ХУШ КЕЛИБСИЗ ХОДИМ.

ХОНАҚОҲ КАЛИТИНИ УНУТДИНГИЗМИ?

КАЛИТНИ УНУТДИНГИЗМИ?

КАЛИТНИ ЭСЛАДИМ
НАМОЗ ВАҚТЛАРИ
  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

  • Бош саҳифа
  • Тузилма
    • Раҳбарият
  • Мутолаа
    • Хабарлар
    • Мақолалар
    • Тавсия
  • Талабаларга
    • Илм талаб килиш одоблари
    • Ўқув курслари
      • “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курси
    • Ахборот — ресурслари маркази
    • Талабалар турар жойи
  • Абитуриентларга
    • Эслатма
    • Топширилган хужжатлар тўплами
  • Илм
    • Қуръон ва тажвид
    • Ақида
    • Фиқҳ
    • Тафсир
    • Ҳадис
    • Араб тили
    • Юртимиз алломалари
    • Ислом тарихи
БОҒЛАНИШ
12.03.2018 / - Юртимиз алломалари, Янгиликлар

АБУ БАКР МУҲАММАД ИБН АҲМАД ШОШИЙ

 АБУ БАКР МУҲАММАД ИБН АҲМАД ШОШИЙ
(1038-1114)

Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби буюк намояндалари ёзган нодир асарлар туфайли ўз тараққиётига кўтарилган Ислом қонуншунослиги халқимиз маънавий­ҳуқуқий меросининг узвий ажралмас қисми сифатида асрлар давомида  Марказий Осиё халқлари ҳаётида муҳим омил бўлиб хизмат қилиб келган.

Жумладан, бу соҳада шошлик фақиҳлар ҳам ислом ҳуқуқшунослигида қимматли асарлар яратишган. Фиқҳ илми ривожида шубҳасиз, буюк имом Абу Бакр Қаффол Шошийнинг ҳиссаси катта бўлган.

Ўрта асрларда «Фахр ал­ислом» («Ислом фахри») сифатида шуҳрат қозонган  Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад  ал­Мустазҳирий аш­Шоший (1038-1114) ўз даврида Бағдоддаги фуқаҳоларнинг раиси бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Бағдодга бориб, машҳур фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср ибн ас­Саббоғлардан фиқҳни ўрганиб, таниқли имом даражасига етди.

Таниқли исломшунос Ризоуддин Фахриддин ўзининг «Имом Ғаззолий» асарида «Абу Бакр Шоший Абу Исҳоқ Шерозий», Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй (соҳиби мақомот), Абу Исҳоқ Воҳидий, Абулмаҳосин Рўёний, Хатиб Табризий, Хатиб Бағдодий, Қози Байзовий каби зўр олимлар замонида яшаган эди», деб ёзган.

Маълумки, салжуқийларнинг буюк вазири Низом  ал­мулук ислом оламидаги бир қанча йирик шаҳарлар каби Бағдодда ҳам «Низомия» мадрасасини қурдирган. Ушбу мадраса ўз даврида академия даражасида бўлган. Чунки «ўша кезларда бу мадраса энг муҳташам ва йирик саналар, бу ерга араб мамлакатлари марказларидангина эмас, ҳатто, Ўрта Осиёнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби қатор шаҳарларидан, Хуросон ва Шошдан ҳам талабалар келиб таълим олар эди. Мадраса икки қаватли бўлиб,  бу ерда бир йўла тўрт юз талаба дарсга қатнашар, мантиқ, калом, луғат илми, сарфу наҳв (грамматика), одоб каби фанлар ўқитилган».

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида таълим олган ва кейинчалик унинг мударриси этиб тайинланган. У бу ерда кўп таниқли олим ва алломалар билан мулоқотда бўлган. «Йирик файласуф Абу Ҳомид Ғаззолий (1059-1111), Абу Исҳоқ Шерозий (ваф. 1083), Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийлар бир вақтда мана шу «Низомия»да дарс берганлар».

Ўрта асрларда (IX-XII) илм­фан ва маданият марказларидан бири Бағдодга «Шоший» нисбасидаги бир қатор олимлар – машҳур муҳаддис Абу Саъид ал­Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Жа’фар ибн Шуайб Шоший, Муҳаммад ибн Яҳё ибн Закариё аш­Шоший, ал­Ҳасан ибн Соҳиб Шоший, Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид аш­Шоший, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Али Шоший ва бошқалар ташриф буюрган. Бу ерда улар нафақат илм ўрганишган, балки мударрис, аллома, фақиҳ, имом сифатида машҳур бўлишган. Қуйида биз Шош воҳасида туғилиб, Бағдодда «Катта имом» даражасига эришиб, маълум муддат фуқаҳолар раиси бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший имом, аллома,  ўз асрининг фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший улуғ (катта) имом, ислом фахри сифатида шуҳрат қозонган. Тожуддин Субкийнинг ёзишича, «у тақводор, ибодатгўй бўлиб, номи эл­юрт орасида машҳур бўлган».

