Росулуллоҳнинг нур сочувчи эканликлари
Нур ва зулмат бир-бирига зид ва ҳеч қачон иккиси бир жойда жам бўлмайди. Кўпинча, зулмат ақл ва тафаккурни эгаллаб, ҳақни идрок этиш ва оқибатни ўйлашдан тўсиб қўяди. Шу пайт бир турткига эҳтиёж пайдо бўлади. Бундай турки қалбларни уйғотиб, хоҳиш-истак ва рағбатларни қўзғайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, нур хатоларни тузатиш, ёмонлик ва зарарлардан қутулиш йўлини ёритади. Ислом рисолати ҳам ҳаётни ислоҳ этиш учун мана шунга ўхшаш порлоқ нур бўлиб, у қутқариш, тузатиш, нажот, улуғлик ва буюкликни тиклаш воситасидир. Ҳидоят чироғи бу – Қуръондир. Унинг ёритиш воситаси – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир»[1].
Аллоҳ таоло Ўз Набийсини улуғ нур, зиё сочувчи қуёш, дея тавсифлаб:
«Ҳақиқатан сизларга Аллоҳ тарафидан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда тўғри йўлга ҳидоят қилар»[2], дейди.
Яъни, сизларга Аллоҳ тарафидан ҳақни юзага чиқарадиган, ноҳақликка барҳам берадиган нур – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам берилди. Чунки у зотнинг сўзи ва воситаси ила зулматлардан нурга чиқилади. У зот ўз сўзлари ва амаллари билан яхшиликка даъват этади. Яна сизларга ҳукмлари мукаммал ва бенуқсон, очиқ-ойдин мўъжиза бўлган Китоб – Қуръони карим берилди. Қуръон шариатнинг асоси, умматнинг низоми ва ҳаёт дастуридир. Агар инсон йўлдан адашса, илоҳий баён уни тузатиб, тўғри йўлга йўллайди. Агар уммат қоқилса, раббоний дастур унга ўзини ислоҳ этиш чорасини ўргатади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида пайғамбарининг хос вазифаларини тавсифлаб шундай марҳамат қилади:
«Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи… Ва Ўз изни билан Аллоҳга даъват қилувчи ҳамда нур сочувчи чироқ қилиб юбордик»[3].
Яъни, Биз сени одамларнинг тасдиқлаган ёки инкор қилганликларига ҳамда ўтган барча пайғамбарлар ўз пайғамбарлик вазифаларини адо этганликларига гувоҳ бўлиш учун юбордик. Шунингдек, Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ қилиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?»[4]
Яъни, Эй Муҳаммад, Биз сени итоат этганларга жаннат хушхабарини берувчи, итоат этмаган ёки қарши чиққанларни кутиб туражак дўзахдан огоҳлантирувчи, инсонлару жинларлардан иборат барча махлуқотни Аллоҳнинг динига, У Зотни севишга, изни билан Унга қурбат ҳосил қилишга даъват этувчи қилиб юбордик. Эй Муҳаммад, Биз сени ҳақ ва ботилни, ҳалол ва ҳаромни бир-биридан фарқлаб, гўзал хулқ билан бадхулқлик орасини ажратадиган бамисоли ёғду сочувчи чироқ қилдик.
У зот пок шариат, тўғри йўл, олий мартабалар ва баланд даражаларга элтувчи ёрқин ҳақиқатни баён этиш орқали Аллоҳга чақиради. У зотга энг афзал саловат ва мукаммал саломлар бўлсин!
Илоҳий нур ҳамиша порлаб, ҳаёт уфқларини ёритиб туриши учун ҳидоят чироғи қилиб қўйилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалби ҳикматга тўлдирилиб, шубҳа аралашмаган иймон билан тўлиқ насибадор этилди. У зотнинг ақлию қалбини кўзларни қамаштирувчи, сўнмас ва абадий нур билан равшан қилинди. Аллоҳ таоло Шарҳ сурасида шундай марҳамат қилади:
«Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми? Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми? Елкангни босиб турганни? Ва сенинг зикрингни юқори кўтармадикми?»[5].
Мазкур оят муфассирлар томонидан турлича шарҳланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳ таоло у зотнинг қалбини Ислом нури билан кенг қилди», деб шарҳласа, Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: «Рисолат нури билан кенг қилиб қўйди», деб изоҳлайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳукм ва илм билан кенг қилдик»[6], деб тушунтиради.
Айрим муфассирлар: «Одамлар ва шайтонлар озор бера олмасликлари учун турли васвасалардан покладик», деб тафсирлайди. Гўёки Аллоҳ таоло шундай демоқда: “Сенинг хатоларинг ва дилингни хира қиладиган барча камчиликларинг баҳридан ўтдик. Буларга нубувватдан олдин ёки жоҳилият вақтида юз берган адашиш, йўл қўйилган нуқсон ва ғафлатлар киради. Аммо пайғамбарликдан кейин сен хато ва гуноҳлардан маъсум(пок)лик мартабасидасан. Сенинг қадрингни нубувват, рисолат, шуҳрат ва обрў-эътибор бериб кўтардик. Қачон зикр қилинсам, Мен билан бирга зикр қилинасан. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ» калимасида, азонда ва барча ҳолатларда номинг номим билан ёнма-ён туради”.
Ана шу маъноларнинг ўзи Пайғамбаримиз шаънларини юксакка кўтарилганидан далолатдир.
Аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Аллоҳ таоло бу суранинг оятларини келтириш орқали Ўз ҳузурида Набийси улуғ неъматларга сазоворлиги, олий мартаба эгаси ва шаъни улуғлигини таъкидлади. Чунки, у зотнинг қалбини иймон ва ҳидоят учун очиб қўйди. Илмни ва ҳикматни ўзида сақлаши учун кенглик ато этди. У зотни жоҳилият кирликлари юкидан халос этиб, жоҳилиятга хос бўлмағур одатларга нисбатан қалбида нафрат уйғотди. У зотга неъмат қилиб берилган динни барча динлардан устун ва афзал қилиб қўйди. Ўзи томонидан нозил қилинган оятларни инсониятга етказиши учун нубувват ва рисолат оғирлигини енгил қилди. Шунингдек, у зотнинг мартабаси улуғлигини, обрў-эътибори ва қадри баландлигини билдириб, муборак номини ўз номи қаторида бежиз зикр қилинмаслигини эслатди.
Аллоҳ таоло Пайғамбарини улуғлаши
Ўз ҳаётий тажрибам ва илмий фаолиятимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бирор шахс бошқа бирини Аллоҳ Ўз Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаганчалик улуғлаганини, ишонч билдирганчалик ишонч билдирганини, ҳимоя қилганчалик ҳимоя қилганини ва эҳтиётлаганчалик эҳтиётлаганини билмайман. Мана шундан ҳам Пайғамбаримизнинг улуғ ва бетакрор зот эканини билиб олса бўлади. Бунга асосий сабаб шуки, Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, номларини мангулик ва абадият дафтарига қайд этиб қўйиш, рисолатини тўлиқ қўллаб-қувватлаш, бутун инсониятни тўғри йўлга бошлаш ва бу йўлда етакчиликни беришни ирода қилганидир. У зот тарихда ўтган буюк ва машҳур шахсларнинг энг олдинги ўрнида туради. Бу ҳақиқатни ўзи мусулмон бўлмаган «Аввалги юзталик» номли китоб муаллифи ҳам ўз асарида қайд этгани ва тан олганини айтиб ўтмоқчимиз. Бундай эътироф ва тан бериш ана шундай улуғ пайғамбарнинг уммати бўлганимиз билан фахр-ифтихор қилиш, у зотга Аллоҳнинг муҳаббатидан кейинги ўринда турадиган чин муҳаббат қўйишга, ҳатто ўзимиз, болаларимиз, ота-онамиз ва барча инсонлардан афзал кўришга ундайди. Қуйида Аллоҳ таоло Ўз Набийсини улуғлаб, қай даражада шарафлаганига бир қанча мисоллар келтирамиз.
- Аллоҳ таоло Ўз Росулига итоат қилишни Ўзига итоат қилиш билан баробар ўринга қўйди. Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилади: «Ким Росулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур»[7]. Оли Имрон сурасида: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни кечирур», деб айт. Аллоҳ Ғофур ва Роҳимдир»[8], деган. Мазкур оятлар нозил бўлганда айрим кофирлар тилига эрк бериб: «Насронийлар Исони илоҳ қилиб олишгандек биз ҳам Муҳаммадни илоҳ қилиб олишимизни истаяпти», деган уйдирмани тўқиб чиқаришди. Шунда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасидаги: «Аллоҳга ва Росулига итоат қилинг. Бас, ортга қайтсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларга муҳаббат қилмас»[9] деган оятни нозил қилди.[10] Мазкур оятда Аллоҳ таоло Ўз Росулига эргашишни алоҳида таъкидлаб, унга итоат этишни Ўзига итоат баробарига қўйиши ҳабиб зотнинг қадрини кўтариб, мақомини янада юксалтиради. Шу баробарида у зотга эргашишдан бош тортганларни асло ёқтирмаслигини айтиб, олдиндан огоҳлантирди.
- Бир хатиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида: «Ким Аллоҳ ва Унинг Росулига итоат қилса, ҳақиқатан ҳам тўғри йўлдан борибди. Ким икковига итоат қилмаса, шубҳасиз адашибди», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен қавмнинг ёмон хатиби экансан, тур»,[11] дедилар. Яъни, сен Аллоҳга беодоблик қилдинг, деган маънода, тур бу ердан жўна, деганлар. Абу Сулаймон Хаттобий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Набий алайҳиссалом хатибнинг икки исмни бир замир(кўрсатиш олмоши)да жам қилганини ёқтирмаганлар. Чунки Аллоҳ ва Росулнинг сўзларини бир замирда келтирилса, Росулуллоҳни Аллоҳга тенглаштиришга ўхшаш ҳолат юзага келади». Лекин шуни таъкидлаш керакки, бирон кишининг тўғри ёки хато йўл тутганини аниқлашда иккиси-Аллоҳ ва Расулига бўйсуниш ва бўйсунмаслик бир-биридан ажралмасдир. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ ва Унинг Росули, агар улар мўмин бўлсалар, Уни рози қилмоқлари ҳақлироқдир»[12] деган сўзида ҳам шунга ишора бор.
Мазкур оятда Аллоҳ ва Росул сўзларини ўз зимнига олувчи «уни» кўрсатиш олмоши бирлик шаклда келтирилган[13]. Аслида Аллоҳ таолонинг мартабаси жамики мавжудотлар мартабасидан таққослаб бўлмайдиган даражада улуғ ва олийдир. Аммо Аллоҳнинг номидан кейин зикри келтирилган ҳар бир нарсанинг мақоми кўтарилади ва шарафи янада ошади. Аллоҳ ва Унинг Росули сўзларини бир замир (кўрсатиш олмоши) да келтирмаслик мустаҳаб ва одоб бўлса-да, аммо таъқиқ даражасида бутунлай ман этилган эмас. Бунга Имом Нававийнинг айтган қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Тўғрироғи, Хатибга мақсадни очиқ баён қилмагани, ишора ва рамзий ифодалардан четланмагани учун эътироз билдирилиб, сўзини инкор этилди. Аммо бундан икки исмни бир замирда жамлаш ножоиз деган маъно чиқмайди. Чунки бир қанча ўринларда шунга ўхшаш ҳолатни кўриш мумкин. Шулардан бири Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ ва Унинг Росули – иккисидан бошқа барчадан севимлироқ бўлмагунча…» маъносидаги ҳадисларидир.
- Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаши ҳам улуғлашига далолат қилади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида айтади:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловат айтурлар. Эй имон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловат айтинг ва салом юборинг».[14]
Агар саловат Аллоҳ тарафидан бўлса, у раҳматни, фаришталар томонидан айтилса, истиғфорни, одамлар томонидан айтилса, у дуони билдиради. Абул Олия ва Ҳасан Басрий роҳимаҳумаллоҳ Фотиҳа сурасидаги «Бизларни тўғри йўлга бошлагин»[15] маъносидаги оятни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобалари, дея тафсир қилишган. Шу сурадаги «Сен неъмат берганларнинг йўлига» маъносидаги ояти каримани Абдурраҳмон ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ юқоридагидек Росулуллоҳ алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари, деб тафсир қилган. Абу Абдурраҳмон Суламий «Батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлабди»[16] деган оятдаги мустаҳкам тутқични Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир, деб келтиради. Бошқа муфассирлар «узилмайдиган мустаҳкам тутқич» ни Ислом дини ёки шаҳодат калимаси, деб шарҳлашади. Шунингдек, Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар»[17] оятидаги «неъмат» сўзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номи билан боғлиқ ҳолда тушунтириб, бу ўринда Аллоҳ таоло у зотни бизга инъом қилганини эслатмоқда, деган.
Кўпчилик муфассирлар Зумар сурасидаги : «Рост (сўзни) келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир»[18] маъносидаги оятни шарҳлаганда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғрисида сўз бораётганини келтиради. Чунки у зот тўғри сўз ва ҳақни олиб келганлар, дейишган. Айрим муфассирлар айнан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни ва тўғри сўзни тасдиқлашларини таъкидлаб, исми мавсуланинг такрор келтирилмаслигининг ўзи ҳам бу фикрни қувватлаб турибди, дейишган. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг: «Ахир, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором топмасми?»[19] деган сўзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари, деб шарҳлайди. Яъни, у зот билан саҳобалари томонидан ривоят қилинадиган шаръий ҳукмларга тегишли маълумотлар ва ишончли ҳужжат-далиллар қалбларга ором ва кўнгилларга сакинат беради. Қарангки, Росулуллоҳ билан саҳобаларини эслашнинг ўзиёқ қалбларга қанчалик хотиржамлик ва роҳат бағишлайди. Зотан, солиҳ зотлар зикр қилиниб, ёдга олинганда Аллоҳнинг раҳмати тушади. Аллоҳнинг раҳмати тушганда қалбларни ўзгача ҳузур-ҳаловат чулғаб олишини бир ўйлаб кўринг. Аллоҳ таоло Росулини яхши кўргани, улуғлаганига то умрларининг охирига қадар турли азият ва зарарлардан сақлагани очиқ-ойдин ҳужжат бўла олади. Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сени одамлардан сақлайди»[20].
Ҳотамул анбиё Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шунга ўхшаш турли иззат-икромлар кўрсатилганини бирма-бир айтаверсак асло тугамайди. Бу эса Пайғамбаримизнинг мартабалари ниҳоят даражада улуғлиги, инсониятга тенги йўқ рисолатни етказгани ва Аллоҳ у зотдан бу дунё ва у дунёда тўлиқ рози бўлганига қатъий далилдир. Чунки бу рисолат Қиёматгача боқий туради ва илоҳий рисолатлар ичида энг охиргиси бўлиб қолади.
(Давоми бор)
[1] 257-оят.
[2] Моида сураси, 16-оят.
[3] 45-46-оятлар.
[4] 41-оят.
[5] 1-4- оятлар.
[6] Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини етук ҳикмат, ҳаёт ва барча инсонлар учун зарур бўлган фойдали илм билан тўлдирган.
[7] 80-оят.
[8] 31-оят. Аллоҳ таоло Ўз муҳаббатига эришиш учун Росулига эргашишни шарт қилди. Бошқача айтганда, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш учун шундан бошқа йўл йўқ. Фақат Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг изларидан бориш орқали мақсадга эришилади.
[9] 32-оят.
[10] Ибн Мунзир Қатода ва Мужоҳиддан риаоят қилган.
[11] Имом Муслим, Абу Довуд ривоят қилган. Насоий «Амалул явми валлайлаҳ» китобида келтирган.
[12] Тавба сураси, 62-оят.
[13] Бирлик шаклда бўлса ҳам, ҳар иккисини қамраб олади. Оят Аллоҳ ва Унинг Росулига итоат этишни ва ҳар иккисини рози қилишни бир хил маънода тушуниш кераклигини баён қилган.
[14] 56-оят.
[15] Фотиҳа сураси, 6-оят.
[16] Бақар сураси, 256-оят.
[17] Иброҳим сураси, 34-оят.
[18] 39-оят.
[19] Раъд сураси, 28-оят.
[20] 67-оят.