Жорий йил 6 августь куни Кўкалдош ўрта-махсус ислом таълим муассасасида ўқитувчилар ва талабалар иштирокида янги қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш юзасидан тадбир ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ижтимоий ва гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси, юридик фанлари номзоди Феруз Рашидов таклиф этилди. Тадбир таълим муассасасидан ZOOM платформаси орқали онлайн транслатция қилинди. Тадбирни билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди ва учрашувга таклиф этилган маърузачини иштирокчиларга таништирди. Маърузачи Ф.Рашидов сўзга чиқиб, 2021 йил 5 июлда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятини кенг тушинтириб берди. Жумладан, ушбу қонун давлат билан дин, диний ташкилотлар билан давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини ҳам белгилаб берадиган ҳуқуқий хужжат эканлиги, қонунда диний ташкилотларга оид янгиликлар, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилганлиги, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилиб, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор қилинганлиги, шунингдек, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби ҳам бекор қилингани, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати 3 ойдан 1 ойга туширилганлиги каби янгиликларни санаб, изоҳлаб берди.
Шунингдек, маъруза давомида ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одобларига риоя этишлари лозимлиги таъкидланди. Хусусий диний таълим масаласининг мазмун-моҳиятини тўғри англаб кенг жамоатчиликка холис етказиш бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Тадбир якунида берилган саволларга мутахассис асосли жавобларини бердилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





