Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига икки пайғамбарнинг тортишуви ҳақида айтиб берганлар.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан отамиз Одам алайҳиссалом билан учраштиришини сўрадилар. Учрашувда Одам алайҳиссаломнинг ман этилган дарахт мевасини егани, шу сабаб ўзи ва зурриётлари жаннатдан чиқарилганлигини айтиб башарият отасини маломат қилмоқчи ва баҳслашмоқчи бўлдилар.
Мусо алайҳиссаломни бу ишга ундаган сабаб нима эди?
Дунё ҳаёти қийинчилик ва машаққатдан иборат эканини биламиз. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик”[1]. Дунё дунё бўлибдики, меҳнат-машаққат уни тарк этмайди. Инсон ейдиган таоми, ичадиган суви, киядиган либослари ва турар жойларига машаққатлар билан эришади. Боз устига турли хил касалликларга чалинади, душманларидан жабр кўради, атрофдагилар ҳийласига учрайди. Вақти келса, фарзандлари ва яқинларидан ҳам унга озор етади.
Мусо алайҳиссалом туғилишлари биланоқ Фиръавн ва жамоасининг зуғумига учраган эдилар. Улғайиб, бир қибтийни ўлдириб қўйганларидан сўнг Мисрдан Мадянга қочиб бориб, бегона юртда саккиз ё ўн йил йил қўй боқиб юрдилар. Аллоҳнинг рисолати келгач бир томондан Фиръавннинг, бошқа бир томондан Бани Исроилнинг қайсарлиги, исён ва озорларининг жабрини кўп тортдилар. Мусо алайҳиссалом муттасил озорлардан безор бўлган чоғларида бу қийинчиликларнинг сабаби Одам алайҳиссалом ўзлари ва зурриётларини жаннатдан чиқарганлигида деб ўйлаб қолардилар. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннатни унга маскан қилган эди. Яратган Зот биргина дарахтнинг мевасини истисно қилиб жаннатнинг барча мевалари ва анҳорларидан истеъмол қилишга рухсат берган, унга: “Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам қолмайсан”[2], -деб айтган эди. Одам алайҳиссалом ейиш ман қилинган дарахтдан еб Роббисига осий бўлгач, Аллоҳ таоло уни абадий роҳат диёридан қаттиқ қийинчиликлар билан ҳаёт кечирадиган машаққат диёрига туширди.
Мусо алайҳиссалом отаси Одам алайҳиссалом билан учрашган чоғида бутун башариятнинг роҳат-фароғат диёридан чиқарилиш ҳодисасини эсга олиб оталарига ёзғирдилар. Мусо алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга одоб, виқор ва муҳаббат билан: “Сиз Аллоҳ таоло Ўз қудрат қўли билан яратган, ичингизга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарни сизга сажда қилдирган, сизга жаннатни макон қилиб берган, сўнг ўз хатоингиз ила одамларни ерга туширган Одаммисиз?” – дедилар. Бу билан Одам алайҳиссаломга “Бу нарсаларнинг барчасини Аллоҳ сизга неъмат қилиб берган эди. Сиз эса уни сақлаб қола олмадингиз. Ҳолбуки бу неъматлар эвазига Аллоҳга маъсият қилмаслигингиз, Аллоҳ тақиқлаган дарахтдан тийилишингиз лозим эди”, демоқчи эдилар. Одам алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни таъналарига беозор таъна билан жавоб қайтардилар, меҳрибонлик, одоб ва муҳаббат билан: “Эй Мусо, сен Аллоҳ Ўз рисолати ва каломи билан танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган кишисан. Хўш, Аллоҳ таоло Тавротни мен яралишимдан қанча олдин ёзганини билдинг!” – дедилар.
- Қирқ йил олдин.
- Унда (Тавротда) “Одам Роббисига исён қилди ва адашди[3]” дейилганини кўрдингми?
- Ҳа.
- Сен Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қуйган амални қилганим учун мени маломат этяпсанми?!
Шу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам Мусони ҳужжат билан енгди, Одам Мусони ҳужжат билан енгди!” – дедилар.
Одам алайҳиссаломнинг жавобларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло Одамга ман қилинган дарахтдан еса жаннатдан чиқарилиши ҳақида хабар бермаган эди. Аллоҳ таоло унинг бу хатосини кечириши ёки жаннатдан чиқаришдан бошқа жазо бериши ҳам мумкин эди. Лекин, Аллоҳ таоло ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган улуғ ҳикмат ила унга жаннатдан чиқишни тақдир этди.
Одам алайҳиссалом ўзи ва зурриётларининг жаннатдан чиқарилишига сабаб бўлмаганини Мусо алайҳиссаломга исбот қилишга уринди.
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қиссани қуйдагича ҳикоя қиладилар:
“Одам ва Мусо Роббилари ҳузурида ҳужжатлашдилар. Бас, ҳужжат келтиришда Одам Мусодан ғолиб келди. Мусо:
- Сиз, Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, ичингизга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарни сажда қилдирган, жаннатидан жой берган Одамсиз. Сўнгра ўз хатойингиз ила одамларни ерга туширдингиз! – деди.
Шунда Одам:
- Сен, Аллоҳ Ўз Пайғамбарлигига ва Каломига танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган Мусосан. Аллоҳ Тавротни мен яралишимдан қанча олдин ёзганини билдинг? – деди.
- Қирқ йил, – деди Мусо.
- Унда: “Одам Роббисига исён қилди ва адашди”, деганини кўрдингми? – деди Одам.
- Ҳа, – деди Мусо.
- Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қуйган амални қилганим учун мени маломат қиляпсанми?!” – деди Одам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, Одам ҳужжатлашишда Мусодан ғолиб келди“, – дедилар”[4].
Қиссадан олинадиган фойдалар:
- Мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар қилган ғайб ишларни тасдиқлаши шарт. Одам алайҳиссалом ва Мусо алайҳиссалом ўрталарида бўлган бу учрашув қачон, қаерда бўлганини билмаймиз. Лекин уни бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари учун тасдиқ қиламиз.
- Икки киши ўзаро баҳслашса, ҳар бири иккинчисининг қадрини билиб, ҳурматини сақлаши, баҳсни раҳмат, одоб ва муҳаббат билан якунламоғи лозим.
- Ҳаёт қийинчилик, қайғу ва машаққатлардан иборат, жаннатдан бошқа ҳеч жойда кудуратсиз роҳат йўқ.
- Инсонларнинг орасида энг қаттиқ балолар Пайғамбарларга келган.
- Ҳар бир мусулмон қазо ва қадарга иймон келтирмоғи вожиб. Инсон шу нарсани аниқ билсинки, унга етган мусибат ё неъмат четлаб ўтиши мумкин эмасди ва уни четлаб ўтган мусибат ёки неъмат унга келиб тегмасди.
- Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилиши Аллоҳнинг Ўзи биладиган улуғ бир ҳикмат учун бўлган.
Шайх Абу Аммор Маҳмуд Мисрийнинг “Қисасур Росул” китобидан
“Кўкалдош” 3-курс талабаси Содиқов Бобур таржимаси.
[1] Балад сураси 4- оят
[2] Тоҳа сураси 118-119-оятлар
[3] Тоҳа сураси 121-оят
[4] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис. “Саҳиҳи Муслим” 2652 – ҳадис.





