
Билингки, одоб илм таҳсилидаги энг асосий омиллардан биридир. Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейди. Муҳаммад Зеҳний айтади: «Фазилат насл–у насаб билан эмас, балки одоб билан топилади».
Толиби илмнинг зоҳирию ботини одоб ила зийнатланган бўлиши лозим. Минг афсуслар билан айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда илм олишга иштиёқмандлар, илм булоғидан баҳраманд бўлганлар сон-саноқсиз. Аммо уларнинг аксарияти одоб-ахлоқ борасидаги илмга эга эмаслар. Балки шу сабаб илмнинг баракоти тобора йўқолиб бораётгандир.
Илмга эга бўлиш учун кўплаб китоблар соҳиби бўлиш, машҳур устозларга шогирд тушиш, тинимсиз ўқиш билан шуғулланиш шарт эмас. Атрофимизга бир назар солайлик, шундай кишилар борки, улар йиққан китобларнинг ҳисоби йўқ, қўлларидан китоб тушмайди, лекин гап-сўзларида, амалларида илмнинг фазли сезилмайди.


Бугунги кундаги шу каби муаммоларни етказиш, талабаларга ҳақиқий илм талаби, бу йўлда йўлиқадиган синовлар қандай бўлиши ҳақида ўз ваъз-насиҳатларини қилиб бериш учун “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртига Тошкент шаҳар “Сирожи-Солиҳ” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Ҳасан домла Қодиров ташриф буюридлар ва 1-2-курс талабаларига “Илм олиш фазилати ва толиби илмнинг одоби” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.

Устоз ўз маърузаларида илм ўрганиш кишидан, аввало, самимий ниятни, чин ихлосни, жисмоний ва руҳий қувватни, қолаверса, молиявий ҳаражатни талаб қилувчи машаққатли меҳнат эканлигига, илм олишга бел боғлаган банда ботиний одобларни ўрнига қўйиб, мақсадга эриштирувчи бошқа омилларни ҳам ишга солса, илм йўли анча осонлашишига тўхталиб ўтдилар.
Суҳбат сўнгида толиби илмлар ўзларининг қизиқтирган савволларига керакли жавоб олдилар.
Раҳматуллоҳ САИДЖАЛОЛОВ
«Кўкалдош» ЎМИБЙ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими






