Биласизми:
Имом Абу Мансур Мотуридий 333 ҳижрий йилда вафот этганлар, яъни у кишининг вафот этганларига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди!
Буни нимани билдиради?
Бу Имом Мотуридий ҳозирги сохта салафий (ваҳҳобий) шайхлардан кўра Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга 1000 йилга яқинроқ эканини билдиради. Шаръий илмлар эса саҳиҳ ҳадиси шарифларда айтилганидек, вақт ўтган сайин камайиб боради.
Бундан ташқари, Имом Абу Мансур Мотуридийнинг насаблари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида у зотга ўз уйидан жой берган Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.
Имом Мотуридийнинг Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу билан санадда боғлаб турувчи икки киши борлигини билармидингиз?
Биз бу санад орқали Имом Мотурудий илмни Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан олганларини билиб оламиз.
Имом Забидий роҳимаҳуллоҳ Абу Мансур Мотуридий машҳур уч олимлардан дарс олганлари ҳақида айтиб ўтганлар:
- Абу Наср Иёзий роҳимаҳуллоҳ;
- Абу Бакр Жузжоний роҳимаҳуллоҳ
- Мухаммад ибн Муқотил Розий роҳимаҳуллоҳ (242 ҳ.й. вафот этганлар).
Абу Наср Иёзий ва Абу Бакр Жузжоний роҳимаҳумаллоҳлар икки имом – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳларнинг шогирдлари бўлмиш Абу Сулаймон Жузжонийдан дарс олишган.
Мухаммад ибн Муқотил Розий роҳимаҳуллоҳ эса Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бевосита, тўғридан -тўғри дарс олганлар.
Шундай қилиб, Имом Мотуридий билан Имом Абу Ҳанифа ўртасида санадда икки ёки уч киши борлиги маълум бўлади.
Имом Абул Муъийн Насафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шайх Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифага усул ва фуруъ (эътиқодий ва фиқҳий масалалар)да энг кўп эргашувчи киши эдилар”.
Мана шунча маълумотлардан кейин ҳам баъзи бир сохта салафий (ваҳҳобий) бизга қарата, гўёинки у Имом Абу Ҳанифанинг эътиқодини у зот роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ва шогирдларининг шогирдларидан яхшироқ билишини даъво қилиб, “Сизлар Мотуридийга эргашсангиз, биз Имом Абу Ҳанифага эргашамиз!”, дейди.
Биз бу даъволарига фақатгина : “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил аълиййил аъзийм!”, деймиз.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов






