
Кўпчилик мусулмонларга Макка ва Мадина каби муқаддас ерларга бориб, у ерда Умра ибодатини ва Ислом арконларидан бўлмиш ҳаж амалларини бажариш насиб қилган. Ҳар бир мўмин – мусулмон Макка шаҳрида масжидул Ҳарамда ибодатларни бажариб, Каъбаи муаззамага Оллоҳ таолодан савоб истаб назар солишади. Табиийки мусулмон киши Каъбанинг ёпинчиғига нималар ёзилгани ҳақида билгиси келади. Сизларга у ёзувларнинг баъзиси, хусусан, Шом ва Ямоний рукнлар оралиғидаги ёпинчиқдаги ёзувлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Юқоридаги ёзув басмала билан бошланади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман.
(Аллоҳ таоло ўз китобини «бисмиллаҳ» билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини «бисмиллаҳ» билан бошламоқлари лозим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «Эътиборли ҳар бир иш «бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир», деганлар. Яъни, баракаси бўлмайди, охирига етмайди.)
Сўнг Ҳаж сурасининг тўрт ояти келади.
وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَن لَّا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ.
Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.
وَأَذِّن فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِن كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ.
Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.
لِّيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ عَلَىٰ مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ.
Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.
ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ
Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла.
(Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар.
Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Ҳаж мавсумнинг авжи, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади, эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда«…ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» дейишдан мақсад шу.
«Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.)
Юқоридаги чизиқ остида яна икки ёзув бор. Ўнг тарафдаги ёзув басмала билан бошланади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман.
Давомида Аҳзоб сурасининг 47-ояти келтирилади:
وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ بِأَنَّ لَهُم مِّنَ اللَّهِ فَضْلًا كَبِيرًا.
Мўминларга, албатта, уларга Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер.
Чап тарафдан ёзув:
قال الله تعالى
«Аллоҳ таоло айтади» деб, бошланади.
Кейин Нисо сурасининг 110 – ояти келтирилади:
وَمَن يَعْمَلْ سُوءًا أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللَّهَ يَجِدِ اللَّهَ غَفُورًا رَّحِيمًا.
Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади.
(Оятлар таржимаси ва тафсири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири ҳилол” китобидан олинган)
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
тарбиячиси Р.Ахунджанов





