- Ассаламу алайкум ! – овоз эшитилди орқа томонимдан. Ўгирилиб қараганимда рўпарамда чиройли ва покиза кийинган, бутунлай нотаниш инсон табассум қилиб турганини кўрдим.
- Ва алайкум ассалом, – деб қўл қисишиб саломлашдим.
- Сизни кўрганимдан хурсандман, – деди, хайрлашаётиб елкамдан қоқиб қояркан.
Бу қандай табассум! Самимий, қалбни тўригача кириб бориб, уни биродарлик муҳаббатининг тафти ила иситадиган табассум. Жуда кам учрайдиган ва қадри юксак табассум…
- У ким эди? – қизим ажабланиб сўради. У яқинда тўрт ёшга тўлди ва ўзини катталардек ҳис қилиб, менга ҳар турли саволлар берар ва жавобларимдан ажойиб хулосалар чиқаради.
- Билмайман… – деб жавоб бердим унга.
- Унда нега у ёнингизга келиб: “Ассаламу алайкум” деб, сизни кўрганидан қувонди, сиз ҳам уни кўрганингиздан хурсанд бўлдингиз? – қизим ҳайратланиб сўради.
- Чунки бизлар мусулмонмиз, бу эса гўё бир бирини кўрганда хурсанд бўладиган бир бутун оиладир.
Шу пайт муюлишдан чиройли кийинган бир муслима қиз кўринди.
- Ана, қаранг, бир муслима қиз келяпти! – қизим ҳайқириб юборди. Мен нима бўлганини ҳали англаёлмасимдан олдин қизим кулиб ҳайқирганча унга пешвоз чиқиш учун чопиб кетди.
Қиз шошилиб турганди, шекилли. Қизимнинг саломига озгина бош чайқаган болди-ю, соатига қараб қўйиб катта-катта қадам ташлаб дўкон томон юриб кетди.
- Нега у мени кўриб қувонмади? – деб сўради қизим. – Нима мен муслима эмасманми?
- Йўқ, нега ундай дейсан!? – жавоб беришга қийналдим. – Балки у шунчаки сени пайқамагандир.
- Лекин овозим борича бақириб салом бердим-ку унга.
- Биласанми, қизим,- дедим юзига оқиб тушган ёшларни артар эканман. – Гоҳида, катта шаҳарларда яшайдиган инсонлар, доим шошганлари сабаб, ёки ҳаётларидаги муаммолар билан бандликлари сабаб, қалблари машғул бўлиб қолади, шундан сўнг яхши кўрмайдиган ва яхши эшитмайдиган бўлиб қолишади. Лекин ҳаммада ҳам бу ҳолат рўй бермайди, Худо хоҳласа, сен ҳали кўплаб зийрак қалб эгаларини учратасан.
- Лекин, мен барибир уни кўрганимдан хурсанд бўлдим! – деди қизим, кутилмаганда ёш тўла кўзлари ила табассум қилиб.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ахмедов Охунжон таржимаси






