Оламларга чинакам раҳмат Пайғамбар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«(Эй Муҳaммaд,) Биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).
Ушбу оятдаги «رَحْمَةً» – «роҳматан» калимаси араб тили грамматикасида масдар ҳисобланиб, маънони таъкидлаш ва кучайтиришни ифодалайди. Шунда бу сўз «айни раҳмат», «тўлиғича раҳмат» ва «чинакам раҳмат» маъноларини билдиради. «العَالَمِينَ» – «ал-ъоламийн» калимаси эса кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани – фаришталар, жинлар, инсонлар, ҳайвонот, наботот ва жамодот олами ҳамда биз билган ва билмаган бошқа оламларни ҳам ўз ичига қамраб олади.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча оламлар – фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар оламига, хусусан, мўминларга, аҳли оилаларига, фарзандларига, эркагу аёлларга, ёшларга, етим-есирларга, заифҳолларга, ҳатто кофирлар ва мунофиқларга, хуллас, жамики махлуқотларга раҳмат бўлиб келганлар.