Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Сиз азизларнинг эътиборингизга келажагимиз эгалари, қадрли фарзандларимизга бевосита алоқадор масалаларга бағишланган туркум мақолаларни ҳавола этиб бориш ниятидамиз. Токи биз ҳам юртимизда давом этаётган хайрли ишларга бироз бўлса-да, хисса қўшиб қолсак. Бу туркум мақолаларимиз “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган умумий рукн остида тақдим этиб борилади.
Аллоҳ таолонинг Ўзидан ушбу ишимизга муваффақият ато этишини сўраб қоламиз.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси: 13-оят).
Машҳур муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи бу оят ҳақида: “Ушбу оятда айтилганлар ёшлардир” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Қиёмат куни Одам боласининг қадами Роббисининг ҳузуридан то бешта нарсадан сўралмагунича силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан топгани ва уни қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига қанчалик амал қилгани ҳақида”, дедилар (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан илгари ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлиғингни, камбағал бўлиб қолишингдан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни, ўлим келишидан олдин ҳаётингни”, дедилар (имом Ҳоким ва имом Байҳақий ривояти).
Ушбу мақоламизда биз ёшлар деганда балоғат ёшидан ўттиз беш-қирқ ёшгача бўлганларни назарда тутамиз.
Нега айнан ёшлар мавзуси танланди?
Аввало, ислом динининг ёшларга катта эътибор бериши бу мавзуни танланишига туртки бўлди. Бунинг ёрқин далили сифатида Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида ўз Роббиларига иймон келтириб, золим подшоҳ даврида иймон-эътиқодини асраш йўлида матонат кўрсатган йигитлар – ғор эгалари қиссасини айтиш мумкин. Аллоҳ таоло яна бир сурада, ёш бўлишига қарамай жаннат аёлларининг саййидаларидан бири бўлиш даражасига эришган Марям онамиз (алайҳассалом) ҳақида ҳикоя қилади. Умуман олганда эса, Қуръони каримда ёшлар ҳақида жуда кўп оятлар келган бўлиб, улар билан қуйироқда алоҳида танишиб ўтамиз, иншааллоҳ.
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг бир неча ҳадиси шарифларида ёшлар ҳақида сўзлаб, уларга катта аҳамият берганлар. Жумладан, у зот алайҳиссалом: “Мен сизларга ёшлар ҳақида яхшиликни васият қиламан. Чунки, уларнинг қалблари нозикроқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мени покиза ва холис дин ила юборди. (Аммо аввалига), менга (баъзи) ёшлар (ҳам), шунингдек, яна (баъзи) қариялар (ҳам) мухолиф бўлишганди”, дегандилар.
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига ёшларга яхшилик қилишни васият қилишлари ҳам уларга фахр ва ифтихор жиҳатидан етарлидир!
Мисол тариқасида баъзи саҳобаи киромларнинг исломни қабул қилиб, саҳобалик шарафига муяссар бўлган ёшларини эслатиб ўтсак: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу исломга кирганларида 37 ёш, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу 26 ёш, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу 20 ёш, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳали 10 ёшга етмаган, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу 17 ёш, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу 19 ёш, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу 20 ёш, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу 27 ёш, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу 30 ёш, шунингдек, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу вафот этаётганларида 33 ёш, Фотима онамиз розияллоҳу анҳо эса ҳаётларининг сўнгида 29 ёш бўлганлар.
Абул Аъло Мавдудийнинг сийратга оид бир асарида шундай дейилади: “Илк саҳобалардан қай бирини олманг, уларнинг ёшлар эканини кўрасиз. Улар ичида айримларигина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёш жиҳатдан каттароқ бўлган, холос”.
Айнан ёшлар мавзусини танлашимизнинг бир нечта сабаби бор. Қуйида уларни баён этамиз:
Биринчи ва бош сабаб: муқаддас ислом динимизнинг бу мавзуга катта аҳамият қаратганидир.
Иккинчи сабаб: ёшларнинг муаммоси жамият муаммоси, уларнинг ютуғи эса жамият ютуғидир. Албатта, мусулмон жамиятининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Бу эса яхшидир, алҳамдулиллаҳ. Чунки, ғарб жамиятининг бугун ўз бошидан ўтказаётган жиддий маънавий инқирозига ҳам асосий сабаблардан бири сифатида ушбу жамиятнинг асосий қисмини ёшлар эмас, балки ёши катта ва қари инсонлар ташкил этишини айтишимиз мумкин.
Учинчи сабаб: ёшлик умрнинг баҳори ва ўртаси бўлгани учун. Зеро, ҳар бир нарсанинг яхшиси унинг ўртасида бўлади. Кичик бола тезроқ улғайишни орзу қилади ва у сари интилади. Катталар эса, гарчи ёшликда бирор нарсага эриша олмаган бўлсалар ҳам барибир, ёшлик даврларини қўмсаб кўп ҳасрат чекадилар. Шоир айтади:
Қанийди ёшлигим қайтганда бир он,
Қарилик ҳолатин қилардим баён.
Агар биз Аллоҳ таолога ўзимиздаги энг яхши нарсани тақдим қилсак, Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг ҳузуридаги неъматлардан энг яхшисини бизга тортиқ қилади. Муҳаммад ибн Абу Бакр айтади: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ҳар қандай муваффақият Аллоҳга итоат қилиш биландир. Ҳақиқий ҳаёт У зотнинг ризосидадир. Ҳақиқий неъмат эса У зотга яқин бўлишдадир. Қалб У зотгагина ихлос қилиш ва муҳаббат қўйиш билан ислоҳ бўлади”.
Тўртинчи сабаб: ёшлар ватан таянчи ҳисобланиб юрт ривожланиши ва тараққий этишида муҳим ўрин тутадилар. Бундай дейишимизнинг сабаби, ёшларда куч-ғайрат, сабр-тоқат ва шижоат мужассам. Ислом тарихидан маълумки, яхшилик йўлидаги барча чорловлар ёшлар томонидан амалга оширилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ёш Иброҳим алайҳиссалом қавмлари бутларга ибодат қилганларини кўрганида қилган ишлари ҳақида шундай марҳамат қилади: “Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки, унга қайтсалар, деб қолдирди. Улар: “Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир”, дедилар. Улар (мушриклар): “Уларни гапириб (айблаб) юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитган эдик”, дедилар” (Анбиё сураси: 58-60-оятлар).
Машхур муфассир Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг тафсирларида “Иброҳим деган бир йигитни эшитган эдик” оятидаги “бир йигит”ни “ёш йигит” деб тафсир қилганлар. Сўнг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисни келтириб ўтганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни ёш бўлган ҳолатларида юборган. Илм ҳам ҳар бир олимга ёш бўлган ҳолатида ато этилган, дея қуйидаги оятни ўқидилар: “Улар (мушриклар): “Уларни гапириб (айблаб) юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитган эдик”, дедилар”.
Халқнинг орзулари ёшларга боғланган. Кўзлари эса, дини ва ватанига хизмат қилувчи ёшларга қаратилгандир.
Бешинчи сабаб: Кўпинча ёшларни турли хил орзу-ҳавас ва хоҳиш-истаклар қамраб олади. Бу орзу-ҳавас ва хоҳиш-истаклар тўғри йўлга йўналтирилса, кутилган натижага эришилади. Бордию, эътиборсиз қолдирилса, аланга олиб аянчли оқибатларга олиб келади.
Шахсий машинангиздаги ёқилғига бир эътибор қаратинг. Ёқилғи машина бакига тушиб, махсус қувурчалардан ўтса ва двигателга қуйилса ўша ерда ўт олади. У машина двигатели ичида кимёвий реакцияларга киришиб, уловни ҳаракатга келтиради. Лекин ёқилғи машинанинг устига тўкилса ва бир учқун келиб тушса, машинани ёндириб юборади. Шунингдек ўсмир йигитнинг майл ва шаҳвоний туйғулари ҳам ислом таълимоти асосида тарбияланиб борилса, ўз меъёрида ҳаракатланади. Бироқ лоқайдлик билан ёндашилса, у аланга олиб нохуш ҳолатларни юзага чиқаради.
Олтинчи сабаб: Баъзи бир ғаразли ниятдаги кимсалар мусулмон ёшларнинг одоб ахлоқини издан чиқариш ва “оммавий маданият” балоси билан уларнинг онгини заҳарлаш учун оммавий ахборот воситаларидан қурол сифатида фойдаланишмоқда. Бунга мисол тариқасида баъзи ижтимоий тармоқлар, айрим ғарб мамлакатлари томонидан суратга олиниб эфирга узатилаётган жангари ёки беҳаё мазмундаги филм ва сериаллар, инсонни лоқайдлик ва ҳаётга енгил қарашга чорлайдиган теле-дастурлар ва экстремистик ва террористик руҳдаги веб сайтларни айтиб ўтсак бўлади. Мана шу юқорида санаб ўтилган маънавиятга салбий таъсир қилувчи омилларнинг зарарига дучор бўлаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилаётганлиги бу бир неча туркумдан иборат бўлган мақолаларнинг ёзишилишига туртки бўлди.
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.