Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон ибн Муҳаммад Қори Ҳаравий Маккий Ҳанафий бўлиб, “Мулла Али Қори” номи билан машҳур.
Мулла Али Қорининг Ҳиротда туғилганлиги тўғрисида ҳеч қандай ихтилоф бўлмасада, туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. Чунки, ўша даврларда чақалоқ туғилганда унинг туғилган санасига эътибор бўлмагани сабабли инсонлар буни белгилаб қўйишга аҳамият бермас эдилар.
Аммо, милодий 1606-(ҳижрий 1014-йил) санада Макка шаҳрида вафот этганлиги тўғрисида эса, барча тарихчилар бир хил фикр билдирганлар.
Али Қорининг шажараси шоҳлар авлодига бориб тақалиши ҳақидаги маълумотни фақатгина тарихчи Абу Ишоқнинг унга берган таърифида келган, аммо бошқа манбаларда бу хусусда ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.
Бироқ, айрим манбаларда отасиниг исми ҳақида тўхталиб, уни фақат Султон эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Жумладан, тарихчи олим Абдулмалик ал-Асомий аш-Шофеъий (ваф. 1111/1699-й.) отасининг исми борасида ўзининг “Сумтун-нужум ал-аволи ват-таволи” асарида, Али Қорининг отасининг исми Султон, деб, маълумот беради.
Мулла Али Қори туғилиб ўсган юрт – Ҳиротда дастлаб Қуръони карим илмини ўрганди. Сўнг уни ёд олди, тажвид илми[1]ни ўрганди ва устози – ўз даврининг етук олимларидан бўлган Муинуддин ибн ал-Ҳофиз Зайниддин ал-Ҳаравийдан дарс олди. У асосий илмини Ҳиротдаги ўша даврнинг энг машҳур шайхларидан ўрганди. Илм ўрганишининг илк давридаёқ кўпгина катта китобларни ўқиб ўрганиб пухта ўзлаштириб олди. Ҳирот шаҳри Темурийлар ҳукмронлиги даврида давлат пойтахти, маънавият ва маданият ўчоғи ҳисобланар эди.
Мулла Али Қори туғилган вақтлар эса, Ҳиротда илм-фан гуллаб-яшнашининг орқага кетаётган ва маънавий муҳит инқирозга юз тутиб бораётган бир давр эди.
Сафавийларнинг биринчи подшоҳи Исмоил ибн Ҳайдар ас-Сафавий Ҳиротга келганда мусулмонларни зулм билан қатл қила бошлади. Шу сабабли Ҳиротдан кўплаб уламолар ўз юртларини ташлаб чиқиб кета бошлади. Шулар қатори Сафавийлар зулм-истибдоди кучайган бир даврда Мулла Али Қори ҳам ўз юртини тарк этиб, Маккаи мукаррамага жўнади. У сафар давомида кўплаб шаҳарларда бўлиб, у эрлардаги илмий давраларда қатнашади, уламолар билан суҳбат қуриб, уларнинг илмидан баҳраманд бўлди. Тарихчилар унинг Маккага жўнаган санаси аниқ фикр билдирмаган. Аммо, ҳижрий 952-йилда Маккага кириб борганини айтганлар.
Мулла Али Қори Маккаи мукаррама шаҳрига кириб истиқомат қила бошлади. Шу кундан бошлаб унинг ўз илмий фаолиятини олиб бориши учун тинч ва осуда ҳаёт бошланди. Машойих ва уламоларнинг дарс ҳалқаларида иштирок этди. Шу асрнинг кўпгина уламоларининг илмларидан баҳраманд бўлди ва илм олиш йўлида юксалиб борди. Бу даврда Макка шаҳри хусусан, араб диёрларида кўпроқ Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга эргашган бази кишилар етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни “фақат раъй[2]га асосланган” деган гапларни тарқатишарди. Баъзилар эса, ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида нўноқлиги борасида ножўя сўзлар билан айблашарди.
Дарҳақиқат, барчамизга маълум ва машҳур бўлган Имом Насоий, Ибн Адий каби баъзи бир уламолар ҳам Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан ҳадисларни ёдда сақлаш борасида заиф, деган фикрни билдирганлар. Имом Заҳабий ўзларининг “Мезон” китобларида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳофизлардан ҳисоблаб, сиқа (ишончли ровий) кишилар сирасига қўшганлар.
Мулла Али Қори Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлгани учун ҳам, мазҳаб ҳимояси йўлида уларга қарши кескин курашиб раддия[3]лар ёзди, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто инкор этилиш даражасига этган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга уринди, бунинг уддасидан чиқди ҳам. Чунончи, у “ан-Ниқоя мухтасарул-виқоя” номли фиқҳга оид ҳанафий мазҳабидаги “Мухтасарул-виқоя” китобига ёзган шарҳида барча аҳкомларни оят ва ҳадис билан исботлаб берган.
Аллоҳ таоло унинг қалбини илмларни жойлаш учун кенг қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деган ҳадисларининг исботи ўлароқ у кишига барча яхшиликларни берди.
Уни қидирган киши ё бирор китоб олдида ўтириб мутолаа қилаётганида ёки бирор олимнинг ҳузурида дарс тинглаётганида топиши мумкин эди. У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлини тутиб бошқа юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олди, ҳамма жойда олим ва фузалолар даврасида муттасил равишда ўз илмини оширишга ҳаракат қилди.
Мулла Али Қори бир неча йиллар Байтуллоҳ ал-Ҳаром уламоларидан дарс олишни ўзига лозим тутгани, илм ва таълимга кучли рағбат қўйгани боис тез фурсатда бармоқ билан саналгудек бўлган замонасининг этук олимларидан бўлиб этишди ва улар қаторидан жой олди. Илм талаб қилишда тинмади, диний илмлар мажмуаси – ҳадис, тафсир, фиқҳ ва қироат илми бўйича катта шуҳратга эга бўлди, илмий даражаси юксалиб, ёзган асарлари ва шарҳлари тезда ҳар томонларга ёйилди.
Илмий фаолиятини юксалтириш, давом эттириш ва тарқатиш мақсадида ҳар йили битта мушаф – Қуръони карим кўчириб ёзиб, уни сотарди ва шу орттирган даромади келгуси йилгача этарди. Шу эрда Мулла Али Қорининг моҳир хаттот эканлиги, ундан бир неча Қуръони карим нусхалари қолганини яққол билишимиз мумкин.
Алломанинг “Қори” деб, номланишига сабаб, унинг қироат илмида моҳир ва пешқадам, бу илмнинг етук билимдони, мустаҳкам ва пухта эгаллаганидан далолат бериб, Ислом оламида ҳам Мулла Али Қори номи билан шуҳрат топган. Бу борада ўзининг ёзган асарлари ва шарҳларида баён қилиб берилган.
Мулла Али Қори ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср манбаларида, қисман олимнинг ўз асарларида ҳам келтирилган. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Ҳожи Халифанинг “Кашфуз-зунун”, Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг “Хулосатул-асар фи аъёнул-қорн ал-ҳадий ъашар” ва аш-Шавконийнинг “Ал-бадрут-толи” асарлари асосий манба ҳисобланади.
Муҳаммад ал-Муҳиббий “Хулосатул-асар фи аъёнул-қорн ал-ҳадий ашар” номли китобида: “Мулла Али Қори фозил илм пешволаридан, энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназир олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда ўта моҳир, имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутаккалим, мутасаввуф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. Унинг шуҳрати ва донғи бутун Ислом дунёсига таралган бўлиб, унда ақлий ва нақлий билимлар мужассам эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахасис бўлган”, деб, келтиради.
Аш-Шавконий “Ал-Бадрут-толеъ” асарида келтиришича, Мулла Али Қори ўнинчи ҳижрий сананинг бошларида майдонга келган мужаддид, мужтаҳиддир. Мулла Али Қори шундай юксак мартабага кўтарилганлигидан бўлса керакки, у бошқа мазҳаб имомларига ва айниқса, Имом Шофеъий ва у кишининг издошларига кўп масалаларда ўз китобларида эътирозларини билдирган. Имом Моликка эса, намозда қўлни пастга тушириб ўқиш борасида раддия берган. Бироқ, бу ишлар Мулла Али Қорига кўплаб қийинчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шунга қарамай, аш-Шавконий Мулла Али Қорини қўллаб, шундай деб, таъкидлайди: “Бу унинг мартабаси баланд, юксаклигидан далолатдир. Мужтаҳид ўзи қарши чиққан ва ундаги саҳиҳ далилларга хилоф бўлган нарсаларни баён этиши керак.
Бунда эътирозга дуч келган фикрларнинг эгаси буюк ва буюк эмаслигига қарамаслик лозим”. Шу тариқа аллома одамларга ўзининг илми, асарлари, ақлу заковати билан то вафот этгунига қадар манфаат этказиб юрди.
Мулла Али Қори ҳам худди Абу Ҳанифа, Суфён, Фузайл ибн Иёз ва Имом Аҳмадлар каби ўта тақволик эканлигидан султонлар ва бойларнинг таклифларини рад қилиб, улардан узоқ турди. Ҳокимларнинг туҳфаларидан йироқ бўлиб, бирорта ҳам расмий давлат вазифаси борасидаги таклифларни қабул қилмаган. Ўша даврнинг золим ҳокимлари ва амалсиз олимларига қаршилик кўрсатарди. Ўз қўл меҳнати билан топган нарсаси билан ризқланарди. Унинг ҳар йили чиройли хат билан бир нусха мушафи шариф ёзиб сотиши ва топган даромадининг бир йил давомида этиб туришини юқорида зикр қилиб ўтилди. Али Қорининг таржимаи ҳолини ёзган бази уламолар бир йилда иккита мушаф кўчиришини, иккисини сотиб, бирининг пулини Ҳарами шариф фақирларига садақа қилишини ва иккинчисининг пулини эса,, ўз эҳтиёжи учун ишлатишини айтганлар. Бундан ташқари, ёзган мушафларининг атрофига тафсир ҳам ёзган. Бу тафсир ҳозирда Туркияда сақланади.
Шайх Муҳаммад Абд ал-Ҳалим ан-Нумоний аллома Али Қори ҳақида шундай деган: “Али Қори китобларини сотиб топган маблағига қаноат қилиб яшарди. Шу қаноати туфайли у тақдирга ризолик, топганига кифоя қилиш даражасига етди. Одамларга кам аралашарди. Тақвоси ва ибодати кучли эди…”.
Мулла Али Қори Маккаи мукаррамада ҳижрий 1014-йил, Шаввол ойида (милодий 1606-йил, март ойида) вафот этди. Маккаи мукарраманинг машҳур ал-Муъалло қабристонига дафн қилинди.
Парпиев Зоҳидулло,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси,
4-курс талабаси.
[1] Т а ж в и д и л м и – Қуръони Каримни тўғри ўқишни ўргатувчи илм.
[2] Раъй – ўз фикрига асосланиш.
[3] Раддия – Эътироз, қаршилик.





