Китоб – илм манбаи. Толиби илмнинг энг яқин дўсти – китоб. Китобсиз талаба бамисоли отсиз чавандоздир. Илм талабидаги инсонга у дарс қиладиган китобнинг аҳамиятини жазирама чўлдаги ташнанинг сувга муҳтожлиги билан қиёслаш мумкин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ахборот ресурс марказини араб, ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги дарслик ва бадиий китоблар билан бойитиб боришга мунтазам эътибор қаратиб келади. Яқинда таълим муассасанинг Ахборот ресурс марказига Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Шабровийнинг “Унвонул баён” ва Ҳасан ибн Аммор Шурунбулолийнинг “Нурул ийзоҳ” китоблари келтирилди. 29 март куни талабалар иштирокида бу китобларнинг тақдимот маросими ўтказилди.
“Унвонул баён” араб адабиётига оид қимматли асар бўлиб, донишманд инсонларнинг ҳаёт, ахлоқ, диёнат, фаросат ва бошқа мавзулардаги гавҳардек тизилган сўзлари, шеър ва ҳикматларини ўз ичига олган. Учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун бу китоб асосий дарсликлар қаторидан жой олган.
Ҳанафий мазҳаби ибодат масалаларини баён қилувчи “Нурул ийзоҳ” асари содда тилда ва ихчам шаклда ёзилган асар бўлиб, талабалар ўқиб тушуниши осон, фойдаси мўл китобдир. Талабаларга қўшимча манба сифатида тавсия этилувчи бу асар “Мухтасарул виқоя” матнларини тушунишларида уларга жуда қўл келади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






