Таълим муассасасида ҳафтанинг ҳар душанба куни “Ахборот ва мураббийлик соатлари” курслари ўтказилиши режаси тасдиқланган. Бунда долзарб мавзуларда соҳа мутахассислари таклиф этилиб давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилади. Бу тадбирлар талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ошиши, уларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан камол топишида муҳим ўрин тутмоқда.



14 февраль кунги маънавият соати ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоир, тарихчи, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудларига бағишлаб “Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим” мавзусида ташкил этилди. Тадбирга таниқли адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Орзиқул Эргаш таклиф этилди.



Тадбир аввалида талабалар ташаббуси билан тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Давра суҳбатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда эканлиги, шунингдек, Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олганлиги таъкидланди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййин”, “Хатги Бобурий”, “Ҳарб иши”, Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилгани эсга олинди.
Тадбир маънавият залида ташкил этилди. Шунингдек, ҳар бир гуруҳларда видеоконференция шаклида узатилди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






