﴿ وَإِنْ يُرِيدُوا أَنْ يَخْدَعُوكَ فَإِنَّ حَسْبَكَ اللَّهُ هُوَ الَّذِي أَيَّدَكَ بِنَصْرِهِ وَبِالْمُؤْمِنِينَ * وَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ لَوْ أَنْفَقْتَ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مَا أَلَّفْتَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَكِنَّ اللَّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ ﴾ [الأنفال: 62-63[
Агар сени алдашни ирода қилсалар, бас, сенга Аллоҳ кифоя қиладир. У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган. Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Анфол сураси 62-63 оятлар). [1]
Имом Замахшарий роҳимаҳуллоҳ ушбу оят Бадр ғазотида нозил бўлган деб келтирадилар. Бу қавллар ичида саҳиҳроғи ҳисобланади.
Бир ривоятда Бу оят Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида нозил бўлган дейилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга 39 киши иймон келтирган эди. Умар розияллоҳу анҳу иймон келтириб, улар қирқ киши бўлди”. [2]
Аввалбошда мусулмонлар анча заиф эдилар. Аллоҳ таоло Росулини қўллаб-қувватлаб Ўзи билан бирга саҳобаларни зикр этмоқда. Аллоҳ таоло Росулига “У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган” деб далда бераяпти. Ушбу оятдаги мўминлар саҳобайи киромлардир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар доим қўллаб-қувватлаганлар, бор мол-мулкларини у зотга кўмак беришга сарф этишган.
Ушби оятда Аллоҳ таоло Ўзи билан бирга саҳобаларни зикр этишлиги уларнинг улуғ даражада эканликларини яққол далилидир.
Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бардавом бўлади.
Аллоҳ таоло бугунги кунда мусулмонларнинг ўзаро йўқотган бирдамликларини ва бир-бирига бўлган муҳаббатларини яна қайтадан тиклашини сўраймиз! Аллоҳ таоло қилаётган барча ишларимизни Ўз даргоҳида холис қабул қилсин! Барча саҳобалардан рози бўлгани каби бизлардан ҳам рози бўлсин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
[2] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.