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 429/1038 йил мухаррам  ойида Шош яқинидаги Маёфориқин (ميافارقين) қишлоғида туғилган. У дастлаб фиқҳ илмидан Маёфориқинда Муҳаммад ибн Баён ал­Казрувнийдан, Маёфориқин қозиси Абу Мансур ат­Тусий Шайх Абу Муҳаммад ал­Жувайнийлардан таълим олади.

Устози ва шайхи ал­Казрувний вафотидан олдин Абу Бакр аш­Шоший Ироққа сафар қилиб, Бағдодга боради. Бағдодда Шайх Абу Исҳоқ Шерозий билан учрашиб, ундан дарс олади. Шунингдек, Абу Наср ибн ас­Саббоғдан фиқҳни жидду жаҳд ила ўрганиб, таниқли имом даражасига етади.

Абу Бакр аш­Шоший Бағдодда Муҳаммад ибн Баён ал­Казрувний, Қосим ибн Аҳмад ал­Ҳаёт, Абу Бакр ал­Хатиб, Абу Исҳоқ аш­Шерозий, Абу Жа’фар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал­Муслим, Абу ал­Ғаноим ибн ал­Ма’мун, Абу Я’ло ибн ал­Фарролардан ҳамда Маккада  Хияж ибн Муҳаммад ал­Хиттинийлардан ҳадис илмини ўрганган. Ундан Абу ал­Муаммар ал­Азжий, Абулҳасан Али ибн Аҳмад ал­Яздий, Абу Бакр ан­Нақур, Абу Тоҳир ас­Салафий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Абу Бакр аш­Шоший устодлари наздида ҳам катта обрў қозонади. Шу сабаб бўлса керак, мадрасани тугатгач, Бағдодда мударрислик фаолияти билан шуғулланади. Ўша пайтларда Бағдодда «Низомия»  мадрасаси қурилган бўлиб, Шоший шу мадрасага мударрис қилиб тайинланади.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийдан Бағдодда шайх, имом, катта фақиҳ, қози Абулмуфаззал Яҳё ибн Али ибн Абдулазиз ибн Али ибн ал­Ҳусайн ал­Қураший ад­Димашқий (ваф. 534) фиқҳ илмини ўрганган ва ундан ҳадислар эшитган. Шунингдек, шошлик фақиҳдан шайх, имом, муфтий Абулҳасан Муҳаммад ибн Абулбақо ал­Муборак ал­Бағдодий, имом, аллома, муҳаддис, ҳофиз, муфтий, шайхулислом Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал­Исфаҳонийлар фиқҳ илмидан таълим олган. Ўз даврининг закийларидан бири – аллома, муфтий Абулаббос Аҳмад ибн Салама ибн Убайдулло ибн ар­Рутобий (ҳижрий 527 йил Ражаб ойида Бағдодда вафот этган) Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший билан ҳамроҳ бўлиб, унинг хизматида бўлган.

Юқорида қайд этганимиздек, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший фуқаҳоларнинг машҳурларидан эди. Ота­бобоси Шош ўлкасидан бўлиб, Абу Бакр Шоший Маёфориқин қишлоғида таваллуд топган. Аввал ўзининг туғилган жойида, кейин Бағдодга бориб, ўша замоннинг зўр олими Абу Исҳоқ Шерозий Абу Наср ибн ас­Саббоғ ва бошқа олимлардан таълим олган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Абу Исҳоқ Шерозий билан Нишопурга бориб, илмий мунозараларда қатнашиб, ўзини танитган. Яна Бағдодга қайтиб, устози Абу Исҳоқ Шерозий вафотидан (476/1083) кейин шофи’ий мазҳабидаги фуқаҳоларнинг раиси бўлган.

