ХУШ КЕЛИБСИЗ ХОДИМ.

ХОНАҚОҲ КАЛИТИНИ УНУТДИНГИЗМИ?

КАЛИТНИ УНУТДИНГИЗМИ?

КАЛИТНИ ЭСЛАДИМ
KUKALDOSH.UZ
НАМОЗ ВАҚТЛАРИ
  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

KUKALDOSH.UZ

  • Бош саҳифа
  • Тузилма
    • Раҳбарият
  • Мутолаа
    • Хабарлар
    • Мақолалар
    • Тавсия
  • Талабаларга
    • Илм талаб килиш одоблари
    • Ўқув курслари
      • “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курси
    • Ахборот — ресурслари маркази
    • Талабалар турар жойи
  • Абитуриентларга
    • Эслатма
    • Топширилган хужжатлар тўплами
  • Илм
    • Қуръон ва тажвид
    • Ақида
    • Фиқҳ
    • Тафсир
    • Ҳадис
    • Араб тили
    • Юртимиз алломалари
    • Ислом тарихи
БОҒЛАНИШ
05.03.2018 / - Юртимиз алломалари, Янгиликлар

ИМОМ АТ-ТЕРМИЗИЙ

ИМОМ АТ-ТЕРМИЗИЙ
(824-892)

Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани худудида  жойлашган)  қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталгани, олимнинг кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллуси олганлигини ҳам қайд қилади. Лекин эл орасида ат-Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшлигидан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термиз шаҳрига яқин бўлиб, маъмурий-идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.

Ат-Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган, фақат тарихчилар унинг «бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар»,-деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, Ат-Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб, қолганлигини ёзадиларки, бу ҳақда аввалроқ зикр қилиб ўтгандик.

Ат-Термизий ёшлигидан ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилатлари билан ўз тенгдошларидан  батамом ажралиб турган. Унинг ёшлик чоғларидан илмга ўта қизиқиши ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашда баралла намоён бўлди. У ёшлик пайтларидан бошлаб Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламолар ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўргана бошлаган, кейинчалик қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига ҳисса қўшган термизлик олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор ҳорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан у Ҳижозда-Макка ва Мадина; Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқатда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок қилади. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, ат-Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат  қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих ва илм-фаннинг бошқа соҳаларидан ҳам кўплаб устозлардан сабоқ олиб ўз билимини оширади. Булар ҳаммаси ат-Термизийнинг ўз даврининг йирик олими даражасига етишида мустаҳкам замин тайёрлайди.

Шу билан бир қаторда ат-Термизий ўзи ёшликдан қизиққан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўз ўқиган ёки бирорта ровийдан эшитган ҳадисни алоҳида  қоғозларга қайд қилиб, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлагач ва қайта-қайта текшириб тўғрилигига тўлиқ  қаноат қилгач уларни алоҳида-алоҳида махсус қоғозларга қайд қилиб борган. Турли ровийлардан эшитган ҳадисларининг тўғрилигига шубҳа ва иккиланиш  бўлганда  уларни  ҳам ажратиб алоҳида батартиб ёзиб борган. Шу тариқа ҳадисларнинг тўғрилиги, исноди тадқиқ қилинганлиги ёки шубҳалилари турли табақаларга бўлиниб улар саҳиҳ (тўғри, ишончли),ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган. Ат-Термизий ўз асарларида (бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз) келтирилган ҳадисларни ушбу табақалар асосида кўрсатиб ўтган. Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда имом ат-Термизий ўз даврининг кўпгина машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вақийъ ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.

Имом ат-Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн ал-Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад ан-Насафюн, Ҳаммод ибн Шокир, Хайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин. Юқорида кўриб ўтганимиздек ат-Термизийнинг устозлари ва шогирдлари орасида турли мамлакат ва элатларнинг вакиллари борлиги сезилиб турибди. Шу нуқтаи назардан қаралганда узоқ ўтмишда ҳам илм-фаннинг тараққиёт ва маърифат уруғларини тарқатиш борасида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб самарали ҳамкорлик қилганликлари, умумбашарий қадриятлар равнақи йўлида ҳақиқий байналминаллик руҳи мавжуд бўлганлиги ҳозирги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.

