…Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошка халкларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.
Ислом Каримов
Ахборотлашув ва глобаллашув жараёнида турли курашлар тобора авж олмокда. Айримлар буни йигирма биринчи асрнинг янгилиги, деб «маданият»га ўхшатаётган бўлсада, бу ўсиб келаётган ёш авлод қалбга, онгу-шуурига салбий таъсир кўрсатаётганини асло унутмаслигимиз керак. Бундан «оммавий маданият» хатарли бўлиб, навниҳолларнинг турли йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлиши муқаррар. Бугунги кунда ҳеч бир халкнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли «урф-одатлар» кўпаймокда. Ачинарли жиҳати шундаки, кўпчилик, хусусан айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда.
Бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмайди. Турли найранг ва хатарлардан огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлишимиз лозим. Сўнгги пайтларда маънавиятимизга зид бўлган турли ғаразли кучлар «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар енгил ҳаётга ўрганиб қолишлари мумкин. Бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик кайфиятини уйғотиши мумкин.
Тезкор замонда интернетдан тўғри фойдаланиш даркор. Уларни бузғунчи ғоялар, шахвоний ҳирслар уйғотадиган фильмлардан асрашни замоннинг ўзи тақозо қилмокда. Фарзандга ёшликдан ҳунар ўргатиш эса келажакка қўйилган тамал тоши бўлиши муқаррар. Кишининг қўлида ҳунари бўлса, у асло хор бўлмайди. Бунинг учун эса аввало ота-оналар, маҳалла-кўй масъул эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Ҳадиси шарифда «Ёшликни ғанимат билинг, қарилик келишдан олдин», дейилган. Шундай экан, умрни, ёшликни беҳуда ўтказмаслик даркор. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди. Агар зурриётлар ноқобил бўлиб вояга етса, бундан жамият ҳам зарар кўриши мумкин. Шундай экан, келажакни бугундан белгилаш лозим.
Ҳозир дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вактида хабардор бўлишимиз керак. Шундагина лоқайд ва бефарқ бўлмаймиз. Ҳушёрлигимиз янада яхшиланади. Ёшларимизни юрт байроғини баланд кўтарадиган, фидоий, юртпарвар ва элпарвар инсонлар қилиб тарбияласак, юртимиз келажаги янада буюк бўлиши муқаррар. Ёшларимиз дўст билан душманни ажрата билиши лозим. Турли фитна, ёвузликка қарши кураш эса доимий шиоримиз бўлсин. Чунки, ҳар бир ёмон иллат ортида разил мақсад бўлиши мумкин. Бу хакда Пайгамбаримиз (с.а.в). «Ота болага гўзал одобдан яхширок нарса бера олмайди»,- деганлар.
Фарзандлар келажагини молу дунё эмас, илму-маърифат билан бойитсак, айни муддао бўларди.
Одоб, ахлоқ,, ҳаё ва ибо халқимизга хос ажойиб фазилатлардандир. Бугун дунёнинг айрим минтақаларида илдиз отган «оммавий маданият»га қарши ана шундай ғояларимиз ва ўз сўзимиз билан курашмоғимиз даркор.
Бундай «маданият» таъсирига берилганлар орасида фақат ёшлар эмас, балки айрим ёши катта кишиларнинг борлиги хам жуда ачинарли ҳолат. Зеро, биз кимнинг авлодлари эканлигимизни унутмайлик! Юртимиздан чиққан буюк алломаларимиз ҳаётлари, одоб-ахлоқлари ва илмий меросларини ҳозирги кунда бутун дунё халклари ўзларига дастур қилиб олишмокда. Биз ҳам буюк аждодларимиз ишини давом эттирган ҳолда спорт, санъат, маданият билан курраи-заминни ўзига қаратиб, гуллаб-яшнаётган юртимизга ғаразли, ёвуз ниятли ғаламисларга қарши ҳамжиҳат, бирдам бўлиб маърифат ва маънавиятимиз билан жавоб беришимиз керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Юсупов Оллоёр