Устоди Абу Исҳоқ Шерозий вафот этгач, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший унинг ўрнига мударрис этиб тайинланади. Манбалар кўрсатишига кўра, у дастлаб дарсга киргач, устод ўтирадиган жойга ўтириб араб шоири Абу Таммом (788-846) шеърларидан ушбу мазмундаги байтларни ёздирибди:

«Жойлар бўш қолганида ҳеч ким мени катта қилиб сайламаса ҳам, ўзим катта бўлиб қолибман. Аммо катталардан якка ўзим қолганим менинг учун оғир мусибат бўлди», у бу байтни қайта­қайта ўқиб, шогирдларига ўқитиб, «Улар кетиб, курсига ўтириш навбати менга келдими» деб ўзини тутолмай кўзига ёш олибди.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший йирик фақиҳ бўлиб, бу соҳага оид бир қанча асарлар таълиф этган. Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз­зунун» асарида «Ҳилйат ал­уламо фи мазоҳиб ал­фуқаҳо» («Фақиҳлар мазҳабида олимлар зийнати») асари муаллифи ал­Мустазҳирий деб танилган Шайх Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал­Қаффол аш­Шоший (ваф. 507), — деб ёзади». Тошканд олимлари бўйича маълумотлар тўплаган шарқшунос А.Носиров «Кашф аз­зунун»даги ушбу фикрга таяниб, «Мустазҳирий Қаффол Шошийнинг авлодларидан эканлиги маълум бўлади», — деб қайд этган. Шунингдек, Ёқут ал­Ҳамавий «Муъжам ал­булдон» асарида «Тарғиб фил­фуруъ» («Фуру’га қизиқиш уйғотиш») китоби муаллифи фахр ал­Ислом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал­Қаффол Шоший бўлиб, 507 йилда вафот этганлиги таъкидланган. Лекин кўп манбаларда у «Фахр ал­ислом», «Мустазҳирий», «Шайх», «Имом» номлари остида зикр этилади. Аммо уларнинг бирортасида Қаффол Шошийнинг авлодларига тегишли эканлиги айтилмаган.

Шундай қилиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг йирик асари «Ҳилйат ал­уламо» («Ҳилйат ал­уламо фи мазоҳиб ал­фуқаҳо») бўлиб, уни аббосий халифаларидан ал­Мустазҳир Биллоҳга (ваф. 512/1118) бағишлаб ёзган. Бу катта китоб бўлиб, уни Аббосий халифа Мустазҳир маъқуллаган. Шунинг учун бу китоб «Мустазҳирий» деб ҳам номланган. Ана  шу китоби туфайли Абу Бакр Шоший «Мустазҳирий» деган ном таратган ва тарихий манбаларда унинг тахаллуси ёнида бир унвон сифатида ёзиб келинади.

Ҳожи Халифанинг хабар беришича, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўша даврда ҳар бир масалада имомлар ўртасида воқеъ бўлган ихтилофларни зикр қилган. Сўнгра «ал­Муътамад» («Ишончли»)ни ёзган. Ушбу асарнинг тўлиқ номи – ал­Муътамадъ фи фуруъи аш­шофиъия («Шофиъия фуруълари бўйича ишончли асар») бўлиб, у «Ҳилйат ал­уламо» китобидек шарҳсиз ёзилган.

Маълумки, фиқҳ–ислом ҳуқуқшунослигини ривожлантиришда Имом аш­Шофиъийнинг (ваф. 820) хизмати катта. У ўзининг «ар­Рисола» асарида фиқҳнинг асосий тушунча ва белгиларини биринчи марта аниқ таърифлаб бериб, «усул ал­фиқҳ» илмига асос солган. Юридик фанлар доктори, проф. А.Саидовнинг эътироф этишича, «ислом қонуншунослигининг мустақил фан сифатида шаклланишида суннийлик ҳуқуқ мазҳабларидан бирининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон Шофи’ий Ҳошимий Қураший бениҳоя катта ҳисса қўшган».

Шофиъиянинг кейинги асрларда ном чиқарган издошлари қаторига Абу Исҳоқ Иброҳим аш­Шерозий (ваф. 1083) киради. Айнан унга атаб вазир Низом ал­Мулк Бағдодда Низомия мактабини (мадраса) қуриб берган. Файласуф ва фақиҳ Абу Ҳомид ал­Ғаззолий (ваф. 1111) ва қомусий олим Жалолуддин ас­Суйутий ҳам унинг издошларидир.

Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад аш­Шоший ал­Фақиҳ аш­Шофиъий «ал­Умдату фи фуруъи аш­шофиъия» («Шофиъия фуруъларининг асоси») асарини таълиф этган. У ўзининг бу асарини халифа ал­Мустазҳир ўғли талаби билан ёзиб, унда дин асосларини қисқача тасниф қилган. Ушбу китобга кўп олимлар эътибор беришган. Китобга Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал­Бағдодий (ваф. 741), Тожуддин Умар ибн Али ал­Фокиҳоний ал­Моликий (ваф. 731), Ибн ал­Мулаққин деб танилган Умар ибн Али (ваф. 804), Ибн Дақиқ ал­Ийд деб танилган шайх Тақиюддин Муҳаммад ибн Али (ваф.702), Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдуддоим ал­Бармовий (ваф. 831) ва бошқалар шарҳлар ёзишган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг яна бир йирик асарларидан бири «аш­Шофий» («Шифо берувчи»)дир. «Бу асари ҳам фиқҳ (қонуншунослик)га бағишланган бўлиб, араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё ал­Музаний(791-878)нинг «ал­Мухтасар» («Қисқа») деган асарига ёзилган шарҳ бўлиб, манбалар кўрсатишича, бу шарҳ йигирма жилддан иборат. Шоший буни беш йил давомида ёзиб тугатган.

Бироқ Ибн Халликон Абу Бакр Шошийнинг бу китобини бошқа асарга ёзилган шарҳ сифатида кўрсатади: «аш­Шомил фи фуруъи аш­шофиъия» («Шофиъия фуруълари бўйича кенг қамровли китоб») асари муаллифи Ибн ас­Саббоғ деб танилган Абу Наср Абдуссайид ибн Муҳаммад аш­Шофиъийдир. Бу асар шофиъия мазҳабидаги энг яхши ва тўғри китобдир. Унинг шарҳлари ва изоҳлари мавжуд бўлиб, жумладан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ал­Бағдодий аш­Шоший (ваф. 507) 20 жилдли ёзган шарҳини «аш­Шофий» деб номлаган.

Аксарият манбаларда Абу Бакр Шошийнинг «аш­Шофий» асари шофиъия мазҳабидаги машҳур беш китобдан бири «Мухтасар ал­Музаний фи фуруъи аш­Шофиъия» («Шофиъия фуруълари бўйича ал­Музаний мухтасари») асарига ёзилган шарҳ эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Жумладан, Имом ан­Нававий «ат­Таҳзиб» асарида зикр қилишича, Шайх Имом Исмоил ибн Яҳё ал­Музаний аш­Шофиъий шофиъия мазҳабида биринчи асар ёзган кишидир. Ибн Сурайжнинг айтишича, «ал­Музаний мухтасари» дунёга бокира қиздек чиқди. Бошқалар ўз асарларини худди шу китобдек тартиблаган. Бу китобга кўплаб олимлар шарҳлар ёзишган. Хусусан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад аш­Шоший «аш­Шофий» номли шарҳ ёзган. Ундан ташқари унинг (Шоший) «аш­Шофия шаҳобчасининг устуни», «Талоққа оид масала» каби асарлари бўлган.

Шундай қилиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўз даврида илм­маърифат ва исломнинг маданий марказларидан бири Бағдодда юқорида айтганимиздек, «Абу Исҳоқ Шерозий, Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй (соҳиби мақомот), Абу Исҳоқ Воҳидий, Абулмаҳосин Рўёний, Хатиб Табризий, Хатиб Бағдодий, Қози Бай­ зовий каби йирик олимлар замонида яшаган эди». Мустазҳирий номи билан танилган юртдошимиз Абулаббос Аҳмад, Абулмузаффар Сам’оний, Наср Муқаддасий, Рўёний, Хатиб Табризий, Имом Ғаззолий каби улуғ олимлар билан замондош бўлган.

Ўша даврда Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср Сабоъ, Абулқосим Дабусий, Имом Ғаззолий, Фахр ал­ислом Шоший (Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад), Суҳравардий, Камолиддин Анборий ва бошқалар сабоқ беришган. Мустазҳирий Низомияда араб тили, калом, мантиқ, адабиёт, сарф­наҳв, қироат, луғат, тафсирдан дарс берар эди.

Шоший ўз даврида араб адабиёти  ва хусусан, шеъриятини жуда яхши билган кишилардан бўлган. Қуръон, ҳадис, қонун­қоида йўл­йўриқларини жуда яхши билган. Тилшунослик, хусусан, араб адабиёти ва грамматикасининг нозик томонларигача эгаллаган. Шунинг учун бўлса керак, унинг синтаксисга оид асари ўрта аср ва ундан кейинги даврларда ҳам кўп мўътабар китобларда тилга олинади.