Ат-Термизий зеҳнининг ўткирлиги, хотираси ҳамда қувваи ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилади. Жумладан араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг (1274-1347) «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда кўп машҳур муҳаддислар билан учрашиб, мулоқотда бўлиб, олимлардан биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилган. У олим; «Бўлмаса қоғоз-қалам ол», деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдираверган. Олим эса турли-туман ҳадислар келтиравериб етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада у олим қоғозга қараб унда ҳеч қандай ёзув бўлмай-уни тоза ҳолда кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиқиб: «Нима сен менинг вақтимни бекорга олмоқчимисан?», деб ўшқирган. Ат-Термизий бўлса бамайлихотир «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?»,-дегану ҳозиргина олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин айнан такрорлаб айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан ўша олим ҳайратга тушиб, қойил қолганлигини билдирган.

Ат-Термизийнинг ҳорижий мамлакатларга қилган сафари узоқ йилларга чўзилиб, аввал эслатиб ўтганимиздек, сафарлари чоғида у кўпдан-кўп олимлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлди… Шу билан бир қаторда ана шу сафарлари чоғида ҳадисларни тўплаб, китоблар таълиф қилишга ҳам киришди. Хорижий элларга сафарларидан у ўз юртига 863 йилдан олдин қайтади ва ўз элидан чиққан олимлар билан илмий мунозараларда қатнашади, кўплаб шогирдларга устозлик қилади.  Айниқса, машҳур муҳаддис аллома ал-Бухорий билан Нишопурда бирга фаолият кўрсатиб, кўплаб илмий баҳсларда иштирок қилади, бу ҳақда ат-Термизий ўзининг «Ал-Илал» китобида ҳам ёзади. Ат-Термизийнинг кўпчилик таснифлари, жумладан унинг машҳур асари «Ал-Жоми’» ҳам ўз Ватанига қайтганидан кейин яратилган. Имом ат-Термизий 892 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этиб, шу жойда дафн қилинган.

Ўз илмий-ижодий фаолияти даврида имом ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг илмий-маънавий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жоми’ » асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»). «Ал-Жоми’ ал-кабир»  («Катта тўплам»), «Саҳиҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади.

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил Муҳаммадиййа», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллолоҳу алайҳи васаллам» номлари билан ҳам аталади. Ушбу асарнинг Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан бажарилган ўзбекча таржимаси (араб алифбосида ва кириллицада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган. «Китоб ат-Тарих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва-л-илал ал-Кабир», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадис» («Ҳадислардаги  иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») шулар жумласидандир.

Имом ат-Термизийнинг илмий-маънавий меросида унинг «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам») номли асари олти саҳиҳ ҳадис тўпламларидан бири бўлиб, у юқорида қайд этилганидек «ал-Жоми’ ал-кабир». («Катта тўплам»), «Саҳиҳ ат-Термизий». «Сунан ат-Термизий» (Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ат-Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан  кейин  ёзиб тугатган.

“Ал-Жоми’ ал-кабир”нинг қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида мавжуд бўлиб жумладан Тошкентда, Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам унинг қўлёзмалари сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ» бир неча марта нашр қилинган. Улардан 1283 (1867-68) йили Миртоҳда қилинган тошбосмасини, 1292 (1876-77) йили икки  жилдда Қоҳирада, шунингдек 1980 йили Байрут нашри ва сўнгги йилларда чоп этилган қатор нашрларини кўрсатиш кифоядир. Ат-Термизийнинг бу муҳим асарига  бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан Ибн ал-Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 1148 мелодий йили) номи билан машҳур бўлган имом Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулла ал-Ашбилийнинг «Оридат ал-Аҳвазий ала китоб ат-Термизий» номли 13 жузъдан (қисм)дан иборат шарҳ энг муҳим шарҳлардан ҳисобланади. Ушбу шарҳ дастлаб  1931 йилда Қоҳирада нашр қилинган.  Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн  Абдураҳим ал-Муборакфурий (1866-1935) қаламига мансуб яна бир шарх ҳам «Туҳфат ул-Аҳвазий би-шарҳи ат-Термизий» деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютийнинг (1445-1505) ат-Термизий асарига ёзган шарҳи «Қут ал-мўғтазий ала Жоми’ ат-Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган.

Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу ат-Таййиб ал-Маданийнинг «Шарҳ Сунан ат-Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқийқ ва шарҳ Жоми’ ат-Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йилда Мустафа ал-Бобий ал-Ҳалабий томонидан нашр қилинган). Муҳаммад Юсуф ал-Баннурийнинг «Маориф сунан» шарҳ сунан ат-Термизий (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр қилинган) Сирож Аҳмад ас-Сарҳандийнинг «Шарҳ сунан ат-Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек Рашиб Аҳмад ал-Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала ат-Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирийнинг икки жузъдан иборат «Ал-УРФ аш-шазий ала Жомиъ ат-Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят  Абул-Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий ас-Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган) «Ҳошия ала Сунан ат-Термизий» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

Аввал эслатиб ўтганимиздек, ҳижрий учинчи аср (мелодий тўққизинчи аср) ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади, дастлаб бу даврда яшаб ижод қилган Имом ал-Бухорий, Имом Муслим каби алломаларнинг сермаҳсул фаолияти катта аҳамият касб этади. Пайғамбар алайҳиссалом суннатларининг мана шу даврдан бошлаб тадвини ривожланиб, бу ҳолат ҳадис илми тарақиётида катта роль ўйнайди. Чунки мана шу пайтдан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифлари бирваракайига тўпланиб қолмасдан, балки улар сараланиб, тоифаларга бўлина бошлади. Улар саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул) заиф (бўш) каби гуруҳларга бўлиниб, чуқур тадқиқ қилинган холда илмий тарзда тартибга солина бошланди.

Ўз устозлари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим асос солган хайрли ишни Имом ат-Термизий чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттириб, ҳадисшуносликнинг илмий асосида ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли мухаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо ат-Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ» олим машаққатли меҳнатининг маҳсули сифатида, ҳадис илмида катта аҳмиятга эга муҳим манбалардан бири  ҳисобланади. Энг аввало шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлиб, имкони борича ҳар бир ҳадис ровийларини келтириб, ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини аниқлаб алоҳида кўрсатади. Олдинроқ биз асарини «Ас-Cунан» («Суннатлар») номи билан («Сунан ат-Термизий») аталишини ҳам эслатиб ўтгандек. Бу ном билан аталишига асосий сабаблардан бири-унда фиқҳ масаласига доир аҳком ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда панд-насиҳат, аҳлоқ-одоб, гўзал ҳулқу фазилатлар ҳусусида ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилганки, бу даражадаги ҳадислар ҳеч бир муаллиф асарида учратилмайди, десак муболаға бўлмаса керак.

Таркибий жиҳатдан асар қуйидаги бобларга бўлинади: таҳорат, салот, (намоз), закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, савдо-сотиқ, қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, сайд, қурбонлик, назр-нузур, иймон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар, ичимликлар, (ал-ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, ҳайрихоҳлик ва тақдир, хуружу фитналар, башоратлар, шаҳодатлар, зоҳидлар, жаннат сифатлари, жаҳаннам, сифатлари, илм, изн сўраш ва одоб, масалалар, Қуръон фазилатлари, қироат, тафсир, дуолар, маноқиблар (фазилатлар), иллатлар ҳақидаги боблар келтирилган.

Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлимларга бўлинган ҳолда тузилган бўлиб, шу бобга доир келтирилган ҳадислар ушбу бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир, кўпинча эса бир қанча ҳадисларни  келтиради, сўнг  бу масала юзасидан бошқа уламою фақиҳларнинг фикрларини ҳам батартиб келтиради. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳиҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадисни ровийлари, санадлари ва санад ўз ичига олган иллатлари хусусида ҳам илмий тарзда ўз фикрини баён қилади. Шунингдек мазкур ҳадисни бошқа йўллар билан қилинган ривоятлари, шу масала хусусида бошқа муносиб ҳадис бўлса улар ҳақида ҳам зикр этиб ўтади.

Имом ат-Термизийнинг ҳадис илмидаги жуда  катта хизматлари, унинг ҳар томонлама такомиллаштиришдаги ва келгуси авлодларга соф ҳолда етказишдаги буюк хизматларини кўп таниқли олимлар юқори  баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан бири Абдураҳмон Ибн  Муҳаммад ал-Идрисий «ат-Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган имомлардан биридир», деб ёзса, Тақиуддин Ибн Таймия «Абу Исо ат-Термизий биринчи бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заифга тақсим қилган олимдир»,-деб гувоҳлик беради.

