сенга кенгчилик қилмаганмидим?! Мен сенга маош юбормаганмидим?!(Нега бунча ночор ҳолатда яшамасанг?!)” деб сўрадилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Эй Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга айтган гапларини эслайсанми?” дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Қайси гап эди у?” дедилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизлардан бирингизнинг дунёдан бўладиган матоси худди йўловчининг озуқаси каби бўлсин” демаганмидилар!?” дедилар. Ҳазрати Умар “Ҳа, албатта шундай деган эдилар” деб тасдиқладилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Биз у зотдан кейин нималар қилдик, эй Умар?” дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу саволга йиғи билан жавоб қайтардилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам йиғладилар. Иккалалари бир-бирларига қараб, бирор сўз айтолмай, тонг отгунча йиғлаб чиқишди…
…Абу Дардо розияллоҳу анҳу то вафот этгунларига қадар Дамашқ аҳлига Аллоҳ таолонинг Китоби Қуръонни ва Набий алайҳиссалоту вассалом ҳадисларини ўргатиб, уларга зарур ҳаётий эслатмалар ва насиҳатлар қилиб яшадилар…
Ўлим тўшагида ётганларида у кишининг дўстлари ёнларига киришди ва: “Нимадан шикоятингиз бор?”, деб сўрашди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Гуноҳлардан” дедилар. “Нимани хоҳлайсиз” дейишди. “Аллоҳ таолонинг кечиришини хоҳлайман” дедилар. Сўнгра ёнларидаги кишиларга: “Менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ”ни талқин қилиб туринглар” дедилар. Жонлари узилгунга қадар калимаи шаҳодатни айтиб вафот этдилар…
Абу Дардо розияллоҳу анҳу вафот этганларидан сўнг саҳобийлардан Авф ибн Молик ал Ашжаъий розияллоҳу анҳу тушларида, ям-яшил, кенг ва бепоён сояли бир ўтлоқни кўрдилар. Ўтлоқнинг ўртасида теридан қилинган катта бир чодир бўлиб атрофида ҳали ҳеч бир кўз кўрмаган даражадаги қўйлар ўтлаб юрарди. Сўнг Авф ибн Молик: “Бу нарсалар кимга тегишли?” деб сўрадилар. У кишига: “Абдурроҳман ибн Авфга” деган жавоб бўлди. Кейин ўша чодирдан у кишининг олдига Абдурроҳман ибн Авф чиқиб келдилар ва: “Эй Ибн Молик, мана бу Аллоҳ таоло бизга Қуръоннинг эвазига тортиқ қилган нарсаларидир. Агар сен мана шу йўлдан юрадиган бўлсанг, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳаёлингга ҳам келмаган нарсаларни топасан. (яъни, Аллоҳ таоло сенга мана шундай мукофотлар беради)” дедилар. Авф ибн Молик: “Мана бу нарсаларнинг ҳаммаси кимники, эй Абу Муҳаммад(яъни, Абдурраҳмон ибн Авф)?” дедилар. Абдурроҳман ибн Авф: “Аллоҳ азза ва жалла мана бу нарсаларнинг ҳаммасини Абу Дардо розияллоҳу анҳуга тайёрлаб қўйган. Чунки у дунёни ўзидан икки қўли ва кўкси билан қайтарар эди” дедилар…
Аллоҳ Абдурроҳман ибн Авф, Авф Ибн Молик, Абу Дардо, Ҳазрати Умар ва бошқа барча саҳобалардан рози бўлсин, Амин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Камолов Абдулбасир