Фиқҳшуносликдаги билими, тутган мавқеи жиҳатидан барча қомусий манбаларда унинг номига «Фахр ал­ислом, «ал­Имом ал­Кабир» сифатлари қўшиб эътироф этилган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 507/1114 йил шаввол ойининг 15­куни шанба куни саҳарда вафот этган, У «Боб ал­Аброз» (Боб ал­Шероз) мақбарасига дафн этилган, унинг қабри устози Абу Исҳоқ Шерозий қабри ёнида. Фахр ал­ислом Шоший ўзидан кейин ўз мазҳабида имом бўлган икки фарзанди – Аҳмад ва Абдуллоҳларни қолдирган.

Тожуддин Субкий унинг ўғиллари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал­Ҳусайн ибн Умар Абулмузаффар Фахр ал­Ислом Абу Бакр Шошийнинг ўғли бўлиб, у фиқҳни отасидан ўрганган. У Абдуллоҳ ибн Толҳадан ҳадислар эшитган. Ундан Абу Бакр ибн Комил ва Ҳофиз  ибн Асокирлар ҳадис ривоят қилишган. Абу Бакр Шошийнинг ўғли Аҳмад 529 йили Ражаб ойининг 10­куни жумада Бағдодда вафот этган.

Абу Бакр Шошийнинг кейинги фарзанди Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад 481/1088 йилда туғилган. Фиқҳ илмини ўз отасидан ўрганган. У мазҳаб ва хилоф(баҳс­мунозара)да моҳир бўлиб, кишиларга ваъз ўқирди. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Толҳа ан­Ни’олий ва бошқалардан ҳадислар эшитган. У шоир ҳам бўлган.

Шунингдек, Абу Хафс Умар ибн Аҳмад ал­Ҳусайн аш­Шоший катта имом, фахр ал­ислом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг укаси. У фиқҳни Шайх Абу Исҳоқ Шерозийдан ўрганган. Абулҳусайн ибн ал­Муҳтадий ва бошқалардан ҳадис эшитган. Олим 550/1155 йилда вафот этган.

Кўриниб турибдики, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший илмий­маънавий мероси билан фиқҳ илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Айниқса, Бағдоддек илмий­маданий марказда фақиҳларга бош бўлиб, раислик қилганлиги унинг юксак билим ва истеъдод соҳиби эканлигидан далолат қилади. Афсуски, унинг асарлари ҳозирги кунда мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас.

Хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириб, аждодларимиз қўлёзмалари ва асарларига оид маълумотларни жамлаш, тадқиқ этиш давр талабидир. Айни пайтда, шошлик фақиҳнинг ҳаёти, фаолияти бўйича изланишлар олиб  бориш ўрта асрлар Тошкент илм­фани ва маданияти тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Неъматулло Муҳамедов
Тошкент ислом университети
 тарих фанлари номзоди

Қўшимча мутолаа учун тавсия

ЁШЛАР ВА КАСБ-ҲУНАР МАСАЛАСИ
Камол ибн Ҳумом
Қуръони каримдан дуолар

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Ватан ҳимояси – ажри улуғ амал

  • Нуриддин домла Холиқназаров: Энг жирканч иллат

  • Пайғамбаримиз мақтаган соҳа

  • Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа кўргазмасида

  • Ватан ҳимояси

БЎЛИМЛАР

  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

ВЕБ САҲИФА ТАРИХИ

  • Январь 2021
  • Декабрь 2020
  • Ноябрь 2020
  • Октябрь 2020
  • Сентябрь 2020
  • Август 2020
  • Июль 2020
  • Июнь 2020
  • Май 2020
  • Апрель 2020
  • Март 2020
  • Февраль 2020
  • Январь 2020
  • Декабрь 2019
  • Ноябрь 2019
  • Октябрь 2019
  • Сентябрь 2019
  • Август 2019
  • Июль 2019
  • Июнь 2019
  • Май 2019
  • Апрель 2019
  • Март 2019
  • Февраль 2019
  • Январь 2019
  • Декабрь 2018
  • Ноябрь 2018
  • Октябрь 2018
  • Сентябрь 2018
  • Август 2018
  • Июль 2018
  • Июнь 2018
  • Май 2018
  • Апрель 2018
  • Март 2018
  • Февраль 2018

БЎЛИМЛАР

  • Бош саҳифа
  • Тузилма
  • Мутолаа
  • Талабаларга
  • Абитуриентларга
  • Илм

МУТОЛАА

  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

АЛОҚА

Тошкент 100021, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 46-уй.

+998 71 244 48 27

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

© 2018 - 2020. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

Юқори