Ҳофиз ибн Ражаб ўзининг «Шарҳ илал ал-Жоми’» номли китобида «билгилки, имом ат-Термизий биринчилардан бўлиб ўз китобларида ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ва ғарийбга бўлганлар»,-деб алломанинг  ҳадис илмининг бу соҳадаги хизматларини алоҳида таъкидлайди. Ат-Термизий асарининг барчага-кенг оммага фойдаси ҳақида ал-Ҳофиз Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Муқаддасий (у 507-ҳижрий 1113 мелодий йилда вафот этган) «мен учун имом ат-Термизийнинг»ал-Жоми’» таснифи имом ал-Бухорий ва имом Муслим ибн ал-Ҳажжож асарларидан кўра ҳам  фойдалироқдир. Чунончи ал-Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўпинча фақат ўқимишли, зиёли кишиларгина фойдаланади. Аммо Абу Исо ат-Термизийнинг асаридан эса ҳарбир истаган киши бемалол фойдалана олади»,-деб ёзган эди.

Шу нарсани алоҳида қайд этиш зарурки, имом ат-Термизийнинг ушбу асарида ҳадис илмининг турли масалалари каби ровийлар масаласига ҳам  алоҳида эътибор берилган. Бу жиҳатдан бу асар муаллифнинг бошқа асарларидан тубдан ажралиб туради ва бу хол катта илмий ва амалий аҳамиятга моликдир.

«Ал-Жоми’» асарида имом ат-Термизий ҳадис илмининг турли масалаларига катта аҳамият берганлигига кўп олимлар юксак баҳо бериб, ғоятда қадрлаганлигини юқорида қисман кўриб ўтдик.

Шу жумладан имом ат-Термизий бамисоли имом Муслим ибн ал-Ҳажжож амалга оширган иснодлар санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, уларни бир ўринга мухтасар ҳолда жаъмлаган, ўз асарида ҳадисларни ҳархил турларга ажратиб улардан, иллатлиларини алоҳида шарҳлаб баён қилган. Шуларга биноан комил ишонч  билан айтиш мумкинки, унинг китоби ҳадис илмининг кўпдан-кўп фойдали масалаларини ўзида қамраган муҳим асардир. Шу боисдан бу асарнинг  афзал жиҳатлари ҳақида ҳадис  илмининг алломалари ва ҳофизлари юксак  баҳо берганлар. Жумладан аллома ал-Ҳофиз Абу Жаъфар ибн аз-Зубайр «Ҳадисий илмларнинг турли соҳаларида имом ат-Термизийнинг беназир хизматлари бор»,-деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, ҳадисларни ҳархил турларга ажратилгани ва уларнинг ҳар бирининг рутбаси (даражаси) баён  қилинганлиги боисидан ҳам имом ат-Термизийнинг «ал-Жоми’» асари саҳиҳ ҳадислар учун ҳам, ҳасан ҳадислар учун ҳам шунингдек иллатли ҳадислар ва улар билан боғлиқ масалалар учун ҳам муҳим бир манба вазифасини ўтайдики, бу масалалар иккала «Саҳиҳ»да ҳам, бошқа  асарларда ҳам кузатилмайди. Имом ат-Термизий асарининг шу зайлдаги бошқа асарлардан ажратиб турган яна бир жиҳат асарда муаллиф ўз мақсадини-бу ровийлар ҳақидами, ҳадисларнинг даражаси хусусидами, ҳадислардаги иллатларни баён қилишдами, фиқҳий боблардаги маънолардами-билдиришда очиқ-ойдин ва тушунарли ҳолда ифода қилади. У ўз китобида фақат энг тўғри (асаҳҳу) ҳадислар билан чегараланиб қолмайди. У саҳиҳ ва энг тўғри (асаҳҳу), ҳасан, заиъийф, солими (соғлом) иллатли ҳадисларни ҳам зикр қилади.

