Сўнгги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони янада кенгайиб бормоқда. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга туҳфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.
Халқимизнинг Қуръони карим оятлари мазмунини билишга бўлган эҳтиёжини таъмин этишга ҳисса қўшиш йўлида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоблари тўлиқ жамланма ҳолида чоп этилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ушбу китобнинг тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда билим юрти мудири М.Насриев, мудир ўринбосарлари, мударрислар ва талабалар иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар ушбу тафсирнинг ўзига хос жиҳатлари, унда аввалги ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва тафсир китобларида берилган маълумотларни ўзида мужассам этган ҳолда янги ва нодир маълумотлар ҳам киритилганлиги, мўмин-мусулмонларни Қуръон оятлари маънолари билан иложи борича яқиндан таништириш учун ўзбек тилидаги матнларни халқчил ва тушунарли шаклда ифода этилгани билан ажралиб туишлигини таъкидланди. Шунингдек, Тафсири Жалолайн, Ибн Касир, Абул Баракот Насафий, Замахшарий, Олтинхон тўра, Ваҳба Зуҳайлий каби ўнлаб машҳур муфассирларнинг китобларидан ушбу тафсирни ёзишда кенг истифода қилингани унинг илмий жиҳатини янада юксаклигини ифода этади.
Тафсирда ақлларни лол қолдирувчи мўъжизаларга ҳам алоҳида урғу берилгани, илм-фан соҳасидаги Қуръон мўъжизаларининг кашф этилиши ҳақидаги ажойиб маълумотлар ҳам баён этилган.
Яна бир жиҳат, “Тафсири Ирфон” энг замонавий усулда, сифатли ва китобхонга қулай шаклда чоп этилганлиги айтилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати