“Ахборот ва мураббийлик соатлари”
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида онлайн интеллектуал танловлар, викториналар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан маърифий суҳбатлар ташкил этилмоқда. Жумладан,
Таълим муассасасасида ҳафтанинг ҳар душанба куни “Ахборот ва мураббийлик соатлари” курслари режаси тасдиқланган бўлиб талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ошиши, уларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан камол топишида муҳим ўрин тутмоқда.
4 февраль куни давра суҳбатига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Баҳодир Даминов таклиф этилди.




Давра суҳбати “Ёшларни ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш”, “Диний тушунчаларни ғаразли мақсадда талқин этишнинг зарарлари” мавзуларида ўтказилди.
Маърузада Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардаги экстремистик канал ва аккаунтлар рўйхати эълон қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра ижтимоий тармоқларга жойланган бир қатор материаллар экстремистик материаллар деб топилгани ҳамда ушбу материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, намойиш этиш ҳамда сақлаш тақиқлангани таъкидлаб ўтилди.
Ёшларнинг фаол ижтимоий кучга айланиб бораётгани бугунги кунда уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларнинг билимлари, шу жумладан, диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиши ҳамда ишонувчанлиги, бирданига ва ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва ҳ.к.) эга бўлишга ҳаракат қилиши, илмий тилда айтганда максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозимлиги айтиб ўтилди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