Имом ат-Термизий асарининг фойдали томонлари хусусида ал-Ҳоким ан-Найсобурий «ал-Мадхал ило маърифат китоб ал-иқлийл», ал-Муқаддасий «Шурут ал-аиммат ас-ситта», каби асарларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Шу билан бирга ҳадис илмининг истилохларини яратишда ҳам имом ат-Термизийнинг ҳиссаси каттадир. Ҳадис илмига доир истилоҳларни ўрганишда асосий манбалар ҳисобланган «Уълум ал-ҳадис» («Ҳадис илмлари») китобларида учрайдиган барча истилоҳлар имом ат-Термизийнинг «ал-Жоми’» асарида кенг кўламда келтирилган. Бинобарин имом ат-Термизий асари бу соҳада ҳам бир амалий қўлланма вазифасини ўтайдики, бу хилдаги кўп асарлар ҳусусида бу фикрни айтаолмаймиз. Ат-Термизийга эргашиб, унинг асаридан таъсирланиб, унинг услубига тақлид қилиб асар яратган муаллифлардан имом ад-Доруқутнийни (995 йилда вафот этган) кўрсатиш мумкин. У ўзининг улкан асари «ас-Сунан»ни яратишда айнан ат-Термизий йўлидан юриб ҳадисларни турли тоифаларга ажратиб, уларни саҳиҳ, ҳасан ва заийф даражаларига тақсимлаб келтирди. Шунингдек имом Абдулазим ал-Мунзирий (1258йилда вафот этган) ҳам «Ат-Тарғийб ват-тарҳийб»да имом ат-Термизий услубидан юриб ҳарбир ҳадис  ҳақида алоҳида фикр юритди. Унинг » Китоб ал-илал» асарида эса муаллиф ҳадис илмининг турли масалаларига доир қимматли баҳсларни жамлаганки, ундан олдин биронта ҳам олим бундай ишларни амалга оширмаган. Ҳадис илмининг ривожидаги улкан ҳиссаси учун ҳам имом ат-Термизий ва унинг муҳим асарлари олиму уламолар томонидан юксак баҳоланиб келди. Имом ат-Термизий ҳақида аллома ал-Идрисий «у-илм ал-ҳадисда иқтидо қилинадиган олимлардан бири бўлиб,у «ал-Жоми’», «Тарихлар», «ал-Илал» каби буюк асарлар тасниф этди. Ҳифзда (ёдлашда) у  ҳақида масалалар келтирадилар». Муаррих Ибн ал-Асир унинг ҳақида: «Ҳадис илмида иқтидо қилинадиган буюк олимлардан бири, у энг буюк ҳофизлардан ҳам саналади», деб ёзган.

Имом ат-Термизий ўз устози ва сафдоши имом ал-Бухорий суҳбатида бўлганда, у ат-Термизийга «Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқ», деб унинг билими ва ақл-идрокига юксак баҳо берган. Мана шу келтирилган фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, имом ат-Термизий ҳадис илмининг равнақига муносиб ҳисса қўшган буюк аллома бўлган. Шу билан бир қаторда имом ат-Термизий фаолиятига бир қадар таъна билан қараган олимлар ҳам бўлган. Уни саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар даражаси (рутбаси)ни аниқлашда бироз кўнгли бўш, илтифотли бўлган, бу шундан иборатки, баъзи бир саҳиҳ ёки ҳасан ҳадислар ушбу даражага лойиқ бўлмаса ҳам, уларни саҳиҳ  ва ҳасан деб қабул қилган дейилади. Мана шундай ат-Термизийга таъна билдирганлардан бири тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий бўлиб, у ўз асари «Мейзон ал-эътидол»да бу эътирозини билдирган.

Лекин имом ат-Термизий ижодини чуқур ўрганган қатор тадқиқотчилар аз-Заҳабий эътирозлари аксар ҳолда асоссиз эканлигини илмий, асосли ҳулосалар билан исботлаганлар. Айни вақтда имом ат-Термизийнинг ўзи ҳам ушбу асарини ёзиб тугатгач ўз даврининг етук олимлари ҳукмига ҳавола этган ва улар муҳокамасидан ўтказган. Бу ҳақда аллома шундай ҳикоя қилади: «Ушбу асаримни тасниф этгач, ал-Ҳижоз уламоларига тақдим қилдим, улар маъқулладилар, кейин Ироқ уламоларига кўрсатдим, улар ҳам маъқулладилар, кейин Хуросон уламоларига ҳам асаримни кўрсатганимда, улар ҳам маъқул топдилар».

Абу Исо ат-Термизийнинг бошқа бир муҳим асари «Аш-Шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-Шамоил фи шамоил ан-набий саллолоҳу алайҳи васаллам», «Аш-Шамоил Муҳаммадия» номлари билан ҳам  келтирилган. Асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни  ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, ушбу мавзу яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва қиммати шундаки, муаллиф имкони борича Пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига  доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан  изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Аш-шамоил ан-набавиййа» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб  қилиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шархлар ва ҳошиялар ҳам ёзилган. Улардан Абдурауф ал-Муновий ал-Мисрийнинг (вафоти 1003 ҳижрий йили) «Шарҳ уш-Шамоил», Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорийнинг (вафоти 119 ҳижрий йили) «Жамъ ул-васоил фи шарҳи аш-Шамоил», Сулаймон ибн Умар ибн Мансур ал-Жумалнинг «Ал-Мавоҳиб ал-Муҳаммадия бишарҳ аш-шамоил ат-Термизия») бу асарнинг бир қўлёзмаси Қоҳирадаги ал-Азҳар кутубхонасида 144 (ҳадис илми) рақами остида сақланмоқда, Муҳаммад ибн Жасус ал-Моликийнинг (вафоти 1182 ҳижрий йили) «Ал-Фавоид ал-жалийла ал-баҳийа ала «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадиййа» (бу асар 1927 йилда нашр қилинган) ва ниҳоят ал-Азҳарнинг собиқ шайхи Иброҳим ал-Божурийнинг (вафоти 1277 ҳижрий йили), «ал-Мавоҳиб ал-Ладуния ала аш-Шамоил ат-Термизия» каби шарҳларни кўрсатиш мумкин.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, асарнинг  тили оддий ва равон бўлиб, услуби ғоятда соддалиги билан ҳам кўпчилик асарлардан ажралиб туради. Муҳим тарихий манба сифатида «Аш-шамоил ан-набавийа» форс ва турк тилларига ҳам таржима қилинган 1248 ҳижрий йили Ҳисомиддин ан-Нақшбандия томонидан туркий тилга қилинган таржимаси араб тилини билмайдиган туркий халқлар учун ғоятда  фойдали қўлланма  бўлиб хизмат қилади.  Ат-Термизийнинг  ушбу асарига шарҳ ёзган шайҳ Иброҳим ал-Божурий: «Имом ат-Термизийнинг «Аш-шамоил ан-набавийа» китоблари ўз бобида яккаю-ягона асардир. Тартиби ва ўз ичига олган мавзулари жиҳатидан ягона бўлиб, нодир китоблар жумласидан ҳисобланур.  Унинг овозаси Мағрибу Машриққа бориб етди»,-деб  таъкидлайди. Машҳур олим Али Ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорий ўзининг юқорида зикр қилинган «Жамъ ал-васоил фи шарҳ аш-Шамоил» номли шарҳида ат-Термизийнинг ушбу асари хусусида шундай деб ёзади: «Расулуллоҳ-саллолоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари, аҳлоқлари ҳақида тасниф этилган. мусаннафотларнинг  энг чиройли ва яхшиси бу имом ат-Термизийнинг Пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобларидир. Бу китобни мутолаа қилувчи, жанобий Пайғамбарни кўргандай ва ул зотнинг ҳар бобидаги маҳосини шарифларидан баҳраманд бўлганга ўхшайди». Олдинроқ эслатиб ўтганимиздек, асарнинг ҳозир Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий томонидан бажарилган она тилимизга  қилинган мухтасар таржимаси 1990 йили имом ат-Термизийнинг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкентда қайтадан нашр қилиндики, бу  ҳол буюк муҳаддиснинг қимматли асарини ўрганишда катта аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

«Аш-Шамоил ан-набавиййа»нинг  тузилиши ва таркиби  ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мухтасар асар эллик олти бобга  бўлиниб у «бобун жоа фи халқи Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам», яъни «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг жисми каримлари ҳақида ривоят қилинган ҳадиси шарифлар боби» кабилардан ташкил топган. Умуман олганда мазмун-моҳиятига кўра асарни икки асосий қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмга мансуб ҳадислар Пайғамбар алайҳиссаломнинг суврат (ташқи қиёфа)ларига бағишланган. Буларга кўра Пайғамбаримиз новча ҳам, пакана ҳам бўлмай, балки ўрта бўйли, яғриндор, қўллари бўлали, гўштдор ва доимо жун билан қопланган, кафтлари бўлиқ, қирғийбурун, пешоналари кенг, кўзлари катта-катта бир зот бўлган.

Асарнинг иккинчи қисмида келтирилган ҳадис шарифлар эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари-ички дунёси ва аҳлоқий фазилатларини баён қилади. Бу ҳадислар билан танишар эканмиз, Муҳаммад алайҳиссалом аҳлоқий жиҳатлардан намунавий, мукаммал бир сиймо эканлигини, муомалада у зотнинг катталару кичиклар, аёллару эркаклар, бойлару камбағаллар билан ўзини бир хил муомалада тутишларини, рўзғор ва оила юмушларида ўз аёлларига астойдил  кўмаклашиб ёрдам беришларини, башарти бирор гуноҳ қилиб қўйган киши узр сўраса, унинг гуноҳларини кечирганларини, барча одамлар-катта кичик билан ўта латофат муомалада ва ғоят ширинсуҳан  бўлганларини, йўлда учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом  бериб,  самимий ҳол-аҳвол сўрашларини билиб оламиз.

Асарда бекаму кўст келтирилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мансуб юксак инсоний фазилатлари, у зотнинг гўзал хулқи мубораклари, ҳар қандай таҳсинга сазовар сифату сийратлари ҳақида тўла ва мукаммал маълумотга эга бўламизки шубҳасиз, булар ҳаммаси замонамиз аҳлини, айниқса, ёш авлоднинг маънавий ва ахлоқий тарбиясида муҳим аҳамиятга моликлиги бу беқиёс асарнинг бугунги кунда ҳам ғоятда қимматли эканлигини кўрсатади.

«Аш-Шамоил ан-набавиййа»нинг ХVI асрга оид бир ажойиб қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси кутубхонасида сақланмоқда. 1980 йилда Тошкентда мазкур диний бошқарма буюртмаси билан  «Аш-Шамоил ан-набавиййа»нинг ушбу қўлёзмаси офсет тариқасида нашр этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши Ўрта Осиё ва Қозоғистон  мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг собиқ раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон Ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Бундан ташқари «Аш-шамоил ан-набавийа»нинг айрим қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда.

Имом ат-Термизийнинг бизгача етиб келган «Ал-Илал фил-ҳадис («Ҳадислардаги иллатлар ёки нуқсонлар») номли му­ҳ­им асари ҳам бўлиб, бу асосан икки мустақил асардан ташкил топган.  Улардан бири «Ал-илал ал-Кабир» ёки «Ал-муфрад» номи билан аталиб баъзи олимларнинг фикрича ат-Термизийнинг бу асари бизгача  етиб келмаган. Гарчанд акса тадқиқотчилар ҳам шундай фикрда бўлсаларда имом ат-Термизийнинг  ҳаёти ва фаолиятига доир махсус рисола ёзган олим Нуриддин Атар (ушбу рисоланинг Байрутда 1988 йилда чоп этилган иккинчи нашрида) Туркиянинг қимматли қўлёзмаларга бой кутубхоналаридан бирида ат-Термизийнинг «Ал-Илал ал-кабир» асарининг ягона қўлёзмасини кўргани ва ундан фотонусха олиб ўз тадқиқотининг ушбу қайта нашрида фойдалангани ҳақида ёзади. Унинг ёзишича, ат-Термизий «Ал-Илал ал-кабир»ни таълиф этган пайтда уни бобларга бўлмаган ҳолда ёзган. Аммо кейинчалик бу ажойиб китоб олим Абу ал-Валид ал-Қозий томонидан тартибга келтирилиб бобларга ажратилган ва китоб охиридаги мустақил бир боб ҳадислар рижол (ровий)лари ҳақида фикр мулоҳазаларни ўз ичига қамраган.

«Ал-Илал»нинг иккинчиси «Ал-Илал ас-сағир» деб аталиб, у муаллифнинг бош асари «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ»га бевосита алоқадор бўлганлиги сабабли хотима тариқасида ушбу асарнинг охирида келтирилган. Умуман олганда арабча «илал» сўзи «иллат»нинг  кўплиги бўлиб, ўзбекча касал , бетоб, хаста, ноқис, иллатли, оғиш каби луғавий маъноларни англатади. Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, ҳадис илмида илал масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу соҳа ҳадисларда ҳар хил сабабларга кўра ровийлар томонидан содир этилган заифлик, ноаниқлик, ғалат, хато, саҳву янглишларни тадқиқ қилишдек шарафли ва ўта масъулиятли вазифа билан шуғулланади. Кўпгина муҳаддисларнинг  ҳадисларга бу жиҳатдан ҳам катта эътибор бериб, асарлар яратгани бу илмнинг  ислом таълимотида ғоятда фойдали ва муҳим аҳамият касб этганидан далолат беради. Иллатли ҳадислар хусусида имом ал-Бухорийнинг устози Али ибн Абдуллоҳ ал-Мадийний, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом ал-Бухорий, имом Муслим имом ат-Термизий, Абу Ҳотам  ва бошқалар асарлар ёзганлар. Мана  шу буюк муҳаддислар орасида ҳам имом ат-Термизийнинг илал тўғрисидаги асарлари ҳадисларнинг сиқаси (тўғрилиги, аниқлиги)ни  текширишда муҳим аҳамият касб этади.

Имом ат-Термизийнинг ўзлари «Илал» масаласи хусусида: «Бу (илал) масалада узоқ вақт фикр-мулоҳаза юритдим, бунинг боиси шундаки, биздан шу хусусда сўралганда, олдин  ўз нуқтаи назаримизни очиқ-ойдин айтмадик. Сабаби-биринчидан, биздан аввал илал масаласи хусусида сўралган бир қанча уламолар ҳам ўз фикрларини билдирмаганлар, иккинчидан баъзи муҳаддислар ўрталарида ҳадисда сиқа бўлган ровийларнинг хато, янглиш  ва ваҳмларини айтиш ғийбат бўлади, деган уламолар ҳам бор эдилар. Сўнг одамлар жамият манфаатларини ўйлаб бирқанча машҳур муҳаддислар, хусусан имом ал-Бухорий ила бир неча йиллик мулоқот бўлганидан кейин ҳамда мазкур фикрга алоқадор ривоятларни эшитгандан кейин илал масаласини ошкора қилишга жазм қилдим. На Ироқда, на Хуросонда илал, тарих ва иснодлар соҳасида имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан билимдонроқ кишини кўрмадим,-дейдилар.

                                                               Тарих фанлари доктори,
профессор
 Убайдулла Уватов

Қўшимча мутолаа учун тавсия

2018-2019 ўқув йили қабул имтиҳонлари учун консультациялар жадвали
«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан мадраса ўқитувчи ва талабаларига 200 дона Қуръони карим тақдим этилди.
Озорларга сабр қилиш ва азиятларни кўтариш

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Рамазон фазилатли ой

  • Хуш келдинг шаҳри султон!

  • Рамазон тақво ойи

  • Рамазон сабр ойи

  • Соғлом турмуш тарзига тарғиб

БЎЛИМЛАР

  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

ВЕБ САҲИФА ТАРИХИ

  • Апрель 2021
  • Март 2021
  • Февраль 2021
  • Январь 2021
  • Декабрь 2020
  • Ноябрь 2020
  • Октябрь 2020
  • Сентябрь 2020
  • Август 2020
  • Июль 2020
  • Июнь 2020
  • Май 2020
  • Апрель 2020
  • Март 2020
  • Февраль 2020
  • Январь 2020
  • Декабрь 2019
  • Ноябрь 2019
  • Октябрь 2019
  • Сентябрь 2019
  • Август 2019
  • Июль 2019
  • Июнь 2019
  • Май 2019
  • Апрель 2019
  • Март 2019
  • Февраль 2019
  • Январь 2019
  • Декабрь 2018
  • Ноябрь 2018
  • Октябрь 2018
  • Сентябрь 2018
  • Август 2018
  • Июль 2018
  • Июнь 2018
  • Май 2018
  • Апрель 2018
  • Март 2018
  • Февраль 2018

БЎЛИМЛАР

  • Бош саҳифа
  • Тузилма
  • Мутолаа
  • Талабаларга
  • Абитуриентларга
  • Илм

МУТОЛАА

  • Қуръон ва тажвид
  • Ақида
  • Фиқҳ
  • Тафсир
  • Ҳадис
  • Араб тили
  • Юртимиз алломалари
  • Ислом тарихи

АЛОҚА

Тошкент 100021, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 46-уй.

+998 71 244 48 27

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

© 2018 - 2021. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

Юқори