Муҳаббати олий-шубҳасиз энг олий зотга бўлган муҳаббатдир. Муҳаббати олийга эришган одамга Аллоҳ таъоло қолган барча муҳаббат турларини мукаммал ва гўзал суратда бериб қўяди. Аллоҳ таъолога муҳаббат қўйган киши дунё ва охиратдаги энг саодатманд киши бўлиб, у дунёнинг ва охиратнинг энг олий ва юқори даражасига етишади. Бу эса жуда ҳам улуғ мақом бўлиб, унга биргина оятга амал қилиш билан эришиш мумкин бўлади. Аллоҳ таъоло бу ҳақида ўз ояти каримасида қуйидагича марҳамат қилади: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган (Нисо, 69).
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва мусулмонлар оммаси ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддикдар, шаҳидлар ва ахли солиҳлар билан, абадий бўлади. Бундай бир тенгсиз бахтни яхшироқ тасаввур қилиш учун Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга бўлишга инсоният тарихидаги энг бахтли авлод – саҳобалар авлоди қандай аҳамият берганини ўрганиб чиқайлик.
Ибн Жарир Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар:
«Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй фалончи, сенга нима бўлди? Хафа кўринасан?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб хафа бўлдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У нима эди?» деб сўрадилар. «Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жаброил: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар» оятини олиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб, башорат бердилар».
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рабийъ ибн Каъб ал-Асламий қуйидагиларни айтдилар: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида тунаб қолган эдим. У кишига керакли нарсаларни, таҳоратларига сувни тутдим. У зот менга: «Сўра», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг рафиқингиз бўлишни сўрайман», дедим. «Бундан бошқани эмасми?» дедилар. «Фақат шуни», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер», дедилар». Бу дунёда Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларининг ҳаловатини тотган саҳобалар у зот билан охиратда ҳам ҳамсуҳбат бўлишга зўр ва мислсиз иштиёқлари бор эди. Ҳар бир мўмин-мусулмон бундай мақомга эришишни хоҳласа, ҳозир биз ўрганаётган оятга амал қилиб, Аллоҳга ва Расулга сўзсиз итоат этмоғи лозим. Ана ўшанда улар яхши рафиқларга соҳиб бўладилар. Бу нарса Аллоҳнинг уларга берган фазлимарҳамати бўлур. Шу билан бирга ояти каримада такидланганидек Аллохга ва унинг расулига итоат килишлик билан Аллохнинг ва унинг расулининг муҳаббатига сазовор булади ва натижада дунёю охиратда энг юксак макомларга эришади ва энг бахтли инсонга айланади.
Қодиров Шухрат,
4‑курс талабаси






