Алишер Навоий ҳазратлари “Мажолисун нафойис” тазкираларида соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаётида юз берган дақиқ бир воқеани келтирганлар. Бу соҳибқироннинг Қуръон аҳлига муносабатини ўта ҳозиржавоблик билан намойиш этганига далилдир.
Табриз амири Мироншоҳ Мирзо чоғирга кўп иштиғол кўргузиши туфайли ундан ношойишта ишлар воқе бўлаётгани хабари Амир Темурнинг қулоғига етади. Соҳибқиронга билдиришадики, амирнинг уч надими бўлиб, улар чоғирга ҳаддан ортиқ муккасидан кетган кимсалардир. Султон соҳибқирон ишни аввал ўша нобоп ходимларнинг танобини тортишдан бошлайди.
Улардан икки нафарини ушлаб, султон амри бўйича жазо беришади. Аммо учинчиси – Хожа Абдулқодир исмли киши қочиб кетади. Кейинчалик у ўзини дарвешлар орасига солиб, ақл-ҳушидан айрилгандай кўрсатиб, мажнунваш тарзда юртдан-юртга кўчиб юргани хабари эшитилади.
Соҳибқирон Ироққа борганида Хожа Абдулқодир ҳам ўша жойда экани маълум бўлади. Султон уни девоналигига ҳам қарамай тезда ушлаб олиб келишни буюради. Хожани кишанлаб, жазо тайинлаш учун ҳукмдор ҳузурига олиб келишади.
Хожанинг яхши бир фазилати бор эди. У Қуръон ҳофизи бўлиб, қироат илмида ҳам беназир киши эди. Тахт олдига судраб олиб келинганида чиройли ва баланд овоз билан Қуръон ўқий бошлайди. Буни саройда жам бўлган ҳамма, хусусан, султон соҳибқирон ҳам эшитиб турарди…
Чиройли савт ва тажвид билан дона-дона қилинган тиловат ҳамманинг қалбига таъсир ўтказган эди. Қироатни эшитгач, султоннинг қаҳру ғазаби ариб, лутфга айланади. Ёнида ажиб қироатдан мутаассир бўлиб турган мулозимларга боқиб, бир мисра шеър ўқийди:
Қўрқувдан Мусҳафга бурканди абдол
Шундан сўнг Хожага илтифот қилиб, уни авф этади ҳамда ўз ҳузуридаги мулозимлар қаторидан жой беради.
Қуръон ва Қуръон аҳлига бунчалик латиф муносабат кўрсатилгани ўта нодир ҳодиса эканини идрок ва фаҳм эгалари яхши билишса керак.
Ғулом БОБОЖОНОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, «Кўкалдош» ЎМИБЮ мударриси тайёрлади






