Олдинги мақоламизда толиби илм илм ўрганишдан олдин қиладиган ишлари тўғрисида гаплашган эдик. Бугунги мақоламизда толиби илмнинг устози олдида қандай туришлиги, кимдан дарс олишлиги ва толиби илм учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз юритамиз.
Толиби илмдан ҳар доим илмга ва муаллимга тавозеъли бўлишлиги талаб қилинади. Тавозеъ билан илмга эришилади. Толиби илм барча ишларида муаллимига таяниши, маслаҳатлашиши, буйруғига итоат қилишлиги ва касал ўзини табибга мутлоқ топширгани каби у ҳам устозига ўзини борича топширмоғи лозим.
Уламолар таъкидлашича, илм комил бўлган, диёнатли, таниқли ва ишончли кишидан ўрганилади.
Ибн Сирин, Молик ва кўпчилик салафи солиҳлар шундай деганлар: “Илм диндир. Динни кимдан олаётганингизга эътибор беринг. Аҳли илм бўлиш учун илм кўп бўлиш шарт эмас. Балки, илм билан бирга шаръий илмларни ҳам билмоқлиги лозим. Чунки шаръий илм мустаҳкам илмдир. Бу илмни ўрганиладиган бўлса, унинг хулқи гўзал, зеҳни ўткир ва қобилиятли бўлиб етишади”.
Уламолар айтишадики, илм устозидан ўтказиб олмасдан олинмайди. Якка ўзи китобдан ўқиши билан у янглишиб катта-катта хатоларга йўл қўйиши мумкин.
Толиби илм муаллимига ҳурмат назарида қараши, уни ҳаммадан устун кўрмоқлиги ва устозини хатоларини топишдан тийилмоғи лозим. Олдинги уламолардан нақл қилинишча, улар устозларининг олдига дарс олиш учун боришаётганларида садақа қилиб, “Аллоҳим мендан устозимнинг хатосини тўсгин ва унинг илмидан мени маҳрум қилмагин”, деб дуо қилишар экан.
Имоми Шофеъий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг олдиларида китобни шунақанги майин очар эдимки, унинг овозини у зот эшитиб, ҳаёллари чалғишидан қўрқардим”.
Имом Робеъ роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ менга қараб турганларида, сув ичишга журъат қила олмасдим”.
Ҳамадон ибн Исфаҳоний роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Шарийк роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Халифа Маҳдийнинг фарзандларидан бири у кишининг олдиларига келди ва деворга суяниб, у кишидан бир ҳадис ҳақида сўради. У зот унга қарамадилар, балки, бизга қардилар ва яна у томонга қарадилар, сўнг яна бизга қарадилар. Шунда халифанинг ўғли: “Халифанинг ўғлини паст санаяпсизми?” деди. Шунда у зот: “Ундай эмас. Лекин илм Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг улуғ нарса эрур. Мен уни пастга қўя олмайман” дедилар ва чўккалаб ўтирдилар ва “Илм бундоқ ўрганилади” дедилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Олимнинг сенинг зиммангдаги ҳаққи: ҳузурига кирганингда оммага салом бериб, унга алоҳида хослашлигинг; олд томонида ўтиришлигинг; олдида қўлинг билан ишора қилмаслигинг; кўзингни ҳар томонларга бурмаслигинг; айтган гапига “Фалончи устоз бунақа деган эди” демаслигинг; ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмаслигинг; ҳузурида пичинг қилмаслигинг; чарчаган бўлса қийнамаслигинг; суҳбат узайиб кетса малолланмаслигинг. Чунки устоз меваси пишиб-етилиб тушиши кутиладиган хурмо дарахтига ўхшайди”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ






