2022-23 ўқув йили октябр ойидан мадрасамизда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ташаббуси билан китобхонлар клуби фаолиятини бошлади. Мадраса китобхон талабаларининг биринчи учрашувида муҳокама учун Жорж Оруеллнинг «Молхона» асари танланди. 31 октябрда китобхонлар клубининг биринчи сонида ушбу асар муҳокамаси бўлиб ўтди. Муҳокама қизғин, баҳсларга бой тарзда кечди ва муҳокама сўнгида талабалар махсус саволларга жавоб беришди. Клубнинг 2-сони учун Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асари кўпчилик овози билан навбатдаги муҳокама қилинадиган асар сифатида танланди.
Ушбу клуб мадраса талабалар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг нутқини равон қилиш, дунёқарашини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Клубда иштирок этиш сизларга китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, уларни адабий муҳитда қизғин муҳокама қилиш билан биргаликда қимматбаҳо совғалар соҳиби бўлиш имконини ҳам беради. Клубда клуб иштирокчилари томонидан танланган бадиий асарлар ҳажмига кўра ҳар 1-3 ҳафта муддатда муҳокама қилинади. Муҳокамадан сўнг клуб иштирокчилари ўқилган китоб бўйича махсус саволларга жавоб беришади ва берилган жавоблари натижалари рейтинг шаклида йиғиб борилади. Ўқув йили якунида эса ўқилган китоблар орасидан бири танланиб, клуб иштирокчилари томонидан тақриз ёзилади. Ёзилган тақризлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқиб баҳоланади. Йиллик рейтинг натижалари ҳамда тақриз натижаларини қўшиб ҳисоблаганда энг юқори балл тўплаган 3 та китобхон талаба қуйидаги совғалар билан тақдирланади:
1 – ўрин: Ноутбук
2 – ўрин: Планшет
3 – ўрин: Телефон
Китоб ўқиб ўз билимингизни оширинг ҳамда қимматбаҳо совға соҳибига айланинг